Ўзбекистон | 21:19 / 25.07.2020
2607
4 дақиқада ўқилади

АКТ вазири аграр соҳада жорий этилиши кутилаётган рақамли технологиялар ҳақида маълумот берди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинлар ҳолатини тезкор ва аниқ баҳолаш мақсадида космик маълумотлардан фойдаланиш бўйича Андижон вилоятида тажриба лойиҳаси амалга оширилаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, лойиҳа доирасида Андижон вилоятининг майдонлари вектор форматида “Монтерра” онлайн платформасига киритилмоқда.

«Мазкур платформа ҳозирги кунда Давергеодезкадастр қўмитасининг “Ер ахборот” тизими билан ўзаро интеграция қилинди. Лойиҳа сентябрь ойида ишга тушади ва Андижон вилоятидаги барча экин майдонларининг таҳлилий маълумотлари шакллантирилиб, ер эгаларига тақдим этиш имконияти яратилади.

21 июль куни Президентимиз ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Ушбу йиғилишда вазирлигимиз олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйилди.

Жумладан, йиғилишда, кадастр идоралари зиммасига ернинг ҳисоби ва балансини юритиш, йил якунига қадар ер тури, контури, чегараси ва фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар жамланган ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси юкланди. Энди ер ажратиш тўғрисидаги қарор мазкур тизимга киритилсагина ҳақиқий ҳисобланади. Шунингдек, сунъий йўлдош каналларини ижарага олиш ва сигналларни қайта ишлаш тизимини ташкил этишга кўрсатма берилди. Бу эса космосуратларни йиллар бўйича таққослаш орқали ҳосилдорликни таҳлил қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини мунтазам ўрганишда қўл келади.

Йил якунига қадар қишлоқ хўжалиги майдонларини электрон танлов ва аукцион асосида ажратиш тартибини жорий қилиш, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ер тоифаларини оптималлаштириш борасидаги ишлар ўз вақтида бажарилишида вазирлигимиз бошқа мутасадди ташкилот ва идоралар билан яқиндан ҳамкорликда иш олиб боради.

Мазкур вазифаларнинг самарали амалга оширилиши, шубҳасиз, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади, замонавий тараққиётнинг янги қирраларини ўзлаштиришга хизмат қилади», дея Шуҳрат Содиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазирнинг таъкидлашича, ер муносабатлари, қишлоқ ва сув хўжалиги ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш мақсадида рақамли ҳамда геоахборот технологиялари тизимини жорий этиш бўйича АКТ вазирлиги олдига аниқ вазифалар қўйилган.

«Республикамизда геоахборот технологияларини ривожланириш мақсадида соҳада етук тажрибага эга бўлган хорижий компанияларнинг тажрибаси ўрганилди. Ҳозирги кунда хорижий компанияларнинг ерни масофадан зондлаш йўлдошлари олган космик суратларни республикамиз ҳудудида қабул қилиш ва уларга ишлов бериш учун «виртуал» қабул қилиш станцияси (геоахборот марказини)ни ташкил этиш лойиҳаси бўйича таклифлар ўрганилмоқда.

Мазкур лойиҳа - геоахборот технологияларини трансфер қилиш ва маҳаллий мутахассисларни халқаро даражада тайёрлашни ҳам ўз ичига қамраб олади. Бунинг натижасида космик суратларни қабул қилиш ҳамда уларга ишлов бериш орқали геодезия, картография ва кадастр йўналишлари, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш ишлари самарадорлиги таъминланади», дейди у.

Шуҳрат Содиқовга кўра, қишлоқ ҳамда сув хўжалиги, табиий ва техноген фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, экология, археология, шаҳарсозлик ҳамда йўл қурилиши, чегара назорати, хавфсизлик ва мудофаа соҳаларидаги айрим масалаларни ҳал этиш тизими ҳам яратилади.

«Ер ҳамда кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш йўналишида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бугунги кунда 8 та электрон давлат хизматлари жорий қилинган бўлиб, 50 мингга яқин аризалар келиб тушган.

Мазкур йўналишда аҳолига қўшимча қатор қулайликларни яратиш, энг асосийси мазкур йўналишда “инсон омили”ни чеклаш мақсадида жорий йил якунига қадар 5 та давлат хизматлари такомиллаштирилади», дейди АКТ вазири.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид