Эрон портида 7та ҳарбий кема ёниб кетди. АҚШ ва Исроил саботажда гумонланмоқда
Эрон жанубидаги Бушер портида 15 июль куни юз берган портлаш ва келиб чиққан ёнғин оқибатида 7та ҳарбий кема ёниб кетди.
Meduza нашрининг Fox News’га таяниб берган хабарига кўра, жабрланганлар йўқ, ҳодисанинг сабаблари аниқ эмас. Эслатиб ўтамиз, Бушерда Эрондаги ягона АЭС жойлашган.
Сўнгги бир неча ҳафта давомида Эроннинг ядро дастури билан бевосита ва билвосита боғлиқ бўлган саноат корхоналари ва ҳарбий объектларида бир қатор ҳодисалар юз берди.
13 июль куни Хуросон тарихий вилоятида жойлашган табиий газ ишлаб чиқариш билан боғлиқ объектда портлаш юз берган эди.
4 июль куни Эрон ғарбидаги электростанцияда портлаш оқибатида ёнғин келиб чиқди. 1 кун олдин эса Натанздаги уранни бойитиш корхонасида худди шундай воқеа юз берди. Июнь ойи охирида Парчиндаги ҳарбий базада газ тўлдирилган идиш портлади. Бу ҳодисаларнинг барчасида жабрланганлар ҳақида маълумот берилмади.
Кўплаб таҳлилчилар бу воқеаларнинг бир-бири билан боғлиқ эканини ва Исроил, АҚШ ёки Эроннинг бошқа ташқи сиёсий душманлари томонидан олиб борилаётган саботаж кампаниясининг бир қисми бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
The New York Times газетаси эса разведкадаги манбасига таяниб, Натанздаги воқеа Исроил махсус хизматлари томонидан ташкил қилингани ҳақида ёзди.
Дональд Трамп ҳокимиятга келганидан сўнг Эрон ва АҚШ муносабатлари кескин ёмонлашди. У Барак Обама маъмурияти томонидан Эрон билан тузилган ядро битимидан чиқди. Трамп Эронни битимни бузганликда айблади, аммо бунинг далилини келтирмади.
2020 йил январь ойида АҚШ махсус хизматлари Бағдодда Ислом революцияси корпуси қўриқчилари генерали Қосим Сулаймонийни йўқ қилганидан сўнг, мамлакатлар уруш ёқасига келиб қолишган эди. Бунга жавобан Эрон АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базасига зарба берди, аммо ҳеч ким ҳалок бўлмади.
The Washington Post нашрининг ёзишича, сўнгги пайтларда Эрон ва Исроил ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувини англатувчи ҳеч қандай зиддият юз бермаганди.
Мавзуга оид
23:27 / 10.11.2024
Япония Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли кемада ёнғин чиқди
14:59 / 09.11.2024
Шаҳарчани бутунлай вайрон қилган ҳалокат: Канадада Франция ҳарбий кемаси қандай портлаганди?
14:15 / 06.11.2024
Эрон: Агар Исроил сулҳга рози бўлса, Теҳроннинг жавоби ўзгариши мумкин
19:40 / 05.11.2024