Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Махсус комиссия қарорлари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмайди» — Адлия вазири ўринбосари
Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов республика махсус комиссиясининг тузилиши ва пандемия шароитида чекловлар киритиш бўйича қарорларни қабул қилиш ваколати мамлакат Конституцияси ва қонунчилигига тўла мос келишини маълум қилди.
Музраф Икромов Республика махсус комиссиянинг тузилиши ва пандемия шароитида чекловлар киритиш бўйича қарорларни қабул қилиш ваколати мамлакат Конституцияси ва қонунчилигига тўла мос келишини маълум қилди.
«Олдиндан айтиш лозимки, коронавирусга қарши олиб борилаётган кураш мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга, Конституциямизга, қонунчилигимизга ва Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига тўла мос келади, инсон ҳуқуқларини бузмайди», деди вазир ўринбосари.
Вазир ўринбосари ушбу масалага ҳуқуқий асос сифатида бир қатор мамлакат қонунчилигидаги моддаларни келтириб ўтди.
«Биринчидан, «Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига кўра, ҳукумат ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи бўлиб, иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳаларнинг самарали фаолият кўрсатишига раҳбарлик қилишни, Ўзбекистон қонунлари, Парламент қарорлари, президент ҳужжатлари ижросини таъминлайди.
Иккинчидан, ушбу қонуннинг 11-моддасига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий соҳадаги ваколатлари сирасига, жумладан, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш киради.
Учинчидан, 25-моддага биноан, давлат ва хўжалик бошқарувининг айрим масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш, ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек унинг айрим топшириқларини бажариш учун муваққат комиссиялари ташкил этилиши мумкин.
Тўртинчидан, ҳукумат регламентига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ваколатларининг амалга оширилиши комиссиялар, кенгашлар ва бошқа идоралараро коллегиал органлар фаолияти билан ҳам таъминланади.
Бешинчидан, Вазирлар Маҳкамасида унинг ваколатларига кирадиган масалаларни кўриб чиқиш ҳукумат ташкил этадиган комиссияларнинг ҳамда бошқа идоралараро коллегиал органларнинг мажлисларида манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокида амалга оширилади.
Олтинчидан, «Аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, юқумли ва паразитар касалликларнинг пайдо бўлиш ёки тарқалиш хавфи юзага келган тақдирда Вазирлар Маҳкамаси ёки вилоят ҳокимликлари ҳам ўрнатилган тартибда тегишли ҳудудларда ёки объектларда белгиланган тартибда чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этиши мумкин.
Шу тариқа, бир вақтнинг ўзида Фуқаро муҳофазаси бошлиғи бўлган Ўзбекистон бош вазири бошчилигидаги Махсус комиссия Вазирлар Маҳкамаси ваколатларини амалга оширишни таъминлашнинг усулларидан биридир», деди Музраф Икрамов.
Шунингдек, Ўзбекистон президентининг махсус фармойишига мувофиқ, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтириш ҳамда беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга қаратилган профилактик ва эпидемиологияга қарши комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш Махсус комиссиянинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланганлиги маълум қилинди.
Ҳукуматнинг 23 мартда қабул қилинган қарори билан Комиссия томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинаётган қарорларнинг мажбурий ижро қилиниши кўрсатиб ўтилган.
«Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддасига кўра эса, ҳукуматнинг қабул қилган қарорлари ва фармойишлари Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.
Шу муносабат билан, ишонч билан айтиш мумкинки, Махсус комиссиянинг тузилиши ва унинг ваколатлилиги борасида иккиланишга ўрин йўқ, бу борадаги барча шубҳа-гумонлар бирор бир юридик асосга эга эмас», дейди Музраф Икромов.
Мавзуга оид
20:49 / 29.05.2026
Россия Ўзбекистоннинг 10 та корхонасига сабзавот ва меваларни олиб киришни тақиқлади
08:45 / 20.05.2026
Ўсимликлар карантини агентлиги директори янги вазифага ўтди
19:09 / 11.05.2026
Россияда ўзбек асаларилари ортилган юк машинаси бир ойдан бери қидирилмоқда
21:55 / 26.04.2026