Ўзбекистон | 23:18 / 24.07.2020
10418
2 дақиқада ўқилади

Карантин қоидасини бузган самарқандликлар умумий 18 миллиард сўм жаримага тортилган

Самарқандликлар март ойидан буён эълон қилинган карантин вақтида жорий қилинган чекловларни бузгани учун умумий 18 миллиард сўм жаримага тортилган.

Фото: KUN.UZ

Самарқандда март ойидан бошлаб бугунги кунга қадар карантин қоидаларини бузгани учун 78 мингдан ортиқ баённома расмийлаштирилган ва қоидабузарларга нисбатан 18 миллард сўмлик жарима қўлланган. Бу ҳақда халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят ИИБ бошлиғи Шавкат Раҳмонов маълум қилди.

Айтилишича, бугунги кунга қадар вилоятда 34 мингдан ортиқ фуқаро кузатувга олинган бўлиб касаллик аломатлари кузатилмагани учун 30 406 нафари карантин назоратидан чиқарилган. Ҳозирги вақтда 4 267 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Ахборотга кўра, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, карантин қоидаларига қатъий амал қилинишини назорат қилиш юзасидан вилоятнинг ҳар бир шаҳар-туманларида секторлар кесимида ҳокимият, прокуратура, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, ДСИ ва ИИБ ходимларидан иборат жами 128та ишчи гуруҳ тузилган.

Вилоят ҳудудидаги ташкилотлар ва муассасаларда ходимларнинг карантин ва санитария қоидаларига риоя қилишларини ўрганиш давомида 1 531та карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. 25дан ортиқ корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда фуқаролар расман огоҳлантирилган.

Аҳоли ўртасида бугунгача 78 196та баённома расмийлаштирилган бўлса, шундан 63 659таси жамоат жойида тиббий ниқоб тақмасдан юриш билан боғлиқ. 7 719та ҳолатда стикерсиз транспорт воситасини бошқариш бўйича баённома расмийлаштирилиб, автомашиналар жарима майдончасига қўйилган.

Шунингдек, мингдан ортиқ сабабсиз жамоат жойларида тўпланиш, 2та маросим ва йиғин ўтказиш, 3та ҳолатда ижтимоий тармоқларда ваҳима тарқатиш юзасидан фуқароларга жарима қўлланилган.

Мавзуга оид