Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жорий йилда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 72 фоизга етади
2020 йилда жами 650 мингдан ортиқ аҳолини марказлашган ичимлик суви таъминоти билан қамраб олиш ва таъминланганлик даражасини 72 фоизгача ошириш, шунингдек 75 мингдан ортиқ аҳолини оқова тозалаш хизматлари билан таъминлашга эришилади. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Адиз Бобоев Kun.uz'га маълум қилди.
Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси президентининг жорий йил 10 январдаги тегишли қарори билан тасдиқланган 2020 йилги Инвестиция дастури доирасида Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғарма ҳисобидан 216 та объектда 3400 км ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда 120 та сув иншоотларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 1 триллион 277 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Шунингдек, халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларида Ўзбекистон Республикаси улушини молиялаштириш учун 78 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.
«Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан сув таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш ишларига жорий йилги Инвестиция дастурига қўшимча равишда 500,0 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Бугунги кунда, ҳукуматимизнинг тегишли топшириғига мувофиқ мазкур ажратилган маблағлар амалга оширилиши лозим бўлган 59та лойиҳа учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан жами 145 миллиард сўм маблағлар молиялаштирилиб берилган», - дея қўшимча қилди Адиз Бобоев.
2019 йилги Инвестиция дастури доирасида жамғарма ҳисобидан республикада ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш учун 1,1 триллион сўм маблағ ажратилганди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-2019 йилларда ҳудудларга амалга оширган ташрифларида давомида берган топшириқлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор ва фармойишларига мувофиқ 2019 йилда қўшимча равишда 635 миллиард сўм ушбу мақсадларга ажратилди.
Билдирилишича, мазкур маблағлар доирасида 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига ҳақиқатда бажарилган қурилиш-монтаж ишлари учун жамғарма ҳисобидан 1 триллион 664 миллиард сўм маблағлар молиялаштирилиб берилган.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотига кўра, 2019 йилги Инвестиция дастури доирасида 150та ҳамда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 165та аҳоли пунктларида жойлашган 477та ичимлик суви ва 8 оқова сув иншоотларида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиб, 4 681 км узунликдаги ичимлик суви ва 215 км узунликдаги оқова сув қувурлари ётқизилди.
Натижада, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига республика аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 68 фоиздан 70 фоизга ошган.
Жумладан, 2018-2019 йилги Инвестиция дастурлари доирасида жамғарма ҳисобидан Сурхондарё вилоятида «Бойсун туман маркази ва қишлоқ аҳоли яшаш пунктларини «Хўжамайхона» булоғидан сув билан таъминлаш» лойиҳаси учун 51 миллиард сўм маблағ ажратилиб, объект фойдаланишга топширилди ҳамда Бойсун туман маркази ва унга туташ бўлган қишлоқ аҳоли пунктларида яшовчи 50 мингдан ортиқ аҳоли кафолатланган ва сифатли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги «2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш Дастури тўғрисида»ги қарори билан Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.
Ушбу жамғарманинг даромад манбалари:
- сув ресурсларидан фойдаланганлик учун олинадиган солиқ бўйича тушумларга мос равишда давлат бюджетидан ажратиладиган ажратмалар;
- мақсадли бюджет ажратмалари;
- халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитлари;
- халқаро донорларнинг грантлари;
- Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг маблағлари;
- жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобланади.
Қарор билан билан ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш бўйича тасдиқланган дастурларни амалга оширилиши учун ўз вақтида молиялаштирилишини ташкил этиш, Инвестиция дастурларини шакллантиришда зарур бўлган маблағлар миқдори ва манбалари бўйича таклифлар тайёрлаш жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Мавзуга оид
23:06 / 24.04.2026
Саида Мирзиёева Тойлоқда аҳоли ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ўрганди
12:18 / 19.03.2026
30 мартдан бошлаб Тошкентда сув таъминотида узилишлар бўлади
09:06 / 03.01.2026
Ҳиндистонда ифлосланган ичимлик суви туфайли 9 киши вафот этди
09:56 / 27.11.2025