Ўзбекистон | 23:59 / 17.07.2020
9700
3 дақиқада ўқилади

Карантин вақтида Самарқанд атмосфераси тозалангани айтилди

Фото: KUN.UZ

Жорий этилган карантин чекловлари сабаб Самарқанд шаҳрининг ҳавоси 22,7 фоизга тозалашган. Кислород миқдори ҳам 15,3 фоизга ошган.

Самарқанд шаҳри ҳудудида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини аниқловчи гидрометеорология марказининг маълумотига кўра, жорий йилнинг беш ойи давомида шаҳар ҳавоси анча тоза бўлган. Бу ҳақда zarnews.uz сайтида эълон қилинган хабарда айтилган.

Хабарда ёзилишича, атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини аниқловчи гидрометеорология марказининг Самарқанд шаҳрида жами тўртта доимий таянч постлари жойлашган. Ушбу таянч постларда марказ ходимлари томонидан доимий равишда таҳлиллар ўтказиб борилади.

Ана шу таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида Самарқанд шаҳрида йирик корхоналар ва автоуловлардан чиқадиган зарарли моддалар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,5 фоиз миқдорда камайган. Аммо кейинги бир ярим ойлик даврда саноат корхоналари ва автоуловларнинг ҳаракати яна ошгани ҳисобига зарарли моддаларнинг меъёр кўрсаткичи дастлабки беш ойга қараганда 0,2 фоиз миқдорда кўпайган.

Шаҳар ҳудудида ҳаракатланаётган 1та енгил автотранспорт воситасининг (бензинда ҳаракатланса) двигателидан атмосфера ҳавосига 0,0003 фоиз зарарли ташламалар чиқади. Шаҳар ҳудудида машиналар оқими кўплиги ҳисобига шаҳар ҳавосидаги заҳарли газлар миқдори қишлоқ ҳудудларидаги қараганда бир неча баробар юқори бўлади.

Сўнгги 6 ой мобайнида карантин чекловлари туфайли автоуловлар оқимининг камайиши ва саноат корхоналарининг аксарияти фаолиятини тўхтаганлиги сабабли шаҳар ҳавоси 22,7 фоизга тозаланганини кузатиш мумкин. Натижада Самарқанд шаҳридаги 100 ёшдан катта бўлган ўсимлик ва дарахтлар янгидан куртак очиб, яшнай бошлади.

Шунингдек, шаҳар атмосферасида ҳаво зичлик даражаси меъёрлашиб, кислород миқдори 15,3 фоизга ортган.

Шаҳар ҳавосини бузадиган асосий омиллар – йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва автоуловларнинг кўплиги. Мисол учун, шаҳар ҳудудида фаолият юритаётган 12та йирик корхоналардан ҳавога йилига 24,9 фоиз зарарли ажратмалар, яъни хлор (4,9 фоиз), фтор (3,1 фоиз), хром (5,9 фоиз), бром (1,9 фоиз) ва углерод (6,3 фоиз) бирикмалари чиқиб, атмосфера ҳавосининг секин-секин зарарланишига олиб келади, дейилган «Зарафшон» газетасининг расмий саҳифаси бўлган Zarnews.uz сайтидаги берилган хабарда.

Маълумот учун, март ойининг охиридан буён Самарқанд шаҳрида карантин чекловлари жорий этилган. Шаҳардаги жамоат транспорти фаолияти узоқ муддат чекланди ва кейинчалик фақат белгиланган 6 соат давомида ҳаракатланишига рухсат берилди. Туманлардан Самарқанд шаҳрига қатновчи маршрут линиялари ҳаракати ҳамон тиклангани йўқ.

Мавзуга оид