Жамият | 10:09
815
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда учта банкка оид фирибгарлик ҳолати аниқланди

Қашқадарё вилоятида тижорат банклари фаолияти билан боғлиқ учта фирибгарлик ва маблағларни ўзлаштириш ҳолати фош этилди. Терговга қадар текширувларда банк ходими ва собиқ маҳалла агентлари фуқароларни алдаб, омонат ва кредит маблағларини талон-торож қилгани аниқланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Китоб тумани бўлими томонидан ўтказилган текширувда тижорат банкларидан бирининг ҳудудий бошқармаси етакчи мутахассиси Д.Ш. фуқароларга банкда юқори фоизли омонат мавжудлигини айтиб, уларнинг ишончига киргани маълум бўлди.

Текширувларга кўра, у икки нафар фуқародан жами 19 минг АҚШ доллари ва 300 миллион сўмни қабул қилиб, маблағларни банкка омонат сифатида жойлаштирмасдан, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Кўкдала туманида аниқланган ҳолатда эса тижорат банкларидан бирининг Кўкдала банк хизматлари маркази собиқ маҳалла агенти А.Б. юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 60 миллион сўм кредит ажратиб беришни ваъда қилиб, фуқародан 300 АҚШ доллари ва 1 миллион сўм олган.

Шунингдек, у ажратилган 60 миллион сўм кредит маблағини ҳам ўзлаштиргани аниқланган. Тергов давомида мазкур маблағ ҳисобидан 2 миллион сўм процессуал тартибда қайтарилган.

Муборак туманидаги ҳолатда эса тижорат банкларидан бирининг филиалида собиқ маҳалла агенти бўлиб ишлаган Г.А. фуқаронинг ишончига кириб, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда унинг номига 47 миллион сўм миқдорида кредит расмийлаштириб, маблағни ўзлаштирган.

Текширув жараёнида ушбу кредит маблағи банкка тўлиқ қайтарилган.

Ҳар учала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид