Иккинчи довон: Ўзбекистонда сўнгги бир ой ичида Covid-19'дан даволанаётганлар сони беш баравар ошди
Карантиннинг биринчи ойида, 20 апрелда коронавирусдан даволанаётганлар сони биринчи довондан ошди (1361 киши) ва 11 майда 488 кишига тушди. Аслида, яна икки ҳафта интизом сақланиб, четдан келганлар изоляцияси кучайтирилганида, эпидемия тугарди.
Лекин карантин чораларининг юмшатилиши ва чегара очилиши бепарволикка олиб келди, натижада даволанаётганлар сони яна ошди — 15 июнда 1225 кишига ва 16 июлда 6208 кишига етди.
Назарий жиҳатдан, иккинчи карантинда қатъий интизом сақланса, август ўртасида иккинчи довондан ошиш ва сентябрь бошида эпидемиянинг тугаш босқичига ўтиш мумкин.
Covid-19 пандемияси Хитойда ярим йил аввал бошлангани билан, бу ва яна ўндан ошиқ давлатлар ўз вақтида кескин чоралар кўриши ва аҳоли буни тўғри тушуниб, ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилиши туфайли эпидемияни жиловлашга эришдилар ва уларда 2–3 ой карантиндан сўнг ҳаёт деярли ўз йўлига тушиб олди, баъзи чекловларга эса тезда мослашиб олинди.
Лекин дунё бўйлаб пандемия ҳамон авж олмоқда: аниқланган касаллар сони 14 млн кишига, ўлганлар эса 600 минг кишига яқинлашди. Мутахассислар аниқланмаган (симптомсиз) касаллар сони бундан ҳам кўплигини тахмин қилмоқдалар. Бир неча йирик давлатларда амалдорларнинг енгил-елпи ёндашуви ёки ўзаро келишмовчилиги ҳамда аҳолининг бепарволиги оқибатида касалланганлар сони ўсишининг охири кўринмаяпти.
Ўзбекистонга шу йил март ўртасида етиб келган эпидемия нисбатан юмшоқ ўтаётгани ва даволанаётган касаллар сони 20 апрелда энг катта миқдори — 1361 кишига етиб, довондан ўтилгани ва шундан бери пасайиб бораётгани ҳақида апрель охирида ёзган эдим. Шундан сўнг даволанаётганлар сони икки ҳафтада деярли икки баравар камайиб, эпидемия деярли жиловланиб, сўнаётганини ва Ўзбекистонда эпидемик жараён Хитой билан ўхшаш бораётгани ҳам май бошида таъкидланганди.
Лекин эпидемия сўниши уни авж олишидан узоқроқ давом этиши ва ҳатто такрорий бошланиш хавфи ҳам борлиги ўша пайтлар айтилганди. Яна икки-уч ҳафта, майнинг охирларигача интизом сақланиб, четдан кириб келганлар изоляция муддати қатъий ўталганда, эпидемия деярли тугарди. Лекин халқни ўйлаб карантин чоралари юмшатилди, иқтисод аввалги ҳолига тушишига ҳаракат бошланди, чегара очилиб, бошида 50 минг атрофида, кейин деярли яна шунча фуқаролар қайтишига имкон берилди.
Афсуски, бу юмшатишлар ҳам аҳоли, ҳам назорат қилувчиларда бепарволикка олиб келди ва натижада касаллик тарқалишидаги занжирлар узилиш ўрнига, эпидемик жараён янгидан бошланди. Даволанаётганлар сони 11 майда 488 кишига тушган бўлса, бундан сўнг яна оша бошлаб, 15 июнда 1225 кишига ва 18 июлда қарийб 7 минг кишига етди, яъни охирги бир ойда деярли беш баравар ошди.
Ўлим ҳолатлари ҳам июнь бошига нисбатан деярли беш баравар ошиб, 80 кишидан ошди.
Натижада коронавирусдан даволашга мослашган муассасалардаги ўринлар тўлишга яқинлашди ва демак, эпидемик жараён даволаш системасини коллапсга олиб келиши хавфи пайдо бўлди. Бунинг чораси сифатида 10 июлдан 1 августгача карантин қайта тикланди.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси апрелда даволанаётганлар сони бўйича биринчи довондан ошган бўлса, энди иккинчи довонга ҳам яқинлаша бошлади. Шу борада кўпчиликни қийнаётган савол бу — қачон иккинчи довондан ошамиз ва қачон эпидемия сўна бошлайди?
Бундай эпидемик жараёнлар турли моделлар ёрдамида ўрганилиб, унинг ўтиши босқичлари прогноз қилинади. Айтиш керакки, прогноз бу башорат эмас, балки эҳтимолга яқин тахмин ва шундай бўлишига кафолат бермайди (об-ҳаво прогнози каби).
Қуйида келтирилган графикда Ўзбекистондаги иккала эпидемик довонини Гаусс эгри чизиғи асосида қилган прогнозим келтирилган. Биринчи довонда моделнинг аниқ ишлаши иккинчи довон прогнози ҳам эҳтимолга яқинлигидан далолат беради. Графикдан иккинчи довондан августнинг иккинчи ҳафтасида ўтилиши, касаллар сони эса яна бир ярим марта атрофида ошиши эҳтимоли катталиги келиб чиқади.
Яна шуни айтиш лозимки, бу прогноз ҳозирги шароит ёмон томонга ўзгармагандагина ўз кучида қолади. Агар 1 августдан янги юмшатиш бошланса, шароит ўзгаргани учун довондан ошиш муддати яна кейинроққа кўчиши мумкин.
Ҳозирги ҳолатга келсак, афсуски деярли бир ҳафта карантин давомида янги касалланаётганлар сонини камайиши ҳали кузатилмаяпти, аксинча, ошиб бормоқда.
Бунинг сабабларидан биринчиси — симптомсиз касалланганлар фақат иши ёки бошқа зарурат туфайли тестдан ўтгандагина аниқланаётганидир. Кўп савдо, овқатланиш ва бошқа хизмат соҳалари тикланаётганда далолатнома талаб қилингани учун аввал тест ўтиш хаёлига ҳам келмаган, лекин вирус юқтирган бўлганлар кўплаб аниқлана бошланди. Энди эса бу хизмат соҳалари иши тўхтатилгани учун мажбуран тест топширувчилар ҳам камаяди ва янги ҳолатлар сони ҳам бироз тушади.
Лекин касаллар сони ошишининг иккинчи ва асосий сабаби — бепарволик кайфиятининг кенг тарқалганидир. Ўрнатилган чекловлар ва талабларни юзаки ва «хўжа кўрсинга» бажариш, ўзаро масофа сақламаслик ва эпидемик гигиенага номигагина риоя қилишдир. Бунга ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган «короноскептицизм» ҳам катта ҳисса қўшмоқда. Бундай кайфиятдагилар ғалаба қозонган АҚШ ва Бразилияда касалланиш дунё бўйича касалларнинг 47 фоизини ташкил қилди ва уларда йил давомида йўқотишлар ва асоратлар гриппга нисбатан солиштириб бўлмаган даражада катта бўлиши кутилмоқда.
Лекин короноскептикларни факт ва мантиқ эмас, ўзини ёки яқинини бошига бу маккор касаллик ташвиши тушгандаги азобгина қайта тарбияласа керак.
Барчага сабр ва саломатлик тилайман.
Зоҳид Зокир
Мавзуга оид
17:49 / 14.08.2023
Ўзбекистонда коронавирусга қарши сут сотуви бошланди
18:58 / 06.05.2023
ЖССТ коронавирус ҳеч қачон бутунлай йўқ қилинмаслигини айтди
19:23 / 05.05.2023
ЖССТ коронавирус пандемияси тугаганини эълон қилди
18:19 / 02.05.2023