12 июль куни арман ва озар ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашув Озарбойжон ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси чегарасида эмас, балки ундан шимолроқда, арман-озар чегарасида содир бўлди.
“12 июль туш вақтидан бошлаб Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари артиллерия қурилмаларидан позицияларимизни ўққа тутди. Иккала томондан ҳам йўқотишлар бор”, деб маълум қилди Озарбойжон мудофаа вазирлиги.
Вазирликнинг маълумот беришича, Боку томонидан 2 ҳарбий ҳалок бўлган, 5 ҳарбий яраланган.
“Ҳозирда ушбу йўналишда жанглар давом этмоқда. Бўлинмаларимиз оператив ҳолатни назорат қилмоқда. Муносиб чоралар натижасида рақиб йўқотишга учради ва чекинди”, деб қўшиб қўйди Озарбойжон мудофаа вазирлиги вакили.
Ўз навбатида Арманистон томони Озарбойжонни чегарани бузишга уринишда айблади.
“Озарбойжон қуролли кучлари хизматчилари бизга тушунарсиз сабабларга кўра УАЗ автомобилида Товуз йўналишида давлат чегарасини бузишга уриниш амалга оширди. Арманистон томонининг огоҳлантиришидан кейин рақиб ҳарбийлари автомобилни ташлаб, ўз позицияларига қайтган”, дейилади Арманистон мудофаа вазирлиги хабарида.
Бироқ Ереваннинг таъкидлашича, шундан кейин Озарбойжон ҳарбийлари артиллерия қуролидан ўт очиб, Арманистондаги таянч пунктни эгаллаб олишга ҳаракат қилган.
“Озарбойжон томони чекиниш чоғида йўқотишларга учради, Арманистон қуролли кучларида йўқотишлар йўқ”, дейилади Арманистон мудофаа вазирлиги томонидан.
Шу тарзда эски можаро – Арманистон-Озарбойжон можароси яна бир бор бўй кўрсатди. 1992-1994 йилларда Тоғли Қорабоғ боис низо кенг миқёсдаги уруш тусини олганди. 1994 йил майида Арманистон ва Тоғли Қорабоғ республикаси бир томондан ва Озарбойжон бир томондан ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолади. Кейинги ўн йилликлар давомида даврий ҳодисаларга қарамасдан, вазият барқарорлигича қолаётганди.
Энг йирик маҳаллий тўқнашув эса 2012 йил июнда Товуз областидаги Бердаван ва Чинари қишлоқларида юз берганди. Ўшанда уч нафар арман ва бир нафар Тоғли Қорабоғ ҳарбийси, Озарбойжондан эса беш нафар аскар ҳалок бўлганди.
Низо 2016 йил апрелда яна кучайиш хавфи остида қолди. “Тўрт кунлик уруш” номини олган тўқнашувлардан сўнг Арманистон ва Озарбойжон сулҳ келишувини имзолади – келишувга Москвадаги музокараларда эришилди. Кейинчалик томонлар бир неча бор бир-бирини ўт очиш режимини бузишда айблади.









