Ўзбекистон | 23:36 / 23.07.2020
41490
7 дақиқада ўқилади

«Чекловларсиз вазият издан чиқиб кетган бўларди» – Нурмат Отабеков карантин ўз натижасини бераётгани ҳақида гапирди

10 июлдан бошлаб Ўзбекистонда яна қаттиқ карантин режими жорий қилинди. Хўш, бу кўзланган натижани бердими? Чекловлар муддати узайтирилишидан қандай мақсад кўзланган? Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун президент томонидан «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган мутахассис, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков билан суҳбатлашди.

– Нурмат Сатиниязович, 10 июлда бошланган карантин чекловларидан қандай мақсад кўзланганди ва уларга эришилдими? Яъни 20 кунлик бу чекловларнинг самараси қандай бўлди?

– Кўпчиликни рақамлар қизиқтиради, аммо афсуски вируснинг тарқалиши бўйича турли тахминлар қилиш ва барчасида адашиш мумкин. Агар бу чекловлардан олдинги давр билан солиштирадиган бўлсак, умумий қайд қилинган беморлар сони 10 минг нафар атрофида бўлгани ҳолда ҳар кунлик вирусга чалиниш кўрсаткичи 500 нафардан ошиб, 600 нафарга яқинлашиб қолган эди. Мана, ҳозир жами беморлар сони 19 мингга яқинлашяпти, бир кунда қайд этилган янги ҳолатлар сони эса 500дан кам бўлди.

Биз вируснинг камида бир яширин даврича муддатда қаттиқ карантин чораларини қўлладик, айниқса шанба-якшанба кунлари бу масалага ниҳоятда жиддий қаралди. Бу ўз натижасини берди. Албатта, юқорида айтганимдай тахминлар қилиш дуруст эмас, аммо реал ва минимал ҳисоб-китобларга кўра ҳам агар бу чораларни кўрмаганимизда, кунига ўртача 700та, балки 1000та янги ҳолатлар қайд этилаётган бўларди. Касаллик кескин кўпая бошлаган пайтда ана шу суръатни ушлаб қолганимизнинг ўзи натижа.

Карантин муддатининг охирларидан бу чекловларнинг ижобий натижалари кўрина бошлайди.

– Президент бу чекловлар муддатини узайтириш таклифини маъқуллади. Бу таклиф тарафдорлари орасида сиз ҳам бормисиз?

– Нафақат мен, балки соҳанинг кўплаб етакчи мутахассислари шундай қилиш тарафдори эдик ва Республика махсус комиссиясининг амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифи давлат раҳбари томонидан маъқулланди. Нима дейилганда ҳам, тиббиёт тизими узлуксиз танқидлар остида қолганда ҳам бир гапни айтишим керак – биз вирусни айнан ана шу карантин чоралари туфайли назоратда ушлаб турибмиз, эпидемиологик жараённи жиловлаб олганмиз. Чекловларни қўлламаганимизда, вазият чиндан издан чиқарди. Буни аниқлаш осон, қўшни давлатлар билан ҳам, аҳолиси биз билан тенг давлатлар билан ҳам солиштириш кифоя. Тасаввур қилайлик, ўша давлатлар сингари бизда ҳам кунига бир неча минглаб беморлар қайд этилганида нима бўларди?

Шу боис, карантин чоралари ўзини оқлаётганига, уни узайтиришга катта зарурат борлигига шубҳа йўқ. Бунинг яна бир сабаби, бирор давлат, бирор ташкилот бу касалликни жиловлаб олиш, тугал даволаб юбориш бўйича мақтана олмайди. Ҳатто Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бу касаллик қарши «мана бу эшикдан кирасан, мана бунисидан чиқасан» деган мазмундаги қатъий қўлланма тақдим қила олмади.

Ўзбекистон ўз тажриба ва услубларидан келиб чиқиб, ўзининг тактикасини танлаб оляпти. Яъни ўзи исботлаган тажрибани ўзи яна татбиқ этди. Одамларнинг тўпланишларини чеклаш, тиббий ниқоблар мажбурийлиги бўйича талаблар каби чекловларда қатъий турилгани ўз самарасини берди.

Албатта, хориж тажрибаси ҳам мунтазам кузатиб келиняпти, касалликка қарши ҳар қандай самарали усул бўйича маълумот дарҳол ўрганилмоқда ва лозим бўлса, қўллаб кўрилмоқда. Чунки бу ўз номи билан пандемия.

Бу сафарги карантин чекловлари даврида иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ишлашига рухсат берилган. Мана шу тартибда олиб бориш, яъни иқтисодни ҳам сақлаб туриш, карантинни ҳам сусайтирмаслик албатта яхши самара беради.

– Нурмат ака, ўрни келганда бир савол – сизнинг анча муддат муқаддам «Барча беморларни шифохонага олишга, даволашга қурбимиз етади» деган мазмундаги гапларингиз ёзилган қисқа видеолавҳа шу кунларда жуда тарқалиб кетди. Ўзингиз бу лавҳа остидаги эътирозларни кузатдингизми?

– Менда унақа изоҳларни кузатиб ўтиришга вақт ҳам, хоҳиш ҳам йўқ. Ахборот асрида яшаяпмиз, ҳар қандай гапни турлича талқин қилиш мумкин. Лекин ақли бор одам бу гаплар қаерда, қандай вазиятда айтилганини мушоҳада қилади ва шундан кейингина хулоса чиқаради. Менинг бу гапларим айтилганига пандемия нуқтайи назаридан жуда кўп муддат бўлди. У пайтда беморлар сони кам, ҳар бири билан индивидуал шуғулланилаётган эди.

Лекин бу «ҳозир энди тиббиётимиз иложсиз қолди, бу гапларим эскириб бўлди» дегани эмас, асло. Ҳозир ҳам тизим барча чораларни кўряпти, юзага келган муаммоларнинг ҳар бири дарҳол муҳокама қилиняпти, ечими устида узлуксиз ишланяпти. Агар кимдир дунёни қамраб олган пандемия чоғида ҳаммаси силлиқ кетади, деб ўйлаган бўлса, адашади. Гап ҳамжиҳатликда, ваҳимага тушмай шу муаммоларни ечишда.

 – Нега турли манбаларда тиббиёт ходимлари коронавирус ташхиси, даволаш ва профилактикаси бўйича бир-бирига умуман қарама-қарши фикрларни ёзишяпти. Аҳолининг ҳам кимга ишонишни билмай боши қотган. ССВ раҳбарлигида ҳамма шифокорлар ягона бир тўхтамга келиб олиб, бир хил тавсиялар берса бўлмайдими?

– Ҳақиқатдан ҳам фалсафада плюрализм – фикрлар ва қарашлар хилма-хиллиги тушунчаси бор. Бир соҳа вакилларининг ҳар хил фикрда бўлиши табиий ҳол, у ўз йўлида баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб, натижада ҳақиқат қарор топади. Бироқ, кўпчилик бирданига битта саволнинг жавобига қизиқиб қолиши, одамларнинг эътиборини қозона олмаган, мутахассис сифатида ўзини намоён қилолмаган, соҳада ўрнини тополмай ҳаётдан, жамиятдан аразлаб юрган тиббиёт ходимларини ҳам беихтиёр мардлар майдонига олиб чиқиб қўйди.

Мен соғлом рақобат, соғлом баҳс-мунозара тарафдориман, уни қўллаб-қувватлайман. Бироқ ўзини оқ қилиб кўрсатиш учун, бошқани қора дейишларини асло хоҳламасдим. Кузатиб боряпман, баъзи тиббиёт ходимлари қайсидир тоифадаги беморларга нималарнидир тавсия этса, дарҳол иккинчи бир шифокор пайдо бўлиб, ушбу тавсияларнинг нотўғрилиги, фойда бермаслиги, ҳатто зарари борлигини билдира бошлайди. Шу ўринда, бу каби маълумотларни ўқиб мушоҳада қилаётган оддий одамларни аҳволини кўз олдимга келтириб кўряпман. Натижада одамлар, озгина нотўғри ўхшатиш бўлса ҳам айтаман, «Ёстиқни қаерга қўйиш кераклиги»ни билмай қолишяпти.

Назаримда, тиббиёт ходимлари бир-бирларини тўлдиришни, қўшимча тавсиялар беришни, лозим бўлганида қайсидир шифокор ниманидир билиб-билмай нотўғри тавсия қилган бўлса, ушбу вазиятдан шифокорни ва унинг тавсияларига ишонган фуқарони секингина олиб чиқиб кетишни ўрганиши керак.

Ҳар бир даврнинг ўз қаҳрамонлари бўлади, бугуннинг қаҳрамонлари эса тиббиёт ходимлари эканлиги халқимиз томонидан эътироф этиляпти. Вақт олий ҳакам, кунлар келиб ҳамма нарса жой-жойига тушиб кетади. Шу пайтда, ҳозир ўзларига юқори баҳо бериб юборганлар яна ўз ўринларига тушишади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди

Мавзуга оид