Жамият | 16:27 / 16.07.2020
10173
3 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятида дарёдан жасад топилди 

2020 йил 15 июль куни «Зарафшон» дарёсининг Навоий вилоятидан оқиб ўтувчи қисмида номаълум шахснинг жасади топилган.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати Kun.uz’га тақдим этган маълумотларга кўра 2020 йил 15 июль куни тахминан соат 10:30лар атрофида Кармана тумани «Каттамачит» МФЙда жойлашган Навоий ИЭСга қарашли сув ўтқазиш тўғони олдида «Зарафшон» дарёси ичидан тахминан ёши 40-45 лардаги, эркак жинсидаги номаълум шахс мурдаси борлиги аниқланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, ушбу мурда 1975 йилда туғилган Самарқанд вилояти Пахтачи тумани «Дабусия» маҳалласида яшовчи Т.Йга тегишли эканлиги маълум бўлган.
 
Навоий вилоят ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирувлар натижасида Т.Й қотиллик натижасида ўлдирилиб, сўнг дарёга ташлаб юборилгани аниқланган.

Маълум бўлишича, 2020 йилнинг 12 июль куни соат тахминан 20:00ларда, фуқаро О.Д Кармана туман «Кўҳна-қўрғон» МФЙ, Уста Ширин кўчасида жойлашган ўзига тегишли уйда қайниси Ф.П ҳамда қизи М.Г ҳамда Ҳ.Р. билан биргаликда олдиндан жиноий тил бириктириб, Т.Й билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчиликдан фойдаланиб жанжал бошлашади. Жанжал давомида Ҳ.Р ва Ф.П, Т.Й.нинг танасининг турли қисмларига ёғоч бўлаги билан уриб, тан жароҳати етказишади. Сўнг, Ҳ.Р, Т.Йнинг бўйин қисмидан оёғи билан босиб, уни ҳушсиз ҳолатга келтиради. Оқибатда Т.Й олган жароҳатлари туфайли вафот этади. Кеч соат 01:00 ларда Т.Йнинг ўлганини билган зўравонлар унинг жасадини эшак аравага ортиб, «Зарафшон» дарёсининг «Кўҳна-қўрғон» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмига оқизиб юборади.

«Мазкур қотиллик ҳеч бир фуқарони бефарқ қолдирмаслиги керак. Республикамизда давом этаётган эпидемик вазиятда бу каби муросасизлик кимнингдир ҳаётдан кўз юмиши билан якун топиши жуда аянчли ва ташвишли ҳолат. Юқоридаги каби ҳолатларга сабаб бўлаётган арзимаган тортишув ва келишмовчиликларга барҳам бериш лозим, чунки инсон ҳаётга бир маротаба келади. Уни хайрли амалллар билан ўтказиш ҳам, жиноят йўлига кириб ўзини бадном қилиш ҳам унинг ўзига боғлиқ. Вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув ходимларининг аниқ ва тезкорлиги сабаб мазкур жиноят очилди. Айбдорлар қонунда белгиланган тартибда албатта жазосини олади», дейди ҳолат юзасидан фикр билдирган Навоий вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник И.Тиллаев.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид