Жамият | 20:55 / 24.07.2020
18327
2 дақиқада ўқилади

Бухорода 3 нафар канализация устаси ис газидан вафот этди, яна бири шифохонага ётқизилди – Тергов департаменти

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, Бухоро шаҳридаги янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг канализация қувурларини шаҳарнинг асосий канализация тизимига улаш вақтида 3 нафар эркак ис газидан вафот этган, яна бири шифохонага ётқизилган.

Қайд этилишича, 24 июль куни «Бухоро махсус сув қурилиш» МЧЖ ходимлари Бухоро шаҳрининг  Абдураҳмон Жомий кўчасида жойлашган янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг канализация қувурларини шаҳарнинг асосий канализация тизимига улашаётганда канализациядан чиқаётган газлардан заҳарланишган.

45 ва 47 ёшли ишчилар қувурларни монтаж қилиш жараёнида ҳушидан кетганини кўрган 27 ёшдаги бошқа бир ишчи уларга ёрдам бериш мақсадида канализация қувурига тушган. Бироқ у ҳам канализациядан чиқаётган газлардан заҳарланиб ҳушидан кетган. Унга ёрдамга шошилган 41 ёшли яна бир ишчи қувур ичига тушган,  у ҳам заҳарланишдан ҳушидан кетган.

Тергов департаменти ҳодиса жойига етиб борган маҳаллий аҳоли фақатгина «Бухоро махсус сув қурилиш» МЧЖ 41 ёшли ходимини қутқариб қолгани, қолган уч эркак ҳодиса жойида ис газидан заҳарланиб вафот этганини билдирмоқда.

Ҳаёти сақлаб қолинган ишчи айни пайтда шифохонага ётқизилган.

Ҳодиса жойида терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид