Жаҳон | 17:26 / 14.07.2020
8878
2 дақиқада ўқилади

Украина ташқи ишлар вазири Саакашвилидан шикоят қилди

Фото: Reuters

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ислоҳотлар бўйича миллий кенгаш ижроия қўмитаси раҳбари Михаил Саакашвилининг Грузияга нисбатан ҳар бир баёнотидан сўнг мамлакат қийин аҳволда қолаётганлигини айтди.

"Мамлакатни ифода этишга ҳаққи йўқ, аммо сайловлар арафасида Грузиядаги вазиятни фаол изоҳлайдиган Украина фуқароси бор. Бу фуқаронинг исми - Михаил Саакашвили. Унинг ҳар бир баёноти Украина элчисининг Грузия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиши ва унга норозилик билдирилиши билан тугамоқда. Хусусий шахс чиқиш қиляпти, давлат эса, кечирасизлар-у, терлаяпти", - деди Кулеба.

У Украина Грузия билан икки томонлама муносабатларнинг барқарорлашига умид қилаётганини айтди.

"Ҳар қандай якка шахснинг баёнотлари халқларимиз ёки мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни бузмаслигига ишончим комил", - деб қўшиб қўйди Кулеба.

 Саакашвили аввалроқ Facebook саҳифасида Грузия ҳукуматининг қонунийлигини тан олмаслигини ёзганди. У шунингдек, Грузияда октябрь охирида бўлиб ўтадиган парламент сайловларида "олдинги чизиқда" бўлишини қўшимча қилган. Шундан сўнг Грузия ҳукумати Киевдан Саакашвилининг баёноти бўйича изоҳ талаб қилди.

Грузиянинг собиқ президенти Саакашвили мамлакатни 2013 йилда тарк этган, унга нисбатан қатор жиноят ишлари қўзғатилган. 2015 йилда у Украина сиёсатига кириб келган. Шу йилнинг май ойида Саакашвили Украинанинг ислоҳотлар бўйича миллий кенгаш ижроия қўмитаси раҳбари этиб тайинланган.

Мавзуга оид