Ўзбекистон | 14:52 / 13.07.2020
11298
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда таксилар куннинг муайян вақтида ҳаракатланиши белгиланди

Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Самарқанд вилоят махсус комиссиясининг қарорига кўра йўналишсиз таксиларга йўловчи ташишга махсус талаблар асосидагина рухсат берилиши белгиланди.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси ҳаракатланишига фақатгина куннинг муайян вақтида (07:00дан – 10:00гача, 17:00дан – 20:00гача) тегишли ҳудуд доирасида рухсат берилади.

Бунда:

  • йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндигидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши керак;
  • ҳайдовчи ва йўловчи тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади) лозим;
  • фақатгина икки нафар йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши керак;
  • автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган ҳудуд доирасида ҳаракатланиши шарт.

Шу билан биргаликда, жорий йил 18–19 июль ҳамда 25–26 июль (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, шунингдек, автотранспорт воситаларининг, (махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар бундан мустасно) шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.

Мавзуга оид