Депутатнинг шов-шувли таклифи: у нега ёлғон ахборотдан фойдаланди?
«Миллий тикланиш» ДП марказий кенгаши раиси Алишер Қодировнинг чет элдан ўзбекистонликларни ватанга қайтаришни вақтинча тўхтатиб туриш ҳақидаги таклифи ижтимоий тармоқларда кескин норозилик келтириб чиқарди.
Тўғри, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати хориждаги фуқароларни улар айни пайтда бўлиб турган мамлакатларда даволашни молиялаштириш таклифини билдирган ва бу таклиф кўпчиликнинг эътиборидан четда қолиб кетди. Чунки нашрлар А.Қодиров томонидан билдирилган фикрнинг айнан контекстдан ажратиб олинган қисми — «хориждаги ўзбекистонликларни мамлакатга киритмаслик»ни сарлавҳага олиб чиқишди.
Журналист Баҳодирхон Элибоев шундай ёзади:
«Алишер Қодиров хориждаги ватандошларни киргизмасдан, ўша ерга пул юборайлик, у ерда қарашсин, деяпти. Хўш, бунинг нимаси ёмон? У «ташлаб қўяйлик» демаяпти-ку?! «Ўлиб кетсин» дегани йўқ. «Ўша ердаги расмийлар билан келишиб, пулини берайлик, тузатишсин, кейин олиб кирсак майли», деяпти, шекилли?».
А.Қодиров ўз Телеграм каналида билдирган фикрларини қувватлаш мақсадида қуйидагиларни ҳам ёзган эди:
«Вирусларни аниқлаш ва улар билан курашишда Исроил давлатидаги тажриба ўргангулик. Улар 2020 йилнинг 1 сентябригача барча кирувчилар учун чегараларини ёпди. Нимага? Чунки ичкарига кирган ҳар бир инсон вируснинг янги, бораётган жойидаги муҳитга мослашмаган типини олиб кириши мумкин. Бу — янги тўлқин дегани.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам «Вабо тарқалган жойга бормангиз, агар турган жойингизда вабо бўлса, у ердан кетмангиз», деб бекорга айтмаганлар».
Айни пайтда каналда Исроил тажрибасига оид фикр ўчирилган, ҳадис эса қолдирилган.
Турли ижтимоий тармоқда билдирилган норозилик кайфиятидаги фикрлар орасида Исроил тажрибаси қўлланиши кераклигига қарши бўлганлар сони кўплиги ҳам фикрнинг ўчирилишига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Депутат, ўз фикрини маъқуллаш учун ёлғон ахборотдан фойдалангани қизиқ.
Қолаверса, ТАССнинг Исроилдаги Kan радиосига асосланиб хабар беришича, Исроил ўз фуқароларига мамлакатга киришни чекламаган. Фақат 18 март куни коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун мамлакатга хорижий фуқароларнинг кириб келишига нисбатан жорий этилган тақиқни 2020 йилнинг 1 сентябргача чўзган.
Қолаверса, Kun.uz сайтида Исроилда истиқомат қилаётган фуқаролардан бирининг 6 ёшли фарзанди коронавирусга қарши кураш ўз ҳолига ташлаб қўйилган Беларусь Республикасидан қандай қилиб олиб чиқиб кетилгани ҳақидаги воқеасини ёритилган, унда давлат органлари ва раҳбарлар унга қандай ёрдам беришгани ҳақида ҳикоя қилиб берилган эди.
«Хориждан ватандошларимизни олиб келишни тўхтатиш, уларни турган мамлакатларида даволанишларини молиялаштириш ҳақида ўйлашимиз керак. Бу биринчи навбатда ўша ватандошимизнинг қариндошларига, қолаверса, бутун Ўзбекистонга яхшилик бўлади. Яна бир янги штамм халқимиз учун жуда оғир бўлади», — дея фикр билдирган сиёсатчи.
Сўнгги ҳафталарда мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинаётган ва унинг оқибатида вафот этаётган фуқаролар сони орта бошлагани ҳақиқат. Сиёсатчи эса айнан хориждан қайтган фуқаролар мамлакатга коронавируснинг оғирроқ штаммини олиб кирганликда билвосита айбламоқда.
Бироқ ҳали бирор расмий манба коронавируснинг оғирроқ штаммини хориждан кириб келаётган фуқаролар олиб келганини тасдиқлаган эмас. Буни ҳам депутатнинг хаста тасаввурига йўйиш мумкин.
Боз устига, президент Ш.Мирзиёев яқиндагина чет элларда қолиб кетаётган ва қайтиш истагидаги фуқароларимизни албатта қайтариб олиб келишини таъкидлаган эди.
Майли, Қодировнинг таклифини жуда жўяли ва ўринли, деб ҳисоблаб турайлик.
Хориждаги миллионлаб ҳамюртларимиз ичидан Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлганлари орасида аниқланган касалларни ўша ерда даволашни ташкил қилишни қандай тасаввур этмоқда жаноб Қодиров? Ким уларнинг ҳисобини юритади ва ким, қайси манбадан пул тарқатади?
Оғизда исталган ишни «бажарамиз», деб катта гапириш мумкин. Лекин «Қуруқ қошиқ оғиз йиртар», дейишади. Чиндан ҳам, буни ким ва қандай ташкиллаштириши керак?
Ҳамма кўриб-билиб турибди: Ўзбекистоннинг ичидаги ҳолат қарийб изидан чиқиб бўлди. Врачлар, ҳамширалар, «Тез ёрдам» хизматлари, ўпкага сунъий нафас юбориш қурилмалари етишмаяпти. Кўпчилик тест топшира олмаяпти, тест топшира олганлар эса жавобини ҳафталаб кутишмоқда. Кўпчиликнинг касаллиги ва ўлими аллақачон ҳеч қандай статистикага қўшилмаяпти. Нашрларда аллақачон ўлим ҳолатларининг ССВникидан фарқ қилувчи статистикасини юритишмоқда.
Ўзбекистон ичида вазият бироз эпақага келган бўлганда эди, депутат айтган нарсага балким киришиш мумкин эди. Лекин айни ҳолатда бунинг мутлақо иложи йўқ.
Бинобарин, Муҳрим ҳақ. Депутат чиндан ҳам, «айни дамда ўзимиздаги муаммолар ҳам етарли», деган важ билан хориждаги ватандошларимизни мамлакатга киритмасдан, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйишни таклиф қилмоқда, деб тушуниш мумкин.
Шуҳрат Шокиржонов.
Мавзуга оид
18:21 / 11.11.2024
Алишер Қодиров ЛГБТ тарғиботини тақиқловчи қонун ишлаб чиқилишини маълум қилди
15:34 / 20.10.2024
Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
16:23 / 29.08.2024
“Болалар 7-синфдан кейин қобилиятидан келиб чиқиб ўқитилиши керак” – Алишер Қодиров
10:59 / 12.07.2024