Жаҳон | 10:26 / 13.07.2020
5332
2 дақиқада ўқилади

Аё София мақоми ўзгартирилиши сабабли Грециядагилар Туркия товарларини харид қилмасликка чақиришмоқда

Фото: EPA

Грецияда Истанбулдаги Аё София музей-ибодатхонаси масжидга айлантирилгани сабабли Туркияда ишлаб чиқарилган товарларни бойкот қилишга чақирилди. Туркия Греция маҳсулотларининг энг муҳим импортчиларидан бири ҳисобланади, бироқ шу билан бирга, у сабабли Греция мудофаа ва муҳожирларга катта маблағлар сарфлашига тўғри келмоқда.

Шу сабабли Пирея савдо-саноат палатаси президенти, тадбиркор Василис Коркидис грек тадбиркорларини Туркия билан савдога эмбарго киритишга, истеъмолчиларни эса Туркияда ишлаб чиқарилган товарларни харид қилмасликка чақирган. Бу ҳақда Naftemporiki нашри хабар берди. 

У истеъмолчилардан 868 ва 869 штрих-кодлари билан бошланувчи товарларни харид қилмасликка чақирган. 

Коркидис, шунингдек, Греция ҳукуматига Европа иттифоқига Туркияга қарши савдо санкциялари киритиш илтимоси билан мурожаат қилишни таклиф қилган. Унинг айтишича, барча Туркия товарлари бойкот қилингандан кейин акс жавоб бўлиши ва бундан Греция иқтисодиётига катта зарар етиши мумкинлигини яхши англайди.    

Таъкидланишича, Грециядан Туркияга товарлар экспорти 1,4 млрд долларга, Туркиядан Грецияга импорт ҳажми эса бир млрд долларга етади. 

Аввалроқ Туркияда Истанбулдаги Аё София музейини масжидга айлантириш қарори қабул қилинганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид