Нега ҳоким мажлисига телефонсиз кириш мажбурий? Билмасвой билан суҳбат
Ҳеч тушуниб бўлмаяпти. Ислоҳот деймиз, ошкоралик дедик, камчиликларни гапириш фойдамизга деяпмиз-у, бироқ бу гапларни ўзида татбиқ этиб, бошқаларга ўрнак бўлиши лозим ва лобуд бўлган баъзи раҳбарлар бунинг ғирт тескарисини қилишади. Нима, бу чақириқлар теппа-тескарисини қилиш учун янградими? Масалан...
Телефон
Стол устида турадиган, тешикчаларига бармоқ тиқиб айлантирадиган, фақат телефонлигини қилган телефон 20-асрда қолди. Ҳозир телефон бу фақат телефон эмас – бир дунё фойдали имкониятларни эгасига туҳфа этувчи, хусусан бир лаҳзада керакли маълумотни дунёнинг нариги чеккасидан бўлса-да топиб, олдингизга келтирадиган, йўлингизда учрайдиган ҳар қандай маълумотни асраб қўядиган, ҳамма жойда – бўлсин у хоҳ мажлис ёки сафар – керак бўладиган нодир қурилма. У инсоннинг имкониятларини кенгайтирди.
Масалан денг, сиз мактаб директорисиз ва сизни вилоят ҳокими мажлисга чақириб қолди. Белгиланган вақтда етиб бориш учун йўлга отландингиз ва албатта телефонингизни олволдингиз. Мажлисга киришда эса... телефонингизни топшириш талаб қилинди... Нега?
Мазкур «нега»га жавоб топишга уриниб кўрамиз.
Балки, мажлис пайтида телефон ўйнаб ўтиришингизнинг олдини олиш учундир. «Йўғ-э, ёш боламасман-ку, шу мақсадда телефонимни тортиб олишса!» Унда не сабаб?
«Тирик ўрнаклар»
Ҳа, сабаб ўша – кўнглингиздан ўтгани – телефон қурғурнинг замонавий тури овоз ва ҳатто тасвирни жонли қилиб ёзиб олиш қудратига эга. Ана шуниси «чатоқ» бу қурилманинг. «Нега энди буни «чатоқ» дедингиз» дейсизми? Гап шундаки...
Биринчи манзара. Дейлик, мажлисда ҳокимнинг оғзидан... ахлоқсиз сўз чиқди... Мажлис иштирокчиларидан бири буни телефонига ёзиб олди, ёзганини дўстига улашди, дўсти эса яна бирон дўстига...
«Вой, тўхтанг, қанақа қилиб вилоят ҳокими ахлоқсиз сўз айтиши мумкин? Вилоятнинг улуғи, доноси, яхши ўрнак бериб бошқаларни ўзига эргаштириши керак бўлган одам-а? Яна денг, мажлисда, вилоятнинг юзи – аҳли дониш олдида-я? Бўлмаган гап!» дейсиз ва мутлақо ҳақ бўласиз – ҳоким бунақа қилиши мумкин эмас! Мумкин эмас, тамом-вассалом!
Бу гапингизга жавобан сизга нима ҳам дердим, хабарларни кузатмайдиган «бахтли» билмасвой экансиз. Ҳойнаҳой, чет элда яшасангиз керак.
Сабабларни излашда давом этамиз.
Камчиликлар
Иккинчи манзара. Дейлик, мазкур вилоятда тумонат камчиликлар бор ва уларни мажлисларда муҳокама қилиш керак бўляпти. Шунинг учун мажлис давомида телефонингиз қўлингизда бўлмаслиги керак...
«Э, шошманг-шошманг, вилоят муаммолари билан мактаб директорининг телефони орасида нима алоқа бор? Нега энди мажлисда муаммолар гапирилса, мажлис иштирокчиларининг телефонлари олиб қўйилиши керак?!» дейсиз сиз ва яна ҳақли эътироз билдирган бўласиз. Бироқ, билмасвойлигингиз яна бир марта билинди.
Тушунтираман: гап яна ўша замонавий телефон қурғурнинг ҳалиги имкониятлари – овоз ва тасвир ёзиши. Камчиликлар гапирилган мажлисдан, дейлик, овоз ёзиб олинди. Замонанинг яна бир «номинг ўчкур» имконияти – интернет сабаб ҳаммаёққа тарқалади. Нима бўлади?
«Э-э-э, умуман тушунмаяпман, камчиликларни яширадиган замонми ҳозир, ривожланган мамлакатлар муаммоларни кенг ошкор қилиш, кейин эса уларга кўпчилик бўлиб ечим излаш асносида ривожланди-ку, буни ёш бола ҳам билади ҳозир, қайси ақли расо раҳбар ҳозир муаммоларни яширишга уринади, нималар деб ётибсиз?» дейсиз бу гапимга жавобан, ахири асабингиз бузилиб.
Мен эса сизни тушундим – сиз дунё ишларида мантиқ ҳукмрон, ақл устувор бўлган жойлардаги вазиятни менга айтяпсиз. Мен эса сизга... ўзимиздаги, баъзи мажлисларда юз бераётган манзарани чизиб беряпман.
Оёғи осмонда бўлган мантиқ
Ҳа, баъзи ҳокимлар муваффақият муаммони яширишда деб ўйлашяпти. Яширса, муаммо ўз-ўзидан «сўрилиб» кетадигандек. Куф-суф – муаммо йўқ. Аввалида оғир вазиятда бўлган, ҳозирда эса «ривожланган» номини олган мамлакатлар бунга оғир меҳнат орқали, ошкоралик, ҳар бир катта-ю майда муаммони очиқ эътироф этиб, ўртага ташлаб, омма ўлароқ бош қотириш асносида етишишганини баъзи ҳокимларимиз билишмайди. Ёки билишадими?
Балки гап билмасликда эмас, билиб туриб тескари қилишдадир? Балки бу ҳокимларнинг ташвиши муаммоларни камайтириш эмас, шунчаки уларни яшириб, «юқорига» ёқиш, мақтовини эшитиш, кўпроқ лавозим курсисида ўтириб қолишдир?
«Йўқ, ундай эмас», дейсизми? Унда не сабаб?
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
14:01 / 13.10.2024
“Кўп нарса ҳокимларнинг савиясига боғлиқ” — ватанга қайтган инвестор қандай тўсиқларга учради?
19:17 / 30.09.2024
Бунақада соҳада ким қолади? Янгибозор ҳокими мисолида деҳқонларга муносабат
08:52 / 28.09.2024
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси 30 сентябр куни чақирилади
16:56 / 25.09.2024