Ичкилик, бепарво масъуллар, учинчи шахслар аралашуви: оилалар дарз кетишига нималар сабаб бўлмоқда?
Ҳар доим долзарб муаммо – аёлларнинг зўравонликка учраши масаласи пандемия даврида янада қалтис тус олиши мумкинлиги прогноз қилинган эди. Глобал карантиннинг биринчи босқичидаёқ ҳатто аёллар ҳуқуқлари юқори даражада таъминланган давлатлар, хусусан АҚШ, Германия, Австралия, Франция кабиларда ҳам уй зўравонлиги қурбонлари сони кескин ошгани кузатилди.
Бу ҳолат Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Мамлакатда карантин чоралари жорий этилгач, аксарият аҳоли иқтисодий таранглик шароитида уйда қолишга мажбур бўлган ҳолатда хотин-қизларнинг ўз турмуш ўртоқлари ва бошқалар томонидан тазйиққа учраш эҳтимоли ортди.
Шуни назарда тутган ҳолда Республика гендер комиссияси ҳузурида аёлларга ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатувчи «Ишонч телефони» фаолияти йўлга қўйилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, фақатгина 10 апрелдан 21 майгача бўлган даврда ушбу манзилга 830та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг аксариятини аёлларга оилада (асосан турмаш ўртоғи, баъзида оиланинг бошқа вакиллари томонидан) иқтисодий, руҳий ва жисмоний тазйиққа учраши ташкил этади.
Қуйида «Ишонч телефони»га мурожаат қилган, оилада зўравонлик қурбони бўлган аёлларнинг ҳаётларидан лавҳалар жамланди. Зора улар бошқалар учун ибрат бўлса, огоҳликка чорласа (қаҳрамонларнинг исм-шарифлари ўзгартирилган).
Учинчи шахслар аралашуви
Катта орзулар билан турмушга чиққан Саодат эрининг кўпчиликдан иборат оиласида яшай бошлади. Уй кичкина, оила катта. Келинчакка оиланинг ҳар бир аъзосининг инжиқликларини бажо қилиш мажбурияти юкланган. Тез орада ўз фарзандлари дунёга келгач, Саодатнинг юмушлари икки ҳиссага ортди. Келиннинг хизматларидан норози бўлган қайнона шундоқ ҳам кўнглидагидек иш топа олмай асабий бўлиб юрган ўғлини қайрай бошлади. Кичик муаммолардан бошланган жанжаллар қўл кўтариш, «мушт билан тарбиялаб қўйиш»га улана бошлади. Ачинарлиси, калтакларга қайнона ҳам ўз «ҳиссасини» қўшиб турарди.
Саодат ҳаммасига чидар, сабрим, меҳнатим билан турмуш ўртоғим ва оиламнинг ҳурматини қозонаман, деган умидда яшарди. Оиладаги таранг вазиятдан маҳалланинг хабари йўқ, Саодат уйнинг гапини ташқарига чиқаришни истамасди. Аммо 17 апрель кунги навбатдаги жанжал ҳаммасидан ошиб тушди. Арзимас норозиликдан бошланган жанжал эрнинг Саодатга қўл кўтаришига сабаб бўлди, жанжал қайнонанинг ҳам қўлда таёқ билан калтаклашига уланди.
Саодат Нишон туманидаги шошилинч тиббий ёрдам бўлинмасида ҳушига келди. Холаси «Ишонч телефони»га боғланмагунча, бўлимдагилар бирламчи тиббий ёрдамни кўрсатиш билан чекланишди, суд-тиббий экспертиза ўтказилмади. Мутахассисларнинг аралашувидан кейингина экспертиза ўтказилди, ишга ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари аралашди.
Шифохонадан чиққач, Саодат ота уйига қайтди, болаларини ҳам олиб келди, эри билан рўпара бўлишни ҳам истамади. Ажримга ариза топширди. Буни эшитган эр Саодат ва фарзандларининг зарурий буюмларини бериб юборишдан бош тортди. Маҳалланинг аралашуви ҳам кор қилмади. «Ишонч телефони» мутахассислари ёрдами билан Саодатга моддий ёрдам, ҳимоя ордери берилди.
Ичкилик балоси
Оилавий зиддиятлардаги энг ёмон сценарий – бегуноҳ болалар жабр кўрса...
Муҳаббат Ғиждувон туман касалхонасига шошилинч тарзда олиб келинди. Ташхис – 6 ойлик ривожланишдаги ҳомиланинг нобуд бўлиш хавфи. Ҳаммасига сабаб – турмуш ўртоғининг ичкилик таъсиридаги ҳаракатлари. Авазнинг навбатдаги мастлик таъсирида аёлига қўл кўтариши натижасида она ва ҳомиланинг ҳаёти хавф остида қолди. Муҳаббат «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилгач, операторлар тиббиёт ходимларига боғланишди, она ва боланинг ҳаётини асраб қолиш учун керакли чоралар кўрилди.
Авазнинг бу сингари хурмача қилиқлари биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Маҳалла раиси вазиятдан бохабар бўлса-да, туғишган жияни бўлмиш зўравоннинг қилиқларига кўз юмиб келган. Суд-тиббиёт экспертизаси натижасида Авазнинг куч ишлатгани исботланди, у мажбурий тарзда даволаниш учун наркодиспансерга юборилди.
Шифохонадан чиққан Муҳаббат турмуш ўртоғининг уйига қайтишдан бош тортди, ҳозирда у реабилитация марказида яшамоқда.
Қўшхотинлик муаммоси
Оилавий келишмовчиликларнинг келиб чиқишига эркакнинг қўшхотинликка майл билдириш ҳолатлари ҳам сабаб бўлади.
Наманганлик Мунира 2006 йилда Нурматга турмушга чиққан. 14 йиллик оилавий ҳаёт давомида оилада тўрт фарзанд дунёга келди. Афсуски, туғма юрак пороги билан туғилган кенжа қизнинг умри қисқа экан – доимий муолажалар кўрсатилмаслиги натижасида қизалоқ 2014 йил баҳорида ҳаётдан кўз юмди. Айни шу пайтда Нурмат қонуний хотини бўла туриб, тошкентлик Азиза исмли аёл билан ҳам турмуш қуриш фикрига тушиб қолди.
Муниранинг қаршиликларига қарамай, Азиза билан шариат бўйича никоҳ ўқитиб олган Нурмат икки оилада яшай бошлади. Қонуний хотини алиментга ариза берди. Натижада оиладан тўполонлар аримас, жанжаллар калтак билан тугаши ҳам одатга айланган эди. Карантин бошлангач, Нурмат Тошкентга қатнай олмай қолди ва биринчи оиласининг олдида қолишга мажбур бўлди.
Алиментларни ўз вақтида тўламаётган ота Мунирани «турмуш ўртоғимдан 21 млн сўм миқдоридаги алимент тўловини олганман», деган мазмунда тилхат ёзиб беришга қистай бошлади. Бундай ҳол аввал ҳам бўлган, Мунира бир тийин олмаган бўлса-да, эрининг тазйиқи остида «16 млн сўм алиментни олганман» деб ёзиб беришга мажбур бўлганди. Аммо бу гал рози бўлмади. Натижада Нурмат туман Мажбурий ижро бюроси ходимларининг кўз олдида аёлини шафқатсизларча калтаклади. Тўхтовсиз калтаклар воқеадан кейин ҳам бир ҳафта давом этди. Пичоқ суягига бориб қадалган Мунира уч боласини кўтариб маҳалла профилактика инспекторига арз қилиб борди. Инспекторнинг кўрсатган ёрдами эса ота уйига бормоқчи бўлган Мунирани катта йўлгача машинада чиқариб қўйишдан нарига ўтмади.
Карантин пайтида ота уйига етиб олиш имконини қила олмаган Мунира яна эрининг олдига қайтишга мажбур бўлди. Бу гал қайнона-қайнота ҳам келинни агрессия билан кутиб олишди. Яна калтаклар, хўрликлар. Муниранинг «Ишонч телефони»га қўнғироқ қилишдан бошқа чораси қолмади. Масалага ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари аралашгач, Жиноят процессуал кодексининг 52-моддаси билан Нурматга жиноий иш очилди. Мунирага эса ҳимоя ордери тақдим этилди.
Масъулларнинг бефарқлиги
Умида 33 ёшда. Х.Х.га бир дунё орзулар билан турмушга чиқди. Аммо умидлар оқланмади. Оилавий ҳаётнинг илк кунлариданоқ эри унга зулм ўтказар, арзимаган муаммолар учун ҳам қўли муштга тугилаверарди. Умида сабр қилиб, турмуш ўртоғини юмшата олишига, ўзи ва фарзандларига қилинаётган салбий муносабат ўзгаришига ишонар, шунинг учун ҳам шафқатсиз муносабатга тишини тишига қўйиб чидарди.
Ҳозир Умиданинг 8 нафар фарзанди бор, уларнинг 5 нафарини уйда, ҳеч қандай тиббий ёрдамсиз дунёга келтирган – Х.Х. ҳеч бир асосли сабабсиз шуни талаб қилган.
Аммо вазият Умида кутганидек юмшамади – калтаклар, ҳақорат ва хўрликлар тобора шафқатсиз тус ола бошлади. Шу йилнинг 29 апрель куни эри Умидани ўлар даражасига етгунча калтаклади, аёл туман шифохонасида ўзига келди.
Масалага Х.Х.нинг қариндошлари аралашиб, тиббиёт ходимларининг ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларининг ҳам оғзини мойлашди – Умида суд-тиббий экспертизадан ўтказилмади. Керакли текширув ва муолажалардан тўла ўтказилмаган жабрдийда яна эрининг уйига юборилди. Уйга қайтгандан кейин ҳам қаттиқ зарбалар зўридан ҳалигача ўзига кела олмаган Умиданинг аҳволи тобора ёмонлаша борди. Акаси Саҳобга қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтиргандан кейингина уни қайта шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб кетишди. Текширувлар натижасида жабрланувчининг умуртқа поғонаси жиддий жароҳатлангани ойдинлашди.
Умиданинг онаси «Ишонч телефони»га мурожаат қилгандан кейин масалага ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар аралашди, Умидага руҳий-психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилди, ҳимоя ордери берилди. Зўравон эр эса қаттиқ огоҳлантириш олди.
Республика гендер комиссияси қошидаги «Ишонч телефони» билан боғланиш учун:
Ҳуқуқшунос: +99897 137 26 26
Руҳшунос: +998 97 137 27 27
Операторлар: +99897 137 12 12; +998 97 137 24 24.
Мавзуга оид
17:26 / 08.11.2024
“Эмбрионлар қаровсиз қолиб кетди” - ЭКУ орқали фарзанд кутган аёллар алданди(ми?)
15:52 / 25.10.2024
Малайзияда аёл касал эрига 6 йил ғамхўрлик қилди, аммо эркак соғайгач, уни ташлаб кетди
13:50 / 11.10.2024
50 ёшдан кейин оила қурганлар сони маълум қилинди
17:16 / 05.09.2024