Ўзбекистон | 15:31 / 21.07.2020
13944
5 дақиқада ўқилади

Хитойдан 30 тонна маккажўхори уруғи олиб келган «тадбиркор»нинг ҳийласи иш бермади — божхона хабарлари

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати божхона органлари томонидан сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида Kun.uz`га маълумот берди.

Хитойдан келтирилган маккажўхори уруғи нега ҳужжатларда емга айланиб қолди?

Бухоро вилоятида жойлашган МЧЖ томонидан Хитой Халқ Республикасининг «Urumqi Perfect International Trading Co.Ltd» корхонасидан 30 тонна маккажўхори уруғи товари олиб келинади. Ушбу товар учун божхона тўловини давлат бюджетига тўлаш ўрнига, қинғирликка қўл урилади.

Яъни МЧЖ мансабдорлари божхона тўловларини камроқ тўлаш мақсадида ҳужжатларда ўзлари олиб келган товарларни божхона юк декларациясида бошқа Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси (ТИФ ТН) коди билан кўрсатиб, гўёки ҳайвонлар учун маккажўхори еми олиб келганликларини қайд этади.

Қизиғи шундаки, МЧЖ раҳбари хориждаги ҳамкор билан айнан экиш учун мўлжалланган маккажўхори уруғларини сотиб олиш ҳақида олди-сотди шартнома тузган бўлса-да, ушбу шартнома асосида хориждан жамият номига олиб келинган маккажўхори уруғлари инвойс ҳужжатида ҳамда божхона юк декларациясида бирданига ҳайвонлар учун мўлжалланган маккажўхори емига айланиб қолган.

Аммо унинг бу найранги иш бермади. «Арк-булоқ» ТИФ божхона постига товарлар ушбу ном билан тақдим этилган божхона юк декларацияси Давлат божхона қўмитасининг «Хавфни бошқариш» автоматлаштирилган ахборот тизими томонидан «қизил» йўлакка йўналтирилди.

Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан кўздан кечирилган ушбу товарларнинг қадоқларидаги мавжуд ёрлиқлар мутахассислар томонидан ўзбек тилига таржима қилинганда, ушбу товарлар божхона юк декларациясида кўрсатилган ҳайвонлар учун маккажўхори еми эмас, балки эртапишар бир бошоқли маккажўхори уруғлари экани аниқланган.

Шунингдек, тайинланган экспертиза жараёнларида божхона юк декларациясидаги товарларнинг ТИФ ТН коди аслида бошқа рақам билан таснифланиши ўз тасдиғини топди.

Натижада корхона мансабдор шахслари ТИФ ТН кодини ўзгартириш орқали 89,6 млн сўм божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаганликлари маълум бўлди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан корхона мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тергов органига юборилди.

 

«Lacetti»га яширилган тамаки ва парфюмерия маҳсулотлари

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлиги хизмати вакиллари билан ҳамкорликда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказди.

Тадбир давомида, фуқаро С.В. бошқарувидаги «Lacetti» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, транспорт воситасининг салони ва юкхонасида картон қутилар ва қора рангли хўжалик сумкаларига жойланган, хорижда ишлаб чиқарилган ва акциз маркалари билан маркаланмаган умумий қиймати 187,5 миллион сўмлик турли номдаги жами 12 470 қути тамаки маҳсулотлари ва 42,8 миллион сўмлик жами 204 дона парфюмерия маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

«Дамас»ни ташлаб қочиш наф бермади

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлиги хизмати чегара қўшинлари билан ҳамкорликда Пскент туманида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказишди.

Тадбир давомида, фуқаро Х.М. бошқарувидаги «Дамас» русумли автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда тўхтатилди.

Бироқ автоулов ҳайдовчиси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакилларини кўриши биланоқ, автоуловни орқага ҳаракатлантириб, чамаси 200 метр масофадан сўнг, автоуловни йўлнинг ўртасида қолдириб, ўзи номаълум томонга қочиб кетади.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур йўлдан ҳаракатланиб келаётган 6 нафар фуқаро тўхтатилиб, улар билан суҳбатлашилганда, мазкур фуқаролар чегара ҳудудига яқин жойдан хўжалик қопларига солинган қутиларни ташиб келиб, «Дамас» русумли автотранспорт воситасига ортганликлари маълум бўлди.

Ташлаб қочилган «Дамас»да умумий қиймати 278,6 миллион сўмлик жами 19 230 қути тамаки маҳсулотлари ортилгани аниқланди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид