Жаҳон | 07:35 / 15.07.2020
7283
2 дақиқада ўқилади

АҚШ конгресси рухсатисиз Трампга Эронга қарши ҳарбий куч ишлатишни тақиқловчи қонун лойиҳаси маъқулланди

АҚШ конгресси вакиллар палатасининг маблағлар бўйича қўмитаси 2021 молиявий йил учун ҳарбий бюджетга тузатмани маъқуллади. Унга кўра, америкалик конгрессменлар рухсатисиз Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни молиялаштириш тақиқланади.

Тузатмани 30 конгрессмен қўллаб-қувватлаган, 22 нафари қарши чиққан. У АҚШ президенти Дональд Трампни Эронга қарши уруш бошлаш ҳуқуқидан маҳрум этишга қаратилган. 

Шу билан бирга конгресснинг Оқ уй раҳбарига ҳарбий куч ишлатишга берган рухсатларини қайтариб олувчи яна иккита тузатма маъқулланган. Бу рухсатлар АҚШ президентига 2001 ва 2002 йилларда тақдим қилинган. 

Бу рухсатлардан биринчиси АҚШ президентига 2001 йил 11 сентябрдаги терактларга жавобгар террорчиларга қарши ҳарбий куч қўллашга имкон беради. Бироқ аслида Вашингтон бу рухсатга таяниб, дунёнинг турли давлатларида радикалларга қарши операциялар олиб борган ва олиб бормоқда.

Иккинчи рухсат Ироқдаги террорчиларга қарши куч қўллаш имконини берган. АҚШ маъмурияти Эроннинг “Ал-Қудс” махсус кучлари қўмондони Қосим Сулаймонийга қарши операцияни амалга оширишда айнан шу рухсатга таянган. 

Бироқ қонун лойиҳаси дастлаб вакиллар палатасида, сўнгра сенатда маъқулланиши лозим. Шундан кейингина у президентга имзолаш учун берилади.

7 май куни АҚШ конгресси сенати Дональд Трамп томонидан қонун чиқарувчилар рухсатисиз унга Эронга қарши куч қўллашини чекловчи резолюцияга қўйилган тақиқловни енгиб ўта олмаганди. Оқ уй раҳбари бу резолюцияни ҳақоратомуз деб атаган.

Мавзуга оид