Covid–19 билан курашда Самарқанд тажрибаси қандай бўляпти?
Коронавирус пандемияси юртимизга кириб келган кунданоқ эпидемиологик ҳолат жиддий назоратга олиниб, барча йиғилишларда бу масалага алоҳида тўхталиб келмоқда.
Хусусан, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси, Самарқанд давлат тиббиёт институти, Ёшлар иттифоқи, СЭОМ, Миллий гвардия, мудофаа, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар бошқармалари ва яна бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида вилоятда коронавирус пандемиясининг асоратларини камайтириш, беморларни даволаш, кузатувга олиш ва касалликка қарши курашишда самарали тизим ишлаб чиқилди.
Юқорида тилга олинган ташкилотлар иштирокида ҳар куни штаб йиғилишлари ўтказилиб, вазият жиддий таҳлил қилинмоқда. Бир қанча йўналишларда ишлар олиб бориляпти.
Ҳозирги вақтда Самарқанд давлат тиббиёт институтида «1105» қисқа рақам билан ишлайдиган «Сall-markaz» – тиббий маслаҳат маркази фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу марказ шунчаки маслаҳат берибгина қолмай, унинг негизида онлайн поликлиника ҳам ишлаб турибди. Поликлиникага пухта билим ва тажрибага эга мутахассислар бириктирилган.
Ҳозирга қадар «Сall-markaz»га фуқароларимиздан 5000 дан ортиқ мурожатлар келиб тушди ва ўз вақтида керакли маслаҳатлар берилди.
Шунингдек, Ёшлар маркази ташаббуси билан 100 нафардан ортиқ ёшлар волонтёрлик ҳаракатларига жалб қилинди. Улар шаҳар ва туманлардаги тез тиббий ёрдам хизматларида, колл-марказларда ва онлайн поликлиникаларда хизмат қиляпти.
Бугунги кунда вилоятда яхши тажриба қўлланилмоқда. Айтиш лозим, «103» телефон рақами орқали иситмаси кўтарилганини маълум қилган беморлар ҳар қандай ҳолатда провизор госпиталга жойлаштириляпти. Мазкур госпитал Самарқанд шаҳридаги «Регистон» меҳмонхонасида ташкил қилинган бўлиб, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан 11 та мобил тез ёрдам бригадаси бириктирилди. Ушбу госпиталнинг аҳамиятли томони шундаки, иситмаси бўлган бемор уч кунгача сақлаб турилади. Уларга биринчи ёрдам кўрсатилади, Covid–19га таҳлил олинади. Уч маҳал овқат ва бирламчи дори-дармонлар билан таъминланади.
Беморнинг ҳолати тезда ижобий томонга ўзгариб, касаллик аломатлари кузатилмаса, уйига жавоб берилади. Енгил ҳолатдагилар эса доимий назоратда бўлиши учун махсус ташкил қилинган шифохоналарга жойлаштирилиб, кузатувга олинади.
Касаллик белгилари аломатсиз кечаётган беморларга ҳам уйига жавоб бериляпти. Уларнинг изоляцияси таъминланмоқда. Шу билан биргаликда, оилавий ёки ҳудудий поликлиникаларга хабар берилиб, назоратга олиняпти. Фақат оғир ёки ўртача шаклдагилар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилмоқда.
Айтиш мумкинки, бу каби провизор госпиталлар Самарқанднинг ўзига хос тажрибаси ҳисобланади.
Шу вақтга қадар Самарқанд давлат тиббиёт институти томонидан 400 дан ортиқ захира шифокорлар тайёрланди. Институтда Covid-19 бўйича 1835 нафар тиббиёт ходимлари ўқитилди.
Бундан ташқари, СамДТИ профессор-олимлари иштирокида ҳар куни вилоят юқумли касалликлар шифохонаси шифокорлари билан онлайн тартибда беморларнинг ҳолати мукаммал таҳлил қилинмоқда. Онлайн маслаҳатлар ташкил қилиняпти.
Янада ҳушёрликни ошириш ва бирламчи тасаввурни бериш мақсадида СамДТИ томонидан махсус қўлланма ва буклетлар тайёрланиб, аҳоли ва шифокорларга тарқатилди.
Бугун Самарқанд вилоятида жами 10 000 гача беморларни қабул қилиш учун захира ўринлари яратилган. Захира ўринлари хусусий клиникалар, меҳмонхоналар, санатория ва олий таълим муассасалари ётоқхоналарида шакллантириляпти.
Ўз навбатида Миллий гвардия ва ИИБ бошқармалари уй карантинларини ташкил қилишда, карантин чора-тадбирларини амалга оширишда кеча-ю кундуз хизмат қилмоқда. ДСЭНМ, фавқулодда вазиятлар ҳамда мудофаа бошқармалари ҳам вилоятда эпидемологик текширув ва эпидемиологик назорат, кўча ва катта объектларда дезинфекция ишларини самарали олиб боряптилар.
Халқимизнинг бирлиги, масъул идораларнинг билим ва фидойилик билан олиб бораётган ишлари натижасида касаллик тезроқ чекинишига умид қиламиз.
Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024