Спорт | 21:18 / 16.07.2020
3840
1 дақиқада ўқилади

Африкадаги илк Олимпиада ўйинлари бошқа санага кўчирилди

Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) ва Сенегал ҳукумати ўсмирлар ўртасидаги 2022 йилги ёзги Олимпиада ўйинларини бошқа санага кўчириш ҳақида келишиб олишди.

Фото: IOC / NELSON CHAVES

ХОҚ матбуот хизмати хабарига кўра, мусобақа 2026 йили Сенегал пойтахти Дакар шаҳрида ўтказилади.

Бундай қарор Сенегал президенти Маки Салл илтимосига кўра қабул қилинди. Африкадаги илк Олимпиада ўйинларининг кўчирилишига коронавирус пандемияси оқибатида келиб чиққан салбий ҳолатлар сабаб бўлди.

Бундан ташқари, 2020 йилги Токио Олимпиадасининг 2021 йилга кўчирилиши, 2022 йилда эса Пекинда қишки Олимпиада ўйинларининг ўтказилиши ҳам бу қарорнинг қабул қилинишига таъсир қилди. ХОҚ қисқа вақт ичида бир неча йирик мусобақаларнинг ўтказиш имконияти чекланган деб ҳисоблади.

Ўсмирлар ўртасидаги Олимпиаданинг кўчирилиши ҳақидаги қарор ХОҚ ижроқўми томонидан маъқулланди ва 17 июль куни ХОҚ сессиясида қабул қилинади.

Ўсмирлар ўртасидаги Олимпиада ўйинлари 2010 йилдан бери ўтказилмоқда. Дастлабки мусобақа Сингапурда бўлиб ўтди. Кейинчалик, ўйинларни Хитойнинг Нанкин (2014) ва Аргентинанинг Буэнос-Айрес (2018) шаҳарлари қабул қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид