Жаҳон | 19:11 / 17.07.2020
8874
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко ЕОИИда муаммолар етарлича эканлигини айтди

Беларусь президентининг сўзларига кўра, ЕОИИ доирасидаги кўплаб келишувлар бажарилмаяпти.

Фото: Reuters

 Беларусь президенти Александр Лукашенко ЕОИИда муаммолар кўплигини, аксарият келишувлар бажарилмаганини айтди.

"Келишилган нарсалар бажарилмаганлиги нуқтаи назаридан Евросиё иқтисодий иттифоқида муаммолар жуда кўп.  Бунинг устига, тўсиқлар ҳам етарли. Тўсиқлар сабабли давлатлараро чегаралар шу даражага келиб қолганки, бизнес: "Давлатлар ўртасида чегара ўрнатинглар, бизга шуниси осонроқ бўлади" дейди. Чегара гўёки йўқдек, аммо чегарадаги мусодаралар, зўриқишлар ортиғи билан", - деди Лукашенко Минскда Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан учрашув чоғида.

 У Беларусь ва Арманистоннинг ЕОИИ фаолияти билан боғлиқ умумий муаммолари борлигини қайд этди.

"Бизнинг иқтисодиётларимиз деярли бир хил, биз иқтисодиётнинг реал секторига таянамиз, бизда бошқа ҳамкасбларимиздаги каби углеводородларнинг улкан захираси йўқ. Нархлар тушиб кетганида бизга қийин бўлади: Қозоғистон ва Россия катта имкониятларга эга, бизда бу имкониятлар йўқ", - деди Беларусь президенти.

Июнда Қозоғистон билан чегарада тўпланиб қолган юзлаб Қирғизистон юк машиналари билан боғлиқ вазият сабабли Бишкек Евросиё иқтисодий комиссиясидаги вакилларини чақириб олишга ва ҳатто ЕОИИда иштирок этишини савол остига қўйишга ҳам тайёрлигини билдирганди.

Мавзуга оид