Ўзбекистон | 22:38 / 25.07.2020
23370
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда фермерларга чириган картошка уруғини ўтказган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида фермерларга чириган картошка уруғи тарқатишда гумон қилинган «EGOIST AST» МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов хабар берган.

Kun.uz'да фермерларга такрорий экин учун «Агробанк»нинг йиллик 24 фоизлик кредити асосида, ҳар гектарига 3 тонна ҳисобида тарқатилаётган картошка уруғнинг 70 фоизи яроқсиз, экилса униб чиқмаётгани ҳақида маҳаллий фермерлар шикояти эълон қилинганди.

Таъкидланишича, ҳукумат қарори билан картошкага ихтисослаштирилган Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Шаҳрисабз туманларидаги фермерлар Қарши шаҳридаги «Эгоист АСТ» МЧЖ билан шартнома имзолашга мажбурланган.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати вазиятни ўрганиб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларидаги 656 нафар фермер хўжаликларига «EGOIST AST» МЧЖ томонидан 44,8 миллиард сўмлик 6400 тонна картошка уруғлигини етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланганини билдирди.

«Ўрганишлар давомида аниқландики, туман фермерларига МЖЧнинг Яккабоғдаги ва Шаҳрисабз шаҳридаги «EGOIST AST»нинг омборхоналаридан уруғлик тарқатилган. Фермерларга кўра, Шаҳрисабз филиалида тарқатилган уруғлик картошканинг баъзи қисмининг сифати талабга жавоб бермаган», - дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

Бундан ташқари, мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Ҳолмаҳаматованинг депутатлик сўровига ижобий ечим билан жавоб қайтарилган.

Айни пайтда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Иш юзасидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид