Жаҳон | 23:06 / 22.07.2020
6744
3 дақиқада ўқилади

Ефремовнинг судида Мамаев ва Кокорин ишини кўрган судья ишлайди

8 июнь куни Россиялик таниқли актёр Михаил Ефремов содир этган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида одам ўлганди. Актёрнинг суд ишида футболчилар Александр Кокорин ҳамда Павел Мамаевнинг ишинb кўрган судья ишлаши маълум бўлди.

Фото: Известия

Маълум бўлишича, Ефремов ишини мамлакатнинг таниқли судьяларидан бири Елена Абрамова кўриб чиқади. У аввалроқ футбол бўйича Россия миллий жамоаси аъзолари Александр Кокорин ва Павел Мамаевнинг безорилик бўйича ишини кўриб чиққан ва уларни қамоққа ҳукм қилган. Шунингдек, бу судья Россия ички ишлар вазирлиги полковниги Дмитрий Захарченконинг судида ишлаган.

Ефремов иши бўйича суд мажлисининг бошланиш санаси ҳали белгиланмаган. Бу ишда жабрланувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат Александр Добровинский аввалроқ суд жараёни августда бошланиши мумкинлигини айтганди.

Актёр Михаил Ефремов 8 июнь куни маст ҳолда Москва марказидаги Смоленская майдонида автоҳалокатга сабаб бўлади. Оқибатда «Лада» фургонини бошқариб кетаётган «Деликатеска» интернет дўкони курьери Сергей Захаров мазкур автоҳалокатда вафот этади. Шундан сўнг Ефремов уй қамоғига олинганди.

Футболчилар Кокорин ва Мамаев эса Москвадаги «Кофемания» ресторанида Савдосаноат вазирлиги ходими Денис Пак билан жанжал уюштирган ҳамда уни калтаклаб, тан жароҳати етказган эди. Ўшанда бу икки футболчи олдиндан тил бириктирган ҳолда безорилик қилиб Денис Пакка тан жароҳати етказишда айбланган эди.

Ишни кўриб чиққан судья Елена Абрамова Кокоринга 18 ой, Мамаевга эса 17 ойга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган эди. Ўшанда судьянинг бу икки футболчига қамоқ жазосини тайинлаши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлган эди. Жамоатчилик футболчиларни жарима қилиб қўйиб юборишади ёки уларга озодликни чеклаш жазоси қўлланилади деб ўйлаганди.

Елена Абрамова кўриб чиқан яна бир шов-шувли иш бу Россия ИИВда юқори лавозимда ишловчи Дмитрий Захаренконинг уйидан 9 миллиард рубль топилгани борасидаги иш эди. Долларда ҳисоблаганда қарийб 130 миллион доллар пул ИИВнинг юқори лавозимли ходимининг уйида қандай пайдо бўлиб қолгани ўшанда кўпчиликни ҳайрон қолдиргани рост.

Захаренко катта миқдорда пора олди-бердисида айбланади ва ҳибсга олинади. Елена Абрамова томонидан 2019 йилда кўриб чиқилган мазкур ишда Захаренко иккита модда – катта миқдорда пора олди-берди қилиш ва терговга тўсқинлик қилиш бўйича айбланиб, 13 йил қамоқ жазоси олади. Кейинроқ апелляция тартибида иш қайта кўриб чиқилади ва Абрамова Захаренкодан асосий айбловлардан бири – La Maree ресторани эгасидан 800 минг доллар пора олиш айбловини олиб ташлаб, уни оқлайди.

Мавзуга оид