Ўзбекистон | 12:59 / 16.07.2020
34799
7 дақиқада ўқилади

«Тест йўқ, 1197га тушиб бўлмайди, рағбат пуллари тўланмаяпти...» — одамлар нималардан норози бўлмоқда?

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг авж олиши ва қатъий карантин белгиланиши ортидан, Kun.uz таҳририятига ҳозирги вазиятга тааллуқли турли мурожаатлар келиб тушиши кўпайди.

Шу бугун одамларимиз дуч келаётган қийинчиликларни бирмунча жонлироқ акс эттириш мақсадида ушбу мурожаатларнинг айримларини тақдим этишга қарор қилдик.

«Укам 10 кундан бери иситмалайди, тест топширолмаяпмиз»

Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қорақамиш 2/5 даҳасидан Сардоржон: «10 кундан бери укам иситмалаб (38-39 градус) ётибди. Оилавий поликлиникага ҳар куни мурожаат қилдик. Докторлар фақат телефон орқали 2 марта укамнинг аҳволидан хабар олишди, лекин уйга келишмади. Телефонда: «Чиқмаймиз, чиқолмаймиз», деб телефонни қўйиб қўйишяпти. COVID-19`га анализ топшириш учун ҳар битта туманга мурожаат қилдим. Хеч қайсиси ишламаяпти, ҳатто хусусий клиникалар ҳам. Инсон тақдирига бефарқ ҳаммаси. Кимга мурожаат қилайлик?»

Юнус: «Бугун тест топшириш учун 1-сонли шаҳар шифохонаси ташқарисида жойлашган «Klin Slislap» клиникасига бордим. У ердагилар бугундан COVID-19'га тест олишмаётганини билдиришди. У ердан чиқиб, шифохона автотураргоҳида бир микроавтобусда тест олинаётганини эшитдим. Борсам, одам жуда кўп, лекин тест олинмаяпти. Микроавтобус қулфланган, ҳайдовчиси ишлашмаётганини айтди. Кейин Учтепа СЭСга бордим, у ерда ҳам тест олинмаяпти. Одамлар сарсон».

«Хаста отамни Россиядан қандай қайтарсам бўлади?»

Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидан Дилмурод: «Мурожаат қилишимдан мақсад – РФнинг Ханти-Мансийск автоном округи Сургут шаҳрида ёлланма ишчи бўлиб ишлаб келаётган отам Тўлқин Санақулов жорий йилнинг 26 июнь куни ўзи ишлаётган қурилиш биносининг зинасидан йиқилиб, иккала қўл суякларини ҳам синдириб олган. Отамни кўрикдан ўтказган шифокорлар жарроҳлик операциясини ўтказиш лозимлигини таъкидламоқдалар. Ҳозирда у ерда отамнинг ҳеч кими йўқ. Шунинг учун отамни Ўзбекистонга олиб келиб операция қилиш керак. Бунинг устига, иккала қўли ҳам синган одамга алоҳида парвариш керак, овқат қилиб едириш, ювинтириш ва ташқарига чиқариш ва ҳ.к. Отамни Ўзбекистонга тезроқ олиб келиш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун амалий ёрдамга муҳтожман. Уларни Ўзбекистонга олиб келиш учун кетадиган барча харажатларни ўз зиммамга оламан».

Меҳмонхонадагилар учун ҳам карантин қисқартирилдими?

Андижон туманидан Шуҳрат: «7 июль куни Истанбулдан Тошкентга учиб келдим ва меҳмонхонага карантинга жойлашдим. Kun.uz сайтида бир янгиликни ўқидим. Унда карантин муддати 14 кундан 10 кунга қисқартирилгани ҳақида ёзилган эди. Шу 10 кунга қисқартирилгани бизга нисбатан ҳам қўлланиладими ёки йўқми? Меҳмонхона ходимлари ҳеч нима айтмаяпти».

«Ёрдамга муҳтожлар учун эълон қилинган рақамларга тушиб бўлмаяпти»

Бекобод туманидан Гулчирой: «Карантин сабабли оилавий қийин аҳволга тушиб қолдик. Дадам уста, онам уй бекаси, ўзим давлат хусусий шерикчилик боғчасида ишлардим. Карантин сабабли ишим тўхтатилди. Ҳатто март ойида ишлаган бўлсак-да, мартнинг ҳам ойлик маошини ололганимиз йўқ. Шунча йиллар давомида ҳеч қаердан ҳеч қандай ёрдам сўрамаганмиз. Aммо ҳозирги вазият бошқача. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фуқаролар ёрдам олиш учун 1197 ёки вазирлик номерига телефон қилиши мумкинлигини айтишганини эшитиб, бир кун давомида иккала номерга ҳам телефон қилдим, аммо 1197га умуман боғланиб бўлмади, иккинчи айтилган номер эса гудок кетса ҳам кўтармади ва банд қилиб қўйишди. 5 ойдан бери даромаддан айрилганмиз. Биз билан маҳалланинг ҳам иши йўқ. 5 ой давомида хеч қандай ёрдам бўлмади».

«Коронавирус беморларига қараётган тиббиёт ходимларига рағбатлантириш пули тўланмаяпти»

Навоий шаҳридан Обиджон: «НТМК корхонасига қарашли 27-шифохонада коронавирус беморларига қарайдиган ҳамшира-ю санитаркаларга Президент ваъда қилган пуллар тўланмаяпти. Буларни кимдир назорат қиладими?!»

«Тошкентдаги ҳамма СЭО марказларига телефон қилиб чиқдим»

Қаҳрамон: «Сайтингизда «Коронавирус: Ўзбекистонда Жанубий Кореяга қараганда «деярли икки баробар кўп» тест олинаётгани айтилди» номли мақолангиз бўйича ундаги барча СЭОМларга телефон қилиб чиқдим. Афсуски, кўп туманларда рақамлар банд бўлди. Чилонзор ва Учтепа туманларида эса телефон қўнғироғига ҳеч ким жавоб бермади. Барча марказларнинг телефон тармоқларига колл-марказ ўрнатилишини таклиф қиламан. Шунда телефон қилган аҳоли ҳам телефон қилиб ўз навбатини билади ва кутиб туриш умиди бўлади».

«Менда коронавирус аниқлангани ҳақидаги маълумотни тарқатиб юборишди»

Наманган вилояти Уйчи туманидан Собитхон: «7 июль куни эрталаб соат 7:00ларда тана ҳароратим кўтарилгани сабабли тез ёрдам чақирдим ва Уйчи туман болалар юқумли касалликлар бўлимига олиб келишди. COVID-19 касаллиги бўйича анализ олишди. Икки кундан сўнг Уйчидаги карантин зонасига кўчирилдим. У ердан эртаси куни менда COVID-19 инфекцияси аниқлангани айтилиб, вилоят касалхонасига олиб келишди. Энг қизиғи, бу ҳақда менга айтишларидан олдин телеграм тармоғи орқали тарқатиб юборилган СЭС қарори туширилган расм орқали ўзим хабар топиб бўлгандим. Барча касалликка чалинганларнинг исм-шарифлари сир сақланаётган, ҳаттоки ўлим ҳолати қайд этилганда ҳам марҳумларнинг исм-фамилияларининг бош ҳарфлари эълон қилинаётганда кимнинг қандай ҳуқуқи бор менинг касалликка чалинганимни исм-фамилияларим билан ошкор қилишга?!»

«Статистикага ортиқ ишонмайман...»

Улуғбек: «8 июль куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманида коронавирусдан икки қариндошим вафот этди, лекин бу ҳақда ҳеч қаерда айтилмади. Демак, берилаётган статистика ёлғонлигига шахсан амин булдим. Сизлардан ҳақиқий аҳволга аниқлик киритишларингизни сўрайман».

Қирғизистон билан чегара қачон очилади?

Исоқжон: «Чегара орқали Қирғизистондан Ўзбекистонга 1 августга қадар одам ўтказишмас экан. Нима қилсак бўлади?»

«Ҳокимиятнинг аввалги рухсатномаси ўтмайди, дейишяпти»

Хоразм вилояти Боғот туманидан Маҳмуджон: «Биз оилавий асаларичилик билан шуғулланамиз. Ўзимиз Хоразмданмиз, асалариларимизни Қорақалпоғистоннинг Беруний туманига шу йилнинг баҳорида кўчирган эдик ва карантин пайтида ҳокимият томонидан берилган рухсатнома билан Қорақалпоғистон Республикасига ўтиб юрган эдик. Лекин эндиликда постдагилар «бу рухсатномангиз бўлмайди, стикерингиз бўлиши керак», дейишяпти. Ҳозир стикер олишнинг иложи борми? Иложи бўлмаса, нима қилишимиз керак? Кимга мурожаат қилишимиз керак?»

Гигиена қоидалари ва жойларда сув муаммоси

Динора: «Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида тураман. Бизнинг шаҳарда совуқ сув вақти-вақти билан берилади (эрталаб 5:00дан 9:00гача, тушда 12:00дан 13:00гача, кечқурун 18:00дан 23:00гача). Иссиқ сув умуман бўлмайди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари эса обдастадан фойдаланмасликни маслаҳат берган. Бундай шароитда қандай қилиб обдастадан фойдаланмаслик мумкин?!»

Мавзуга оид