Ўзбекистон | 14:44 / 06.12.2025
1207
2 дақиқада ўқилади

2027 йилгача рақамли технологиялар соҳасида 200 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда

«Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида ишлаб чиқилган президент қарори лойиҳасига мувофиқ, рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантириш, АТ-саноатнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва стартаплар экотизимини қўллаб-қувватлаш ҳисобидан 2027 йилгача рақамли технологиялар соҳасида 200 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, рақамли технологиялар соҳасидаги хизматлар ҳажмининг ўртача йиллик ўсиши камида 20 фоиз даражасида таъминланиб, уларнинг умумий ҳажми 150 трлн сўмга етказилиши белгиланган. Шунингдек, соҳага 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция жалб этиш ва рақамли хизматлар экспортини 1,5 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсад қилинган.

Қарорда стартап-лойиҳаларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг ягона экотизимини 2026 йил 1 январдан жорий этиш назарда тутилган. Бунинг доирасида Startupbase.uz платформаси орқали стартаплар фаолиятини ғоя босқичидан бозорга чиқишгача кузатиб бориш, махсус стартап-студиялар ташкил этиш, идеатон ва хакатонлар орқали энг яхши ғоя ва АТ-ечимларни аниқлаш ҳамда уларни амалиётга жорий этишга кўмаклашиш кўзда тутилган.

Ёшларнинг рақамли технологиялар бўйича стартап-лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида энг яхши ғоя ва ИТ-ечимлар муаллифларига 10 минг АҚШ долларигача грантлар ажратилиши, олий таълим муассасаларига талабалар ва илмий ходимлар стартапларига ҳар бир лойиҳа учун 20 минг АҚШ долларигача инвестиция киритиш ҳуқуқи берилиши белгиланган. Университетларда инкубация марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, «стартап-менежер» ва «стартап-трекер» лавозимларини жорий этиш ҳам кўзда тутилган.

Қарорга мувофиқ, Рақамли стартаплар дастури иштирокчиларига 12 ойгача молиявий, бухгалтерия ва юридик бепул хизматлар кўрсатиш, давлат АТ-инфратузилмаси, дата-марказлар ва булутли сервислардан текин фойдаланиш имконияти берилади. Стартап таъсисчилари ва инвесторлари учун қатор солиқ имтиёзлари, шу жумладан, даромад ва фойда солиғидан озод этиш, венчур фондлар қарорларини «хавфсиз бандаргоҳ» тамойили асосида ҳимоя қилиш механизми жорий этилмоқда.

Мазкур чора-тадбирлар рақамли технологиялар индустриясини янги босқичга олиб чиқиш, стартаплар учун қулай муҳит ва ишончли ҳуқуқий асос яратиш, энг муҳими, ёшлар учун юқори қўшимча қиймат яратадиган 200 мингта замонавий иш ўрни шакллантиришга хизмат қилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид