Ўлиш учун келмайдиган вируслар, синовдаги дорилар ва кутилаётган иккинчи тўлқин – Нурмат Отабеков билан интервью (2-қисм)
Kun.uz Бош санитария инспектори Нурмат Отабеков билан интервью ташкил қилган ва унинг биринчи қисми кеча эълон қилинган эди. Қуйида интервьюнинг иккинчи қисми эътиборингизга ҳавола этилади.
Интервьюнинг ушбу қисмида вирусга қарши синовдан ўтаётган дорилар борасида Махсус комиссияга маълум энг ишончли хабарлар, пандемиянинг кутилаётган иккинчи жиддий тўлқини ва унга қарши Ўзбекистоннинг қай даражада тайёр эканлиги борасида сўз боради.
– Республика Махсус комиссияси қарори билан Ўзбекистондаги талабалар турар жойлари карантинда сақлаш жойларига айлантирилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Шу ҳақда маълумот бера оласизми?
– Карантин ҳудудлари деганда нима назарда тутилади? Ҳозир республикада 80 мингга яқин одам кузатув остида. Булар уй ва стационар шароитда қамраб олинган. Асосий мақсад нима? Карантинга олинганларнинг сони доим кўп бўлиши керак. Нима учун бундай йўл тутилади? Бирон бемор бирон жамоада қайд этилган бўлса, шу жамоада бемор билан мулоқотда бўлганларнинг барчаси кузатув остига олиниши керак. Бу эпидемиологиянинг асосий қонунларидан бири. Касаллик манбаини жиловлаш керак бўлади. Касалликнинг тарқалганлик даражасини аниқлаш учун бемор билан мулоқотда бўлди деб гумон қилинган аҳоли кузатувга олинади. Ҳар куни республика ҳудудига хориждан ҳамюртлар, ҳар куни мингдан ошиқ фуқаро кириб келяпти. Булар ҳали бемор эмас, аммо уларнинг орасида касалликка чалинганлар бўлиши аниқ. Шундай экан, республика комиссияси баённомасида берилган топшириқ ҳар эҳтимолга қарши, карантинга жойлаштириш, кузатув остига олиш керак бўлган аҳоли қатлами кескин ортиб кетган тақдирда, кузатувни уюшган ҳолда стационар шароитида ташкил этиш учун захира ўринларини коллеж, лицей, олий ўқув юртлари ҳисобидан тайёрлаб қўйиш бўйича кўрсатма берилган. Ҳозирча бунга эҳтиёж йўқ. Лекин мабодо вазият шу тарзда кетиб, кузатув остига олинган аҳоли сони кескин ортиб кетадиган бўлса, у ҳолда, буларга эҳтиёж бўлади.
У ерда даволаш ишлари амалга оширилмайди. Карантинга қўйилганларнинг тана ҳарорати ўлчанади, улардан намуналар олинади, лабораторияларда текширилади, 10 кун давомида кузатилади. 10 кун давомида уларда касаллик белгилари бўлмаса, лаборатория хулосалари манфий бўлса, ўша куннинг ўзида улар карантин ҳудудидан чиқарилади.
Кўриниб турибдики, касалликка гумон қилинганларни ёки касаллик бўйича нохуш жойлардан келганларни уюшган ҳолатда кузатув остига олиш мақсадидагина бу ишни қиляпмиз. Бу ўзини оқлаган усул. Балки ётоқхоналардан бу мақсадда фойдаланишга эҳтиёж бўлмас. Лекин халқимизда бир гап бор: “Қишнинг ғамини ёзда ейишимиз керак”. Негаки вазият мураккаблашгандан кейингина бу ишга қўл урилса, шошиб қолишимиз мумкин. Албатта, айнан қийин ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бу тайёргарликни кўриб қўйишимиз керак бўлади. Назаримда, бу энг мақбул йўл.
– Дунёнинг йирик ахборот сайтлари ва ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекциясини даволашда фойдали, дея баҳоланаётган дорилар ёки уларнинг синови тўғрисида турли хабарлар эълон қилинмоқда. Бу борада чиқаётган ҳар бир хабар бизга вируснинг давоси бор деган умид уйғотяпти.
Хўш, Махсус комиссияга бу борада қандай расмий хабарлар маълум?
– Коронавирус билан салкам 10 ойдан бери курашиб келяпмиз. Фикримча, бундан буёғига ҳам бу каби хабарлар кўпайиб боради. Изланишлар олиб бораётган нуфузли институтлар, олимлар гуруҳлари натижалар олишни бошлайди. Ҳар хил интернет манбалари, ҳар бир чиқиш ҳақида фикрим ижобий эмас. Мисол, бугун тонгда пневмония коронавирус асорати эмас, бошқа қўзғатувчи билан чақирилган касаллик, деган хабар тарқалди. Лекин кечга яқин бу асоссиз эканлиги, беморлар коронавирус берган асоратлардан азият чекаётгани, янги қўзғатувчи эмаслиги ҳақида хабар берилди. Яна бир мисол, иккинчи, учинчи тўлқинлар ҳақида гапириляпти, Қозоғистонга келган россиялик олимлар эса ҳали биринчи тўлқинни эплаб ололмаётганимизни айтишяпти.
Катта ахборот оқими бўлган замонда ҳамманинг гапига қулоқ соладиган бўлсак, вазиятнинг бош-оёғини топа олмай қоламиз. Асосий фикримиз фақатгина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига асосланиши керак.
Вакцина ишлаб чиқилиб, клиник синовлардан ўтса ва самарадорлиги тан олинса, ЖССТ уни тан олиб, амалиётда қўллашга рухсат беради.
Янги дори воситалари ҳам самарадорлиги исботланиб, ЖССТ тан олса, улар даволаш протоколларига киритилади ва бизнинг амалиётимизга ҳам кириб келади. Шундай экан, Ўзбекистондаги даволаш усулларини бошқа давлатлардаги даволаш усуллари билан солиштирадиган бўлсак, жуда катта фарқлар бор. Ҳозир ҳар бир давлат ўз тажрибасидан келиб чиқяпти. Ўзбекистонда ушбу касалликдан ўлим кўрсаткичи 0,4 фоизми, демак, Ўзбекистонда қўлланилаётган даволаш стандартлари, менимча, Италия, Испания, АҚШ ёки бошқа давлатларнинг даволаш стандартларидан кўра яхшироқ. Негаки уларда ўлим кўрсаткичи 15-17 фоизга етган пайтда, бизда бу кўрсаткич 0,4 фоиз. Ҳар бир давлат ўзининг вирусли касалликлар билан кураши асосидаги кузатувлари асосида стандартларини ишлаб чиқяпти.
Бизнинг энг катта ютуғимиз – беморларни тезда даволаяпмиз. Европа давлатларига ўхшаб фақат энг оғир беморларни даволаш ёки кимни қутқара олсанг, фақатгина уни давола деган кўрсатма бизда бўлмаяпти. Касалликка чалинганларни шифохонага эрта ётқизиб, буёғига амбулатория шароитида эрта даволашни бошласак, ҳали клиник белгилар пайдо бўлмасдан давони бошласак, албатта, самара бўлади.
Кўп давлатлар ҳозиргача катта миқдорда ишлатиб келган препаратлардан фойдаланишни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тўхтатишни тавсия қилди. Кўриниб турибдики, биз ҳали изланишдамиз. Бир тўхтамга келиб, самара исботланганидан кейин ЖССТ ўз баённомаларини беради.
– Кўпчилик олимлар кузга бориб вируснинг иккинчи жиддий тўлқини кўтарилишини тахмин қилишяпти. Ўзбекистон бу тўлқинга қанчалик тайёр?
– Ўзбекистонда пандемия борасида катта тажриба орттирилди. Баъзилар кун исиганда касаллик камаяди, дейишганди, лекин бундай бўлгани йўқ. Намлик юқори бўлган фаслларда вазият яна мураккаблашиши ҳам мумкин.
Вирус қуруқ ва иссиқ ҳавода ўлади. Вирус ҳужайра ичида яшайдиган паразит. Ҳужайра қуриб қолдими, ичидаги вирус ҳам ўлади. Иссиқ, қуруқ ҳаво вирусни ўлдириши аниқ. Буни исботлаб ўтириш, ким биландир баҳслашишнинг кераги ҳам йўқ. Лекин бизда мана шундай иссиқ бўла туриб касалликнинг авж олиб кетишига бошқа сабаблар бўляпти. Биз вирусни қўлма-қўл қиляпмиз. Мулоқотимиз шу даражада кўпайиб кетдики, вирусни бир-биримизга қўлма-қўл қилиб узатяпмиз, юқтиряпмиз. Вируснинг кўчага чиқиб, қуруқ ва иссиқда ўлиши учун шароит қилиш керак.
Ташқаридан вирусни қидирсак, топмаслигимиз мумкин. Лекин ёпиқ бинолар, одамлар кўп мулоқот қиладиган жойлар – жамоат транспортидан тортиб, савдо мажмуаларигача – бу ерларда одамлар мулоқотни ҳаддан ташқари кўпайтиришяпти. Бизда эпидемияга қарши карантин тадбирларига риоя этиш бўлмагани учун ҳам вазият издан чиқяпти. Вирус ташқи муҳитда ҳам узоқ вақт сақланиши мумкин бўлган нам ҳаво ҳукм сура бошласа, вазият бундан ҳам жиддий бўлиши мумкин.
Масалан, касалликнинг ҳозирги тарқалиш темпида об-ҳаво салқин келиб, намлик юқори бўлганда, ҳозирги касалланиш кўрсаткичи бир неча баравар юқори бўлиши мумкин эди. Ҳали ҳам табиат бизга ёрдам беряпти. Кузга қадар аҳолининг ўзида вирусдан ҳимояланиш уқувини шакллантирамиз, ижтимоий иммунитет пайдо бўлади.
Эпидемиологияда бир қонун бор – касалликнинг ўчоғида бўлсак, касалликни юқтирмаган бўлсак ҳам унга қарши иммунитет ҳосил бўлади. Биз ўша виирусни оламиз. Вирус – антиген организмга тушдими, организм унга муносабат билдиради, унга қарши антитаначалар ишлаб чиқаради. Иммун тизимининг жавоб реакцияси хотирада муҳрланади. Маълум вақт ўтгач, бу вирус яна тушса, тана уни оддий респиратор касалликдек қабул қилади. Грипп, реновирус, парагрипплар билан бирга яшагандек, коронавирус билан ҳам бирга яшашимиз керак бўлади.
Яна бир жиҳат, вируслар ҳеч қачон ўзи учун боши берк кўча танламайди. У юққан одам ҳаётдан кўз юмса, вируснинг ўзи ҳам ўлади. Демак, вирусга бу нарса керак эмас, у наслини давом эттириши керак. Бунинг учун одам унинг борлиги билмаслиги, сезмаслиги керак, шунда вирус танада хотиржам яшай олади. Қачонки одам вирус организмга тушганини билиб, унга қарши кураша бошлар экан, вирусга бунинг кераги йўқ. Табиатда ўзини сақлаш инстинкти атамаси бор. Биз ҳам маълум муддатдан кейин бу вирус билан яшашга мослашамиз.
Эпидемиологияда “юқумли касалликлар қолиш учун келади”, деган гап бор. Вирус қаердан кириб келганидан қатъий назар, қолиш учун келган. Биз вирус бор муҳитда яшаш, шунда ҳам касалликка чалинмасдан қола билиш иқтидорини ўзимизда шакллантира олишимиз керак.
Илёс Сафаров суҳбатлашди
Мавзуга оид
18:52 / 19.09.2024
Коронавируснинг янги штамми Ўзбекистонда аниқланмади — ССВ
16:06 / 07.06.2024
"Саратон ва бошқа жиддий касалликлар боғчадаги сифатсиз таомланишдан келиб чиқмоқда" - мутахассис билан суҳбат
14:59 / 05.06.2024
“Болаларга чириган картошка едиришмоқда” – Нурмат Отабеков
18:11 / 13.12.2023