Жаҳон | 01:25 / 14.07.2020
3840
1 дақиқада ўқилади

Польшанинг амалдаги президенти иккинчи муддатга сайланди

Польшанинг амалдаги президенти Анжей Дуда иккинчи муддатга сайланди. Бу ҳақда президент сайловларидаги барча овоз бериш бюллетенлари қўлдан ўтказилгандан кейин Давлат сайлов комиссияси маълум қилди. 

Фото: EPA-EFE/Leszek Szymanski

Якуний рақамлар Дуданинг сайловларнинг 2-босқичида 51,03 овоз билан ғалаба қозонганини тасдиқлаган. Унинг Польшадаги энг йирик мухолиф партия “Фуқаролик платформаси”дан бўлган рақиби - Варшава мэри Рафал Тшасковский учун 48,97 фоиз овоз берилган.

Комиссия раҳбари Сильвестр Марчинякнинг матбуот анжуманда маълум қилишича, Дуда учун 10 млн 440 минг 648 нафар, Тшасковскийга эса 10 млн 18 минг 263 нафар польшалик ўз овозини берган. 

Сайловчиларнинг иштироки 68,18 фоизни ташкил қилган. Марчинякнинг таъкидлашича, сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 30 млн польшаликдан 20 млндан кўпроғи иштирок этган. 

Польшада президент сайловлари ҳар беш йилда ўтказилади. Бир киши президент лавозимини қаторасига 2 мартадан кўпроқ эгаллай олмайди. Дуда 2015 йилдаги сайловларда ғалаба қозонгач, президент курсисини эгаллаганди. 

Бунгача президент лавозимини қаторасига 2 муддат эгаллашга Александер Квасьневский муваффақ бўлган. У мамлакатни 1995-2005 йиллар давомида бошқарган. 

 

Мавзуга оид