Самарқандда дастлабки ярим йилликда ўлим кўрсаткичи ўтган ярим йилдагига қараганда паст бўлгани маълум бўлди
Самарқандда дастлабки ярим йилликда ўлим кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайгани айтилди. Ўз навбатида туғилиш ва табиий ўсиш даражаси ҳам паст бўлган.
Самарқанд вилоятининг 2020 йил январь-июнь ойлари ҳолати бўйича ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари эълон қилинди. Вилоят статистика бошқармаси ахборот хизмати Kun.uz`га тақдим этган маълумотга кўра, айрим соҳаларда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш кўрсаткичлари қайд этилган бўлса, айримларида пасайиш бўлган.
Доимий аҳоли сони ўсган, ЯҲМ ҳажми пасайган
Ўтган олти ой мобайнида вилоят аҳолиси 2 фоизга ошган ва 1 июль ҳолатига кўра 3 миллион 910 минг 900 нафарни ташкил этмоқда. Ўтган йил якунида аҳоли сони 3 миллион 833 минг 200 нафар бўлган.
2020 йилнинг дастлабки 6 ойида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш кўрсаткичлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пасайган, яъни жорий йилда белгиланган режанинг 96,1 фоизи миқдорида ўсган. Ўтган йил биринчи олти ойликда бу кўрсаткич 106,4 фоизни ташкил этган.
Корхона ва ташкилотлар сони кўпайган
Жорий йил 1 июль ҳолатига кўра вилоятда 70 621та корхона ва ташкилотлар рўйхатдан ўтган. Улардан 47 638таси фаолият кўрсатмоқда. Шундан 28 953таси кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади.
2019 йилнинг шу даврида вилоятда 42 688та корхона ва ташкилот рўйхатдан ўтган ҳамда уларнинг 42 688таси фаолият кўрсатган. Улар орасида 23 802таси кичик тадбиркорлик субъектлари бўлган.
Транспорт хизматлари
Жорий йил олти ой мобайнида транспорт хизматлари ҳажмида юк айланмаси режага нисбатан 110,4 фоизни ташкил этган ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсган. 2019 йилда юк айланмаси кўрсаткичи режага нисбатан 107,21 фоизни ташкил этган.
Жорий йилда йўловчи ташиш айланмаси режага нисбатан 88,8 фоизни ташкил этган ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан пасайган. Ўтган йил йўловчи ташиш айланмаси режага нисбатан 103 фоизни ташкил этган.
Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги ўсиш суръати пасайган
2020 йилнинг дастлабки олти ойида Самарқандда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликларида режага нисбатан 97,4 фоиз натижа кўрсатилган. Ўтган йилнинг шу даврида бу соҳаларда кўрсаткичлар режага нисбатан 102,7 фоиз бўлган.
Қурилиш
Жорий йил дастлабки ярим йилликда қурилиш ишлари ҳажми ўсиш сурати 101,4 фоиз бўлган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 124,9 фоиз бўлган.
Туризм ривожланган Самарқандда хизматлар соҳасида карантин таъсири сезилди. Бу соҳада дастлабки ярим йилликда 99,8 фоизлик натижа кўрсатилган. Ўтган йилнинг шу даврида режа 110,1 фоиз кўрсаткич билан бажарилганди.
Чакана ва ташқи савдо
Чакана савдо товар айланмаси жорий йилнинг биринчи ярмида 100,6 фоиз бўлган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камроқ (108,3 фоиз). Ташқи савдо айланмаси кўрсаткичлари ҳам пасайган. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида экспорт режаси 83,5 фоиз бажарилган. Ўтган йилнинг шу даврида эса режа 143,8 фоизга бажарилганди. Импорт кўрсаткичлари 83 фоиз бўлган. Бу ўтган йилнинг шу даврига қараганда сезиларли кам (123 фоиз).
Ўлим кўрсаткичи пасайган
2020 йилнинг биринчи ярмида Самарқандда туғилиш 44 444 нафар бўлган. Таққослаш учун 2019 йилнинг биринчи ярмида Самарқандда 44 631 одам туғилган.
Вафот этганлар сони дастлабки ярим йилликда 7 740 нафарни ташкил этган. Ўтган йил биринчи ярмида эса Самарқандда ўлимлар сони 7 848тани ташкил этган. Яъни, жорий йил ўлим кўрсаткичи ҳозирча паст бўлиб турибди.
Самарқандда аҳолининг табиий ўсиш кўрсаткичи 36 704 нафарни ташкил этган. Бу 2019 йилнинг бирини ярмига нисбатан камроқ дегани (36 783 нафар).
Жорий йилнинг 6 ойида вилоятда 7 149та никоҳ қайд этилган. Таққослаш учун ўтган йилнинг шу даврида 11 583та никоҳ қайд этилган. Ажралишлар сони ҳам жорий йилнинг дастлабки ярим йилида камроқ бўдди – 1 302та. Ўтган йилнинг шу даврида 1 709та самарқандлик оила расман ажрашишга улгурган эди.
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024