Жаҳон | 15:29 / 13.07.2020
44725
2 дақиқада ўқилади

Туркманистонда ниқоб тақиб юриш мажбурий қилинди, бозорлар ва савдо марказлари ёпилди

Туркманистонда 13 июлдан мажбурий ниқоб тақиб юриш режимига ўтилди. Пойтахт Ашхободда йирик «Барқарор» савдо-кўнгилочар мажмуаси ва «Толкучка» бозори карантинга ёпиб қўйилди.

Turkmen.news нашри манбасига кўра, Ашхободда ялтировчи маёқларини ёқиб юрган йўл полицияси автомобили кезиб юрибди ва баланд овозда одамлар уйдан кўчага ниқоб тақиб чиқиш кераклиги ҳақида огоҳлантирилмоқда.

ДАН постларида, шаҳарга кириш қисмида автомашиналар тўхтатилиб, ҳайдовчи ва йўловчиларда тиббий ниқоб бор-йўқлиги текширилмоқда. Агар ниқоб бўлмаса, полициячилардан 1 манатдан сотиб олиш таклиф этилмоқда.

Туркманбошида эса шаҳарга кириб келаётганларга ниқоблар текин тарқатилмоқда. Муҳими ҳар бир ҳайдовчида ниқоб бўлиши.

Манбаларнинг сўзларига кўра, мамлакатнинг турли ҳудудларидаги дорихоналарнинг кўпчилигида антисептик воситалари камёб маҳсулотга айланган, боз устига уларнинг нархи ҳам ошган. Ниқоблар ҳам топилмаяпти, шунинг учун тикувчилар кўп марталик ниқоблар тикишга ўтиб кетишган. Бундай ниқобларнинг нархи талаб ва сифат нуқтайи назаридан 3 манатдан 15 манатгача баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Туркманистонда коронавирус билан боғлиқ вазиятни баҳолаш учун ЖССТ миссияси иш олиб бормоқда. Бугунгача вирус юқтирган беморларнинг борлиги ёки йўқлиги ҳақида бирор баёнот берилгани йўқ. Эҳтимолли Covid-19’дан вафот этган беморларнинг барчасига битта ташхис қўйилмоқда – зотилжам (пневмония).

Мавзуга оид