Жамият | 17:43 / 25.07.2020
10322
4 дақиқада ўқилади

«Ижтимоий тармоқлардаги салбий хабарлар таъсирида кўпчилик ўзини коронавирусга чалингандек тасаввур қилмоқда» – эксперт

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Одилова айни пайтда тиббиёт муассасаларига мурожаатлар кўпайганини ижтимоий тармоқларда тарқалаётган салбий хабарлар таъсирида кўпчилик ўзини коронавирусни юқтиргандек тасаввур қилаётгани билан изоҳлади.

«Бугунги кунда тез тиббий ёрдам тизими, стационар тиббиёт муассасалари, амбулатор поликлиника муассасалари, жойлардаги санитария-эпидемиология осойишталик марказларига мурожаат қилаётганларнинг жуда кўп қисми ўзларида COVID-19 аломатларини сезишаётганлигини айтишмоқда. Лекин уларнинг ҳаммасида ҳам бу аломатлар айнан коронавирусга тегишли экани исботланмаяпти.

Ваҳиманинг ўзи ҳам ярим касаллик деган нақлни эсдан чиқармаслигимиз керак. Бугунги кунда бизда, масалан, талаба бўлиб юрган вақтимизда ҳам қайси циклни ўтсак, мана шу циклдаги касалликларнинг белгилари худди ўзимизда ҳам пайдо бўлаётгандек туюларди. 

Ҳозир ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотлар, видеолавҳалар, нохуш хабарларнинг ҳаммаси, албатта, ҳар бир инсоннинг руҳий ҳолатига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Буларнинг таъсирида худдики нафасимиз буғилаётгандек тасаввур ҳосил бўлади. Ёки ўтган йиллар ҳам худди шундай шамоллаш белгилари бўлган бўлиши мумкин, лекин ўпкани МСКТ қилишга ёки тест топшириш учун СЕОМга югуриб бормаганмиз. Ё бўлмаса, аҳволим ёмон, дарҳол шифохонага ётишим керак, деб мурожаат қилмаганмиз.

Бугунги кунда айнан мана шундай нохуш ҳолатнинг бор эканлиги учун ҳам ваҳима кайфияти аҳолимиз орасида жуда ҳам кўпайиб кетган. Ваҳимага берилишга ҳеч қандай асос йўқ. Шифокорларимиз қўлларидан келган барча ҳаракатни амалга оширишмоқда. Республика махсус комиссияси эпидемиянинг кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли эҳтиёт чораларини кўрмоқда», дея Барно Одилованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мутахассис ваҳимага берилмаслик, хушкайфиятда бўлиш касал бўлмасликда муҳим эканини таъкидлади.

«Биз интернет орқали кузатаётган Испания, Италиядаги ҳолатлар республикамизда йўқ. Лекин мурожаат кўп. Тез тиббий ёрдам тизимига асоссиз мурожаатлар кўпайгани учун ҳам мана шундай нохуш ҳолатлар кўпаймоқда. Бундай ҳолатда нима дейишимиз керак?

Авваламбор, мана шундай ҳолатга тушган аҳолимиз ижтимоий тармоқларда тарқалаётган нохуш хабарлардан тийилишимиз талаб этилади. Чунки бу кайфиятнинг муттасил ёмон бўлиши одамнинг иммунитети сусайишига олиб келади.

Нима учун болаларда касаллик енгил кечади? Чунки улар ваҳима нима эканлигини билишмайди. Нима учун биз фақат 65 ёшдан ошган аҳолида мана шундай касаллик оғир ўтиши мумкин деб уларни асрашга ҳаракат қилаяпмиз. Бундан ташқари, ўрта ёшдагилар ёки ёшлар орасида, биз таҳлил қилиб чиқдик, кўпроқ эркаклар орасида касалланиш кўпроқ учраяпти. Бунга қайсидир маънода ваҳимага тушиш натижасида «ўзини ўзи яккалаш» қоидаларига амал қилинмаётгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Ҳозирги вақтда оилада руҳий муҳит бўлишини таъминлашимиз керак. Бизга энг кераклиси бу – тўлақонли уйқу, хушкайфият билан биргаликда соғлом турмуш тарзига риоя қилишимиз керак бўлади», дейди Барно Одилова.

Мавзуга оид