Ўзбекистон | 21:00 / 15.07.2020
84626
7 дақиқада ўқилади

Гулистонда ИИБ ходимлари судьяга куч ишлатди. ИИВ вазиятга изоҳ берди

14 июль куни интернетда Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрига киришда жойлашган блокпостда ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан судьяга куч ишлатилгани ҳақида тарқалган хабарлар муҳокамалар марказида бўлмоқда.

Шу куни Олий суд матбуот хизмати Сирдарёдаги ҳолатни тасдиқлади. Матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов ЎзА мухбирига ҳодиса тафсилотларини маълум қилган.

Унга кўра, 13 июль куни Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси Алишер Эргашев ўзининг бошқарувидаги «Нексия» русумли автомашинасида доимий яшаш жойидан иш жойига келиш мақсадида Гулистон шаҳар ҳудудига киришда ўрнатилган «карантин блокпости» йўналишида ҳосил бўлган тирбандликда тахминан 8:40 дан 09:35гача бўлган вақт оралиғида кутиб турган. Лекин у ишга бориши шарт бўлгани учун блокпост томон ҳаракатланган. Шунда ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари «вилоят ҳокими келаётганлиги сабабли» шаҳар ҳудудига киритиш умуман тақиқланганини айтишган.

«А.Эргашев ўзининг судья эканини маълум қилиб, уларга ўзини таништириб, хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, ишга кетаётганини билдириб, ўтказиб юборишни илтимос қилганида, блокпостдаги ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари судьяга нисбатан қўпол муомалада бўлиб, унинг автомашинасини қўли билан уриб, тезроқ бу жойдан бошқа йўналишга қараб ҳаракатланишни талаб қилишган.

Шунда А.Эргашев шаҳар ҳудудига ишга бориш учун киришини билдирганига қарамасдан, унга 3-4 ходим куч ишлатиб, автомашинасидан мажбуран тушириб, уни четга олиб ўтиб, унинг шахси, судьялик лавозими ва қадр-қимматини ҳақорат қилиб, унга тан жароҳати етказган ҳамда судьянинг шахсий мулки ҳисобланган автомашинани эса нотаниш ИИБ ходими бошқариб, воқеа жойидан 250-300 метр жойга йўлнинг четига олиб бориб, очиқ ҳолда ташлаб кетган.

А.Эргашев вилоят судига келиб, соғлиғи ёмонлашаётгани сабабли тез тиббий ёрдам чақиртирган. Тез тиббий ёрдам ходимлари келиб А.Эргашевнинг танасидаги жароҳатларни кўздан кечирган ва унинг қон босими кўтарилганини айтиб, зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Кейин у тез тиббий ёрдам автомашинасида вилоят шифохонасининг Шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб кетилган.

Тиббий муассасанинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга берган маълумотига асосан ҳамда Гулистон шаҳар прокуратураси терговчисининг судга оид тиббий экспертиза тайинлаш ҳақидаги қарорига асосан А.Эргашевнинг олган тан жароҳатлари даражасини аниқлаш учун экспертиза тайинланган», дейилади хабарда.

Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасида А.Эргашевда чап қўл елка бўғими, чап оёқ тизза бўғими олд соҳалари қонталашлари, бош чап томон чакка-тепа, чап қўл билак кафт бўғими, кўкрак умуртқалари соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши каби жароҳатлар аниқланган. Ушбу жароҳатлар оғирлик даражасига кўра, енгил шикаст тоифасига кириши кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Сирдарё вилоят прокуратураси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айни вақтда Судьялар олий кенгаши судьяга тан жароҳати етказилгани ҳолати бўйича хизмат текшируви ўтказмоқда.

Бугун, 15 июль куни Ички ишлар вазирлиги Гулистондаги воқеа юзасидан муносабат билдириб, бу ҳолатда судья тез ёрдам машинасига йўл бермаганини маълум қилиб, воқеа тасвирланган видеотасвирни эълон қилди.

ИИВнинг Telegram’даги расмий каналида эълон қилинган видеода ҳайдовчи калтаклангани тасвирлари йўқ, ҳайдовчи шаҳарга киришга қўйилган тўсиқни олишни талаб қилган, шундан сўнг у машинадан куч билан туширилган.

Вазирлик томонидан маълум қилинишича, Гулистон шаҳри «Улуғ йўл» МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-34 Тошкент–Термиз автомобиль йўлининг 117-километрида «Тошкент» карантин блокпости ташкил қилинган. Гулистон шаҳрига автомобилда кириш мазкур йўлнинг иккита ҳаракат қатори орқали ташкил қилинган. Мазкур йўл халқаро аҳамиятга эгалиги ҳисобга олиниб, унинг учинчи қатори кечиктириб бўлмайдиган хизматлар машиналарининг тўхтамасдан ҳаракатланиши учун очиб қўйилган.

Таъкидланишича, 13 июль куни соат 09:30да давлат рақами 01 Х 172 DА бўлган оқ рангли «Нексия-1» ҳайдовчиси «Тошкент» карантин блокпости орқали ўтиш мўлжалланган иккита ҳаракатланиш бўлаги орқали ҳаракатланмасдан, учинчи ҳаракатланиш бўлаги орқали Гулистон шаҳрига кирмоқчи бўлган. «Нексия»нинг мазкур қатордан ҳаракатланиши шу йўналиш бўйича ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашиналарининг йўлини тўсиб қўйган.

«Бироқ шундай ҳайдовчилар борки, улар белгиланган қоидаларга риоя этмасдан, махсус транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишига халақит бермоқдалар. Биргина мисол, жорий йилнинг 13 июль куни соат 09:30 ларда оқ рангли «Нексия-1» русумли, давлат рақами 01 X 172 DA бўлган автомашина ҳайдовчиси (кейинчалик маълум бўлишича, Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди судьяси А.Эргашев) «Тошкент» карантин блок пости орқали мўлжалланган иккита ҳаракатланиш бўлаги орқали ҳаракатланмасдан, учинчи ҳаракатланиш бўлаги орқали Гулистон шаҳрига кирмоқчи бўлган.

Натижада автойўлнинг учинчи бўлагида ҳаракатланиб келаётган автомашиналар йўлини тўсиб қўйган. Орқа томондан товушли сигнал ва маёқларини ёқиб ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашинасида оғир касал келаётгани боис шу ерда хизмат ўтаётган Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимларига алоқа воситаси орқали хабар келиб тушганлиги сабабли ходимлар зудлик билан тез ёрдам автомашинасини тўсиқсиз ўтказиб юбориш учун мазкур ҳайдовчига автомашинани тўғрига ҳаракатлантириш ишорасини кўрсатган бўлсада, ҳайдовчи ўзини таништирмасдан, ходимларнинг талабларини бажармасдан, автомашинасини йўлнинг қатнов қисмида тўхтатиб, тез ёрдам автомашиналари тўсиқсиз ҳаракатланишига халақит қилган.

Шундан сўнг, мазкур блокпостда хизматга жалб этилган ва ҳолатни кузатиб турган Сирдарё вилояти ИИБ ходимлари унинг ёнига бориб, ЙҲХБ ходими билан бирга ҳайдовчига орқасидан ҳаракатланиб келаётган тез ёрдам автомашинаси йўлини тўсиб қўйганини тушунтирган, бироқ ҳайдовчи автомашинасини жойидан қўзғатмаслигини айтиб, ходимларга қўпол муносабатда бўлган.

Ходимлар шундан сўнг мазкур ҳайдовчи бошқарувидаги автомашина орқасида турган тез ёрдам автомашинасининг тўсиқсиз ҳаракатини таъминлаш ва тирбандликни бартараф этиш мақсадида «Нексия-1» автомашинаси ҳайдовчисини автомашинадан туширилиб, автомашина йўлдан олинган. Муаммо бартараф этилгандан сўнг ҳайдовчи ўзини таништирган, шундан сўнг ҳайдовчига кетишга рухсат берилган. Ҳайдовчи ва ички ишлар органлари ходимлари ўртасидаги мулоқот ходимларнинг бодикамераларида тўлиқ акс эттирилган. Тасвирларда кўрганингиздек, ҳайдовчи билан ички ишлар органлари ходимлари ўртасида бўлган мулоқот жараёнида куч ишлатиш ёки қўполлик қилинмаган», дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг 8 июлдаги қарори билан Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин чекловлари қайтадан кучайтирилган. Шунингдек, автотранспорт ҳаракати ҳам чекланган. Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати тасдиқланган бўлиб, улар орасида суд органлари хизмат автотранспорт воситалари ҳам киритилган.

Мавзуга оид