Ўзбекистон | 15:58 / 14.07.2020
24088
7 дақиқада ўқилади

«Карантин кучайтирилмаса Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар сони декабргача 64 мингга етиши мумкин эди» – Обид Ҳакимов

​​​​​​​10 июлдан бошлаб Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши карантин чоралари яна қатъийлаштирилди. Чеклов чораларини қайтариш, аввалгидек бўлмаса ҳам иқтисодиёт ва аҳоли даромадларига салбий таъсир кўрсатиши аниқ. Хўш, бу чоралардан қандай самара кўзланмоқда?

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов карантин чораларининг қайтарилиш сабаблари, Ўзбекистоннинг пандемия даврида олиб бораётган сиёсати ва вазиятнинг ривожланиш прогнозлари ҳақидаги фикрларини билдирди.

— Чеклов чораларининг ҳозирги босқичи объектив равишда аввалгиси билан солиштириб бўлмайди. Чеклов чоралари асосан хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш соҳалари, яъни одамларнинг оммавий тўпланиши билан боғлиқ бўлган тармоқларга тегишли. Aмалдаги чора-тадбирлар вирус тарқалишини секинлаштиришга қаратилган. Бир вақтнинг ўзида камроқ одам юқтирса, ўта оғир беморларни даволаш осонроқ бўлади. Энг самарали восита – вақт омилидир.

Иқтисодиётда кенг кўламли тўхтатиб туриш тўғри келмайди. Иқтисодий фаолиятнинг умумий пасайишини кутмаслик керак. Aксинча, сентябрь ойига қадар тўхтатиб қўйилган корхоналарнинг камида 70 фоизи, йил охирига бориб эса ушбу корхоналарнинг барчасини ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Ҳукумат топшириғи бўйича Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази чеклов чоралари тўлиқ олиб ташлаганидан кейин юзага келиши мумкин бўлган вазиятни ривожлантириш учун янги сценарийларни, шу жумладан, 2021 йилгача касалликнинг такрорланиш тўлқинларининг юқори эҳтимолликдаги прогнозларини қисқа муддатларда ишлаб чиқмоқда. Бу бизнинг прогнозимизда ўз аксини топган.

Пандемия яқин орада сусаймайди ва иқтисодий фаолият эпидемиологик вазиятга қараб олиб борилади. Aйтишим мумкинки, агар эпидемиянинг янги тўлқини бошлангани сабабли карантин чоралари кучайтирилмаса, Марказимизнинг прогнозларига кўра, жорий йилнинг декабрь ойига қадар коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони деярли 64 минг беморга етиши мумкин эди. Шу билан бирга, ушбу беморларни парвариш қилиш учун қўшимча 3,6 трлн сўм маблағ керак бўлади.

Бугунги кунга қадар коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш харажатлари (тестлар, дорилар, ҳимоя воситалари, тиббиёт ходимларига тўланадиган тўловлар) учун 750 млрд сўмга яқин маблағ сарфланган. Кўриб турганингиздек, бу мамлакат бюджетига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Марказ илмий ходимлари мазкур сценарийни инқироз ривожланишининг кўриб чиқилаётган чоралар орасида энг мақбули, деб ҳисоблашади.

Карантин чораларини кучайтириш самарасини эса 15-20 кун ичида баҳолашимиз мумкин бўлади. Ҳаммаси бу бизнинг ушбу чораларга қанчалик риоя қилишимизга боғлиқ. Aлбатта, иқтисодиёт янги хавф-хатарларга мослашиши керак ва айни пайтда иқтисодиёт соҳалари касал фуқаролар сонига қараб очилиши ёки ёпилиши мумкин.

— Чеклов чораларини пайтида ижтимоий заиф гуруҳларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар мавжудми?

— Ҳа, мавжуд. Республика комиссиясининг қарори билан 20 кунлик карантин даврида 120 минг ижтимоий муҳофазага муҳтож оилани бепул озиқ-овқат, дори-дармон ва бирламчи маҳсулотлар билан таъминлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мақсадли тақсимлаш ва молиявий ёрдам кўрсатиш учун ҳомийлик, хайрияни мувофиқлаштириш ва кўнгиллилар марказлари ташкил этилади.

Ёлғиз кекса одамлар, кам таъминланган, кўп болали оилалар, оғир касаллар, икки ёки ундан ортиқ болани тарбиялаётган бева аёллар, ота-оналари ногиронлар ва етимларни тарбиялаётган оилаларга ёрдам кўрсатилади. Отаси ё онаси, ёки бўлмаса иккаласи ҳам ишсиз бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлган, аммо пандемия сабабли вақтинча даромадларидан маҳрум бўлган оилаларга ёрдам кўрсатилади.

— Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан коронавирус пандемиясининг халқимиз ҳаётига таъсири борасида бир қатор тадқиқотлар олиб борилмоқда. Улар ҳақида ҳам батафсил маълумот берсангиз.

— Жорий йилнинг июль ойи бошларида Марказ Жаҳон банки билан ҳамкорликда «Ўзбекистон фуқароларини тинглаш» (L2CU) лойиҳаси доирасида Covid-19’нинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари бўйича кенг кўламли тадқиқот ўтказди.

Ушбу тадқиқотга кўра, ҳукуматнинг инқирозга қарши чоралар натижасида апрель-май ойларида ишидан айрилган ўзбекистонликлар сони 19 фоиздан 12 фоизга камайган. Шундай қилиб, бу даврда фуқароларнинг бандлик даражаси 43 фоиздан 58 фоизга ошди. Май ойида озиқ-овқат таъминотидаги узилишлар ҳақидаги мурожаатлар сони тахминан 6 фоизга тушди.

Июнь ойида озиқ-овқат танқислиги бўйича янги фактлар кузатилмади ва деярли 4 миллион аҳоли фавқулодда ёрдам сифатида озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилди. Респондентларнинг катта қисми ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ва фуқаролар билан очиқ мулоқотни қўллаб-қувватламоқда.

Марказ томонидан БМТнинг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ўтказилган пандемия шароитида ҳамда давлат томонидан қўлланадиган профилактик чора-тадбирлар кичик ва ўрта корхоналарга таъсири бўйича корхоналар кесимида ўтказилган сўровномалар асосидаги тадқиқотлари шуни кўрсатдики, корхоналарнинг аксарияти (78 фоизи) пандемия билан боғлиқ чеклов чоралари доирасида бизнесни давом эттирмоқда.

Марказимиз томонидан юритилаётган яна бир индекс — июнь ойидаги ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойга нисбатан ўртача ўсишни кўрсатди. Ўтган ойда бўлгани каби иқтисодиётда ҳам ишбилармонлик фаоллиги тикланишда давом этаётганидан далолат бермоқда.

Шунингдек, биз жорий қилинган карантин ва чеклов чоралари доирасидаги ишбилармонлик муҳити ҳолатини ўрганиб чиқдик. Ушбу сўровда мамлакатнинг барча ҳудудларидан қарийб 1000та корхона иштирок этди. Корхоналарнинг 76 фоизи ўз бизнеси истиқболларини «яхшиланади», 20 фоизи «ўзгармайди» ва фақат 4 фоизи «ёмонлашади» деб баҳолаган. Сўровнинг учинчи даври шуни кўрсатдики, кўпчилик респондентларнинг фикрига кўра, яқин 2–3 ой ичида мамлакат иқтисодиёти жадал ривожланишни бошдан кечиради.

Ўтказилган барча тадқиқотлар натижаларига кўра шуни айтиш мумкинки, кўрилган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиётимиз пандемия каби кризис ҳолатларига (бир ой ичида кескин пасайиш кузатилган) етарли даражада барқарорлигини намоён қилди ва иқтисодиётда тикланиш жараёнлари жуда фаол амалга ошмоқда. Бу эса чекловларнинг вақтинча кучайиши тикланаётган ўсишни тўхтатмаслигини англатади.

Халқаро ташкилотларнинг прогнозларига кўра, кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон Республикаси пандемиянинг салбий оқибатлари иқтисодиётдаги пасайиш билан эмас, балки фақат иқтисодий ўсиш суръатларининг 1,5 фоиз даражада сақланиб қолиши билан тавсифланадиган кичик сондаги мамлакатлар гуруҳига киради, бу кўрсаткич эса бошқа давлатларникига қараганда анча юқори.

Мавзуга оид