Ўзбекистон | 23:51 / 19.07.2020
8825
3 дақиқада ўқилади

Зойир Мирзаев: «Эҳтиёжманд оилалар учун 4,2 миллиард сўм жамғармамиз бор»

Қашқадарё вилояти ҳокими вилоятдаги пандемик вазият ҳақда қўшимча ахборот берди.

Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги

Зойир Мирзаевга кўра, вилоятда ҳозиргача:

  • 409 нафар касалланган фуқаро аниқланган;
  • тузалиб чиққанлар 318 нафар;
  • даволанаётганлар 69 нафар;
  • шифохоналарда қолаётганлар 53 нафар;
  • уй шароитида даволанаётганлар 16 нафар.

«10 июлгача вилоятда 2та ПЗР лабораторияси ишларди, бу ўртача 700-800та анализ олиш имконини берарди. Ҳозирда Қарши шаҳрида 4та, Шаҳрисабз шаҳрида 2та ва Ғузор туманидаги «Uzbekistan GTL» заводида яна битта лаборатория ишга туширилди.

9та шифохонани биз бемор қабул қилишга тайёрлаганмиз. Уларда 890 нафар беморни қабул қила оламиз. Бундан ташқари, хусусий клиникалар 500та ўрин ажратиб бермоқда. Шунингдек, меҳмонхоналар, олий таълим муассасалари ётоқхоналарини тайёрлаяпмиз.

Ҳар бир туманда меҳмонхона, профилактория, санатория кабиларнинг негизида 8700та захира ўринлари тайёрлаяпмиз», – дея маълум қилди Зойир Мирзаев.

У, шунингдек, вилоятда коронавирусга қарши курашда бугунгача 5280 нафар тиббиёт ходимлари жалб этилган. Эндиликда захира тайёрлаш мақсадида, нафақага чиққан, илгари ҳарбийда, тиббиёт соҳасида ишлаган малакаси бўлган инфекционистлар, вирусологларнинг ҳам рўйхати тузилган. Ҳозирнинг ўзида худди шундай 38 нафар мутахассис ёрдам беришга шайлигини айтиб ўтди.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, Қарши давлат университетида ташкил этилган колл-марказда 15 киши телефон қўнғироқларига жавоб бермоқда (220-03-00).

Ҳозирда Қашқадарё вилоятида:

  • жами 147та тез ёрдам пункти;
  • 244та тез тиббий ёрдам бригадалари;
  • 206та «Дамас», 247та бошқа турдаги тез тиббий ёрдам машиналари, реаномобиллар мавжуд.

Вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилган таҳлил давомида машиналарнинг 8таси яроқсиз, 80таси эскиргани аниқланган. 1 августгача 12та янги тез тиббий ёрдам машинаси сотиб олиб, тарқатиш кўзда тутилган.

Вилоятда:

  • жами рентген аппаратлари сони 32та,
  • сунъий нафас бериш аппаратлари 102та,
  • ўн кун муддатда яна келтирилиши кўзда тутилган сунъий нафас бериш аппаратлари сони 100та

«Вилоятимизда 943та дорихона бор. 420та дорихонада коронавирусга қарши ишлатиладиган, махсус комиссия томонидан тасдиқланган 65 турдаги дори воситаларининг 21-27 кунга етадиган дори захираси бор.

Уч ойлик дори захирасини яратиш топшириғини олганмиз. Бу 48 миллиард сўмлик маблағни ташкил этади. Вилоятда бу бўйича махсус жамғарма бор. 25 июль кунига қадар икки ойлик захирани яратамиз. Шундан сўнг уч ойлик захирани яратишга киришамиз», – дейди Зойир Мирзаев.

Шунингдек, вилоят ҳокими эҳтиёжманд оилаларга ёрдам етказиш масалаларига ҳам тўхталди:

«Саховат ва кўмак» йўналишида бир кунда фуқаролардан ўртача 185та қўнғироқ бўлмоқда. Шулардан 40таси озиқ-овқат ёки дори дармонга муҳтож эканини маълум қилмоқда. Бу масалаларни жойида ҳал этиш имкониятимиз бор.

Эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериш учун «Саховат ва кўмак» жамғармамизда 4,2 миллиард сўм маблағимиз бор. Ҳомийлардан пул тушишда давом этмоқда. Мисол учун, кечанинг ўзида ҳомийлардан 56 миллион сўм маблағ тушган».

Мавзуга оид