Хорижликларнинг ўзбек тилини ўрганишига мўлжалланган дарслик ишлаб чиқилди
Ўзбекистонда чет элликлар учун ўзбек тилини ўрганиш имконини берувчи дарслик ишлаб чиқилди. «Ўзбекона» номли дарсликни чоп этиш анча вақтдан буён долзарб бўлган ва ечимини кутаётган масала ечимига қаратилган бўлиб, ўзбек тилини хорижий тил сифатида ўқитиш бўйича кам сонли қўлланмалар сафини тўлдирмоқда.
Дарслик Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети докторанти Гулрухсор Ергашева ва Ўзбек тили факултети талабаларининг «МЎТУЛ» жамоаси томонидан ишлаб чиқилган.
Муаллифга педагогика фанлари номзоди, доцент Саодат Aдилова илмий раҳбарлик қилган.
Университет матбуот хизмати раҳбари Маҳлиё Тўрабоеванинг Kun.uz’га маълум қилишича, «Ўзбекона» дарслиги хорижий тилни эгаллашнинг умумевропа компетенциялари тизимига асосан A1 – бошланғич даражани эгаллаш имконини беради.
Дарслик 9та бўлим, 3та назорат блоки, аудиолар ва қўшимча материаллар каби қисмлардан иборат.
«Китобда шу пайтгача мавжуд қўлланма ва электрон ресурслардан фарқли равишда мавзулар тизимли ва изчил ёритилган, воситачи тилдан фойдаланилмаган. Буларнинг барчаси ўрганувчининг тил муҳитига тезроқ кириб боришини таъминлайди. Шу билан бирга, машқларнинг вариативлиги таъминланган, «оддийдан мураккабга» методик принципига амал қилинган.
Ҳар бир саҳифа, ҳар бир машқда миллийликни акс эттиришга ҳаракат қилинган ва умуминсоний қадриятлар сингдирилган.
Дарсликда таклиф этилаётган аудио материаллар соф аутентик эмас, балки ўқув-аутентик материал ҳисобланади. Зеро, A1 даража учун айнан шу турдаги аутентик материалдан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир», – дейди у.
Айтилишича, китоб хорижий тил ўқитишнинг ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш, гапириш, ёзиш кўникмаларини тўлақонли қамраб олган.
У орқали тилни ўқитувчи билан ҳам, мустақил ўрганиш учун ҳам кенг имкониятлар яратилган. Масалан, ҳар бир бўлим мантиқий кетма-кетликда берилган 5 қисмдан иборат.
Ўрганувчи расмлар орқали ҳам янги мавзуни, машқ-топшириқни бажариш йўлини тушуна олади. Дарслик сўнгида синов материаллари, аудиолар, сўзлашиш учун ҳар бир мавзуга тегишли саволлар ҳамда луғатнинг мавжудлиги тил ўрганувчига кўплаб қулайликлар яратади.
Қўлланма дизайнида ҳар бир саҳифанинг тил ўрганувчида ўзбек тили ва маданияти ҳақида муайян таассурот қолдиришига эътибор қаратилган.
Мавзуга оид
14:50 / 23.10.2024
Мисрда инглиз тилидаги илк Ўзбек тили грамматикаси дарслиги яратилди
21:43 / 22.10.2024
“Ўзимиз ўзбек тилини яхши билмаймиз” – фаоллар давлат тили мавқейи ҳақида нима дейди?
17:58 / 21.10.2024
“Тил – ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан масала” — Шавкат Мирзиёев
12:48 / 21.10.2024