Марказий Осиё ва Хитой ТИВ раҳбарлари янги форматда мулоқот ташкил қилишди
16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов видеоконференция шаклида «Марказий Осиё – Хитой» биринчи вазирлар учрашувида иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазири Ван И, Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов қатнашди.
Онлайн учрашувда коронавирус инфекциясининг олдини олиш, тарқалишини олдиндан баҳолаш ва чеклаш, унга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, Марказий Осиё давлатлари ва Хитой иқтисодиёти ва саноат қувватларининг барқарор ўсишини таъминлаш механизмлари муҳокама қилинган.
Трансчегаравий характердаги эпидемиологик таҳдидларга қарши курашиш бўйича амалий чораларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида мазкур видеоконференция иштирокчи-мамлакатларининг тиббиёт мутахассислари соҳа идоралари ўртасида мунтазам ҳамкорликни ўрнатишнинг зарурлиги қайд этилган.
Ҳозирги шароитда ўзаро савдони қўллаб-қувватлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиётни рақамлаштириш суръатларини жадаллаштириш ҳамда транспорт-транзит йўлларининг диверсификациялашган тизимини шакллантириш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришнинг долзарблиги таъкидланди.
Ўзбекистон томони юқорида айтиб ўтилган ҳамкорлик соҳаларини ўз ичига олувчи Пандемия ва унинг оқибатларига қарши курашиш бўйича комплекс дастурни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф қилди.
«Абдулазиз Комилов иштирокчилар эътиборини барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Хитой халқлари фаровонлигини ошириш учун аниқ инновацион, инфратузилма, транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишнинг муҳимлигига қаратди.
Музокараларда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, жумладан Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини қайта тиклаш масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди», дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.
Мавзуга оид
19:07 / 13.09.2024
Абдулазиз Комилов АҚШнинг Афғонистон бўйича вакили билан учрашди
11:10 / 14.08.2024
Абдулазиз Комилов: «Қўшнилар билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслигига эришиш – ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши»
15:50 / 20.01.2024
Абдулазиз Комилов Брюсселда ЕК раҳбарининг бош маслаҳатчиси билан учрашди
12:52 / 20.01.2024