Жамият | 14:00 / 22.07.2020
27468
3 дақиқада ўқилади

Фото: Тошкентда «Ўзбекнефтгаз» бренди остидаги биринчи АЁҚШ очилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖ фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, истеъмолчиларга замон талабларига жавоб бера оладиган тарзда хизмат кўрсатиш кераклиги борасида бир қатор топшириқлар берилди. Жорий йилнинг 16 июль куни давлатимиз раҳбарига, «Ўзбекнефтгаз» Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан соҳада қилинаётган ва қилиниши режалаштирилган ишлар ҳисоботи топширилди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, 21 июль куни Тошкент шаҳри Паркент кўчасида давлат раҳбари томонидан берилаётган топшириқлар ижросини таъминлаш учун замонавий талабларга жавоб берадиган, барча қулайликларни ўзида мужассамлаштирган «Ўзбекнефтгаз» бренди остидаги АЁҚШнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

АЁҚШда автомобилларга ёқилғи қуйишдан ташқари уларга техник хизмат ҳам кўрсатилади. Шохобчада автомобилларда техник таъмирлаш ишларини ўтказиш, мотор мойларини алмаштириш ва шу каби хизматлар йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, автомобил эҳтиёт қисмлари дўкони, мижозлар учун хизмат кўрсатувчи озиқ-овқат ва фаст-фуд шохобчалари ҳамда кофе ва салқин ичимликлар савдоси ҳам ташкил қилинган.

Расмий релизга кўра, ушбу замонавий объект «Ўзбекнефтгаз» AЖнинг рамзи ва тегишли тимсолларига, танланган миллий брендга мос равишда барпо қилинган.

Очилиш маросимида «Ўзбекнефтгаз» AЖ бошқарув раиси Меҳриддин Aбдуллаев бевосита қатнашиб, бу каби шохобчалар яна кўплаб ташкил этилишини маълум қилди.

«Ушбу шохобча биринчи лойиҳамиз бўляпти. Тошкент шаҳрида 30дан ортиқ шохобчаларимизни йил охиригача худди шу тарзда реконструкция қилиш режамизда бор. Бунинг учун маблағларимиз ҳам етарли. Пандемия бўлишига қарамасдан халқимизга яхши хизмат кўрсатиш, шунингдек, бошқа шохобчалар билан рақобатчи бўлишимиз керак.

Йил охиригача нефтдан фақат тайёр газ ва бензин олиш эмас, балки бошқа маҳсулотларни ҳам олиш режаларимиз бор. Бундан ташқари, 2023 йилгача бошқа йирик лойиҳаларимиз ҳам бор», – деди Меҳриддин Aбдуллаев.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 февралдаги 143-сонли «Ўзбекнефтгаз» AЖ самарадорлигини оширишга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари тармоғини бирлаштирувчи бошқарув компанияси сифатида ва «UNG» миллий бренди асосида хизмат кўрсатувчи «UNG Petro» корхонаси ташкил этилган. Республика бўйлаб 100га яқин станция корхона таркибига киритилган.

Мавзуга оид