Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон самолётлар билан боғлиқ можаро бўйича АҚШга жавоб қайтаришни ваъда берди
Теҳрон Сурия ҳаво ҳудудида юз берган воқеа бўйича АҚШга муносиб жавоб қайтаришини ваъда берди.
Аввалроқ, Эроннинг Mahan Air авиакомпаниясига тегишли бўлган ва Теҳрон – Байрут йўналиши бўйича учиб кетаётган самолётга Сурия осмонида АҚШнинг 2та қирувчи самолёти хавфли даражада яқинлашган ва учувчиларнинг тўқнашувдан қочиш учун қилган мажбурий ҳаракатлари натижасида бир неча йўловчи жабрланган эди.
«Эрон Ислом Республикаси ўз халқига нисбатан таҳдидли ҳаракатларни жавобсиз қолдирмайди ва вақти келганда муносиб жавоб қайтаради», - деди мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги вакили Аббос Мусавий.
Унинг сўзларига кўра, Эронда террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) халқаро авиақатнов қоидаларини бузган.
«АҚШ ҳарбийларининг Сурияда бўлиши ноқонуний, жумладан қирувчи самолётларини ҳам. Муҳими шундаки, ҳеч ким АҚШга фуқаролик самолётларини қирувчи самолётлар ёрдамида текширишга рухсат бермаган. Бу ноқонуний ва инсонлар ҳаёти учун хавфли. Америкаликлар баёнотига қарамай, хавфсиз масофа сақланмаган», - деб таъкидлади Мусавий.
У Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти орқали АҚШга нисбатан чора кўрилишига эришмоқчи эканини қўшимча қилди.
АҚШ марказий қўмондонлиги (CENTCOM) матбуот хизмати берган баёнотда Ҳарбий ҳаво кучларининг F-15 қирувчи самолёти Эрон йўловчи самолётини халқаро меъёрларга мувофиқ 1 км узоқликда кузатиб боргани айтилган эди.
«F-15 қирувчи самолёти Суриядаги коалиция ҳаракат қилувчи Ат-Танф гарнизони осмонида оддий ҳаво миссиясини бажарди ва Mahan Air авиалайнерини тахминан 1000 метрлик хавфсиз масофадан кўздан кечирди. Бу Ат-Танф гарнизонидаги ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилди», — дейилади қўмондонлик баёнотида.
Қайд қилинишича, F-15 учувчиси самолётнинг Mahan Air авиакомпаниясига тегишли йўловчи лайнер эканига ишонч ҳосил қилганидан сўнг, хавфсиз масофага узоқлашган.
Мавзуга оид
08:37
Ҳўрмуз бўғозидаги чекловлар олиб ташланди, музокаралар бошланди
22:16 / 18.06.2026
АҚШ вице-президенти Ҳўрмуз бўғози блокадаси очилганини эълон қилди
21:12 / 18.06.2026
Нефть нархи АҚШ ва Эрон уруши бошланганидан бери энг паст даражага тушди
14:15 / 18.06.2026