«Беш болалик қизча». Ука-сингилларини боқиш дардида юрган қиз ҳикояси
«Онам ишлашга мажбур эди. Туман марказида чойхона, тўйхоналарда идиш юварди. Тик оёқда кечаси билан ишлаш онамни ҳолдан тойдирди. Унинг кундан-кунга кўз олдимда сўлиб бораётганини кўриб, қийналардим. Шундан сўнг мен ҳам ишлашга қарор қилдим...»
Дунёдаги ҳар бир одамнинг ўзига хос тақдири, кечинмалари бўлади. Бу галги тақдир эгаси ҳам орамиздаги оддий инсон. Олис қишлоқлардан бирида истиқомат қилувчи қаҳрамонимиз ёш бўлса-да, рўзғор ташвишини кичик жуссасига олган қиз. Исмини ошкор қилишимизни истамаган қизнинг тақдири унинг ҳикоясини ўқиганларни сабр-у бардош билан яшашга ундаса не ажаб...
«Онам кўз олдимда сўниб борарди...»
Дадам ва ойим ҳеч қаерда ишламайди. Дадам мардикорлик орқали пул топади. Ўзингиздан қолар гап йўқ: мардикорлик мавсумий бўлиб, у билан оилани тебратиш қийин. Онам ҳам ишлашга мажбур эди. Туман марказида чойхона, тўйхоналарда идиш юварди. Тик оёқда кечаси билан ишлаш онамни ҳолдан тойдирди. Унинг кундан-кунга кўз олдимда сўниб бораётганини кўриб, қийналардим. Шундан сўнг мен ҳам ишлашга қарор қилдим...
15 ёшимдан онамга қарашиб, ишлашни бошладим. Мактабни тугатиб, қўшни туманда тиббиёт коллежига кирдим. Онам билан чойхона ва тўйхоналарда ишлашдан ташқари бир бой хонадонда юмушларни қилардик. Хонадон эгаларига кўп йил хизмат қилдик. Шу сабабдан улар билан муносабатимиз яхши эди. Коллежда ўқиган вақтларимда ҳам ишлаб, пул топишга, уйдагиларга жўнатишга ҳаракат қилардим. Ота-онам менга ҳеч қачон ишлаб пул топ дейишмаган. Вазиятни кўргач, ўзингиз мажбур бўлиб қоларкансиз.
«Хаёлимда бир фикр – ука-сингилларимни боқиш»
Туманимизда тиббиёт коллежи бўлмагани учун қўшни тумандагисига қатнай бошладим. Уйдан узоқда бўлсам-да, оиламга ёрдам беришим керак эди. Шанба-якшанба кунлари уйга келиб, шу ердаги чойхонада идиш ювувчи бўлиб ишлардим. Кечаси билан тик оёқда, оғир шароитда меҳнат қилиш осонмасди. Дам олиш кунлари барча талабалар каби ота-она дийдорига тўёлмасдим. Уйим ишхонага яқин бўлса-да, уйга бормасдан шу ерда 2 кун ишлардим-да, кейин яна эрталаб душанба куни ўқишга чиқиб кетардим. 3 йил шу тариқа ўтиб кетди. Тўғриси, ўқиш мен учун биринчи ўринда эмасди, чунки мендан кейин 4 синглим ва укам бор эди.
«Муҳтож бўлсам-да, ёмон йўлга киришни ўйламаганман»
Коллежни битириб, мутахассислигим бўйича қўшимча иш қидира бошладим. Ўқишга топшириш ҳақида ўйламадим, чунки оилада тўнғич фарзанд сифатида сингилларим, укамни ёлғиз қолдириб кетолмасдим. Ҳозир иккита жойда – туман марказидаги чойхона ва шифохона ошхонасида ишлайман. Карантин туфайли биринчи ишимдан айрилдим. Ҳозир фақат тиббиёт бирлашмасидаги ошхонада ишлаяпман. Ойлигим – 730 минг. Афсуски, катта рўзғорга етказолмаймиз. Иккита жойда ишлаганимда, роса қийналганман. Шифохонада иш эрталаб соат 08:00дан кеч соат 16:00гача. Баъзида иш тугамаган вақтларида бунданам кеч қолиб кетамиз. Ҳориб, чарчаб чойхонага югурардим. Баъзан тонг саҳаргача идиш-товоқ ювиб, қолиб кетардим. Кеч қолган вақтларим кўп бўлган. Бошлиқлардан гап эшитардим. Иккита ишга улгуриш қийин бўлса-да, шунақа шароитда ишлашга мажбур эдим. Вазиятимни тушунтиролмасдим.
Кечқурунлари чойхонада ишлаган вақтларимда қўни-қўшнилар мен ҳақимда номаъқул сўзларни айтишарди. Қиз бола кечаси ишлаши яхшимас. Буни ўзим ҳам биламан, лекин нима қилай? Оилани ким боқади? Одамлар шунақа, тўғри юрсангиз ҳам ғийбат қилишаркан. Ночорликдан азоблансам ҳам, эгрилик кўчасига кирмадим. Нима қилиб бўлса ҳам, ҳалол пул топдим.
«Бошқаларнинг дадаси ичмайди-ку...»
Дадам мардикорлик қилади. Топган-тутганини ичкиликка сарфларди. Онамни роса урарди. Маст бўлганда, жанжал кўтарарди. Уйда синмаган нарса қолмасди. Кўчада совуқми, иссиқми фарқи йўқ, қочиб чиқиб кетардик. Дадам Россияга ишлашга бориб, қурилишда қўлидан жароҳат олиб, куйдириб олган. Шундан кейин оғир ишларни қилмай қўйди. Онда-сонда мардикорлик қилади. Онам иккимиз қийналсак-да, дадам ўзгаришни хоҳламасди. Дадам нега ичкиликка берилган, бошқаларнинг дадаси бинойидек ишлаб оиласини боқяпти-ку, нега менинг дадам бунақа, деб онамга айтиб, йиғлаб олардим.
«Онамни даволатолмаганим учун сиқиламан»
Онам аввалгидай ишлолмайди. Қўлини совуқ сувга ботирса, шу заҳоти қаттиқ оғриқ бўлади. Шифокорлар доимий равишда қўлларни совуқ сувда тутганлик учун шамоллаш бор, дейишди. Бундан ташқари, битта жойда қимирламасдан тик оёқда туриб ишлаш ҳам онам соғлиғига таъсир қилмай қўймади. Онам шифохонада ётиб даволаниши керак эди. Афсуски, қўлимиз калталик қилди. Шифохонага ётқизиб, тўлиқ даволаниши учун пул топиб беролмаганим учун ҳам сиқилардим. Онам бизни деб шундай хасталикка дучор бўлди. Ночорлик қаддимизни букиб қўйди. Нега бундай бўлиши керак, деб ўзимга жуда кўп савол бераман, лекин жавоби йўқ. Онамнинг дориларига ойлигим етмасди. Кўп танишларимдан қарз олишга мажбур бўлдим. Ҳозирги ҳаётим қарз олиш ва қайтариш билан ўтяпти.
«Орзу қилганим билан барибир амалга ошмайди»
Тиббиёт коллежини битирсам, ҳеч бўлмаганда туманимиздаги тиббиёт бирлашмасига ҳамшира бўлиб ишга кираман, деб режалаштиргандим. Адашибман, у ерга жойлашиш учун танишларингиз бўлиши керак экан. Мана, салкам 2 йилдан бери шифохона ошхонасида ишлаб юрибман. Бўш иш ўрни бўлиши билан сизни қабул қиламиз, деган бир хил жавобни оламан. Мендан кейин қанча ҳамширалар ишга олинди.
Ҳаётим шундай ўтаверадими, бутун умр шу тарзда ишлаб юраманми, деган фикр бошимда кўп айланади. Тиббиёт олийгоҳига ҳужжат топширмоқчи бўлдим, кейин фикримдан қайтдим. Биринчидан, у ерга кириш осонмас. Тайёргарлик кўриш учун ҳам маблағ керак. Иккинчидан, ўқишга қирганим билан сингилларим, укамнинг аҳволи не кечади? Уларни мендан бошқа боқувчиси йўқ. Ўзим ҳақимда ўйлашни унутиб бўлдим. Хаёлимда 5 нафар жигарларимни боқиш, ота-онамга ёрдам бериш фикридан бошқа ҳеч нарса йўқ. Кўчада тенгдошларимни кўрсам, ҳавасим келади. Уларга ўхшаб беташвиш ота-онам бағрида яйраб-яшнаб юргим келади. Кўп нарсаларни орзу қилардим. Аммо ҳозир эмас. Орзу қилганим билан барибир амалга ошмайди, фойдаси йўқ. Яқинда хотин-қизлар учун ОТМга киришда бериладиган грант учун ариза топширдим. Унчалик умид қилганим йўқ. Барибир ҳаракат қилиб кўрай. Зора, умид учқуни пайдо бўлса.
«Бахтли бўлишга ҳаққим бормикин?»
Бир йигитга кўнгил қўйгандим. Унга суяниб қолгандим. Қийналган вақтларимда ёрдам берарди. У билан суҳбатлашсам, ўзимни ҳимоялангандек ҳис қилардим. Бахтли эдик. Келажак режаларини туза бошладик. Аммо бир кунда барчаси шунчаки бир саробга айланди. Йигитнинг ота-онаси уни уйлантиришмоқчи бўлди. Табиийки, мен ҳақимда уларга айтиб, рад жавоби олган, чунки оиламиз уларга тўғри келмасди. Дадам ичкиликка берилиб кетган. Уйимизда доим жанжал. Мен эса кечалари чойхона-ю тўйхоналарда идиш юваман.
Уларга тўғри келмаслигимизни олдиндан ҳис қилардим. Улар бизни тушунишади, деб умид қилардим. У менга телефон қилиб, уйлантиришаётганини айтди. Бошида ишонмадим. Бир куни ишдан уйга қайтаётсам, онаси бизникига келаётган экан. Бир-биримизни кўриб қолдик. Онаси ўғлини тинч қўйишимни, оиласидан узоқроқ юришимни айтди. Бу гаплар юрагимга оғир ботди. Ҳалиям онасини кўчада кўриб қолганим. Уйимизга кириб, онамга шу гапларни айтганидами... Шу воқеадан кейин дунё кўзимга тор кўринган. Бахтли бўлишга ҳаққим бормикин, мен ҳам бошқа қизлар орзу қиладиган бахтга эришармикинман, деб кўп ўйлайман. Онам сени турмушга берамиз деса, ўйламай рад жавобини бераман. Тўй харажатлари, сарпо ва яна бошқа харажатлар... Буларга қурбимиз етмаганда, турмуш ҳақида ўйлашга ҳам қўрқаман.
Хуллас, ҳаётим шундай ўтяпти. Нима бўлса ҳам, ёмон иш қилаётганим йўқ. Меҳнатнинг уяти йўқ-ку ахир. Берган кунига шукр қилиб яшайверайликчи, бизга ҳам аталган яхши кунлар бордир...
Kun.uz мухбири Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди
Мавзуга оид
13:24 / 24.01.2024
«Боламнинг боласини ҳам ўзимиз боқяпмиз» – тақдир синовларида енгилмаган кўзи ожиз инсоннинг изтироблари
09:00 / 27.11.2023
Орамиздаги одамлар: ярим танадаги бутун жон
12:05 / 03.11.2023
«Нафсим йўлдан уриб, она ва гўдакнинг ўлимига сабабчи бўлганман» – шифокор аёлнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
12:18 / 19.10.2023