Ўзбекистон | 13:26 / 22.07.2020
3851
2 дақиқада ўқилади

Паспорт олишга улгурмаган 2 мингга яқин абитуриентга махсус маълумотлар тайёрлаб берилди

Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Диёрбек Қўчқоров АОКАда ўтказилган брифингда паспорт муаммоси туфайли рўйхатдан ўта олмай қолган абитуриентлар йўқлиги маълум қилинди.

«Рўйхатдан ўтишнинг охирги кунларида келиб тушган мурожаатларга кўра, 16 минг нафарга яқин абитуриент фуқаролик паспорти олиш учун ҳужжат топширган. Уларнинг 14 мингдан ортиғига паспортлар етказилгани тўғрисида масъуллар томонидан маълумот берилди», дея таъкидлади ДТМ расмийси.

Қайд этилишича, 2 мингга яқин абитуриентнинг паспорт олишга улгурмаслиги аниқ бўлгач, уларга паспортнинг ўрнига Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан 03-шакл (олдинги 09-шакл) маълумотномалар берилди.

«Улар ОТМларнинг қабул комиссиялари орқали ҳужжат топширган. Ўқишга кириш ниятида бўлган, лекин паспорт муаммоси туфайли ҳужжат топшира олмай қолган абитуриентлар йўқ», деди Диёрбек Қўчқоров.

Эслатиб ўтамиз, ДТМ 09-шакл маълумотнома орқали рўйхатдан ўтиш фақатгина кириш имтиҳонларига қабул жараёнларига тааллуқли экани, абитуриентларга тест синовлари бошлангунга қадар фуқаролик паспортини олиш тавсия этилганди. Фуқаролик паспортисиз эса абитуриентга тест синовларига киришга рухсат берилмаслиги маълум қилинган.

Бундан аввалроқ бу йилги энг ёш абитуриент 13 ёшда экани хабар қилинганди.

Мавзуга оид