Жиззахда бир кунда коронавирус инфекциясини аниқлаш учун ўртача 1500 тест олинмоқда — вилоят ҳокими
Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев вилоят аҳолисига навбатдаги мурожаатида ҳудуддаги пандемик вазиятга доир айрим рақамларни санаб ўтди.
«Вилоятимизда пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблашиб, касалланиш даражаси кундан кунга ортиб бормоқда. Қарийб ҳар куни 10 нафаргача фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланмоқда.
7та даволаш-профилактик муассасада жами 836 нафар бемор тиббий назоратга олинган бўлиб, улардан 137 нафарида коронавирус инфекцияси тасдиқланган бўлса, бугунги кунда 83 нафари соғайди. Беморларнинг 8 нафари оғир ва 4 нафари ўта оғир ҳолатда. Тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, вилоятда 4та ўлим ҳолати қайд этилган.
Вилоятда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ фуқароларнинг мурожаатларига РШТТЁИАМ вилоят филиалида колл-марказ фаолияти йўлга қўйилди:
(72) 226-32-03, (72) 226-25-98.
Тез тиббий ёрдам тизимида 112та автомашинадан фойдаланилаётган бўлса, улардан 63тасида GPS навигатор ўрнатилган. 3та реамобиль автомашинасида ЭПИД бригада ташкил қилиниб, аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисмидан 12 дона тез тиббий ёрдам учун мўлжалланган «Damas» автомашинаси харид қилинди.
Вилоятда СЭОМ, вилоят ОИТС маркази лабораторияларида ва Жиззах шаҳрида жойлашган «Доктор-А» хусусий клиникасида коронавирус инфекциясига текшириш (ПЗР тест синовлари) ўтказилмоқда. Бугунги кунга қадар фуқаролардан 54 810та тест синовлари олинган. Бир кунда ўртача 1400-1500 кишидан тест олинмоқда.
Covid-19’га чалинган беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанади. Мазкур марказда беморларни даволаш учун 155та ўрин-жой (койка) тайёрланиб, 42 нафар тиббиёт ходими жалб қилинган.
Беморларга вилоят эндокринология, тери-таносил, кардиология, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Жиззах санаторийси ҳамда ҳар бир туман тиббиёт бирлашмаларида вақтинчалик ташкил этилган провизор госпиталларида тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Яъни Covid-19’га чалинган беморларни даволаш учун вилоятда 7та тиббиёт муассасасида 741та ўрин-жой (койка) ташкил этилиб, тўлиқ кроват ва керакли жиҳозлар билан таъминланган.
Ҳозирги вақтда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари қошида жами 200тадан қўшимча ўрин-жой (койка) ташкил этилмоқда. Тиббиёт муассасаларида шифокор ва ҳамширалар етарли.
Вилоятда фаолият олиб бораётган тиббиёт муассасаларини зарур дори-дармон билан таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 6 ойи давомида жами 43 млрд 485 млн сўм маблағ ажратилган. Дори-дармон билан таъминлаш даражаси ўртача 83 фоизни ташкил этади.
Вилоятда 12 млрд 503 млн сўмлик 187 турдаги дори-дармон ва тиббий буюмлар захираси мавжуд», – дейилади Эргаш Солиевнинг 25 июлдаги мурожаатида.
Мавзуга оид
09:00
1,1 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган шахс ушланди
09:25 / 06.11.2024
Жиззахда қарийб 800 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган фуқаро аниқланди
08:30 / 28.10.2024
Жиззахда иккита юк машинаси тўқнашди
22:09 / 14.10.2024