Жаҳон | 10:59 / 20.07.2020
11307
1 дақиқада ўқилади

Эронда АҚШга жосуслик қилишда айбланган шахс қатл этилди

Фото: Reuters

Эронда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ)га жосуслик қилиш ва январь ойида ўлдирилган генерал Қосим Сулаймонийнинг ҳаракатланиши тўғрисида маълумот узатишда айбланган шахс қатл этилди. Бу ҳақда Tasnim агентлиги хабар бермоқда.

Таъкидланишича, Исроилнинг «Моссад» разведкаси билан ҳам ҳамкорлик қилишда айбланган Маҳмуд Мусавий Мажд 20 июль, душанба куни эрталаб қатл қилинди.

Шу билан бирга, ушбу шахсга қарши иш Сулаймонийнинг ўлимидан олдин очилган ва АҚШнинг эронлик генералга қарши операциялари билан боғлиқ эмас.

АҚШ 2020 йил 3 январда президент Дональд Трамп томонидан берилган буйруққа мувофиқ амалга оширилган ракета зарбаси билан генерал Қосим Сулаймонийни Бағдодда йўқ қилди. Эроннинг «Қудс» махсус кучлари қўмондони америкалик дипломатлар ва аскарларга ҳужум қилиш режаларини фаол равишда ишлаб чиққани айтилади.

Мавзуга оид