Иқтисодиёт | 22:51 / 27.07.2020
6136
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми камайди

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайган.

«Азия-Плюс» нашри Тожикистон президенти ҳузуридаги статистика агентлиги маълумотларига таяниб хабар беришича, 2020 йилнинг дастлабки 6 ойида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо кўрсаткичлари 148 миллион доллардан ошиқроқ бўлган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,3 фоизга кам дегани.

2020 йилнинг биринчи ярмида Тожикистоннинг жами ташқи савдо айланмаси миқдори 2 миллиард 158 миллион долларни ташкил этган. Бундан 654 миллион доллари экспорт ҳиссасига, 1,5 миллиард доллари импорт ҳиссасига тўғри келган.

Тожикистон экспорт кўрсаткичининг асосий қисмини қимматбаҳо металлар, тошлар, минерал маҳсулотлар (цемент, рудалар, кўмир) ва электр энергияси ташкил этган.

Импортнинг асосий қисмини минераллар, тўқимачилик маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари, тайёр озиқ-овқат, металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, ўсимлик маҳсулотлари ташкил этган.

2020 йил Тожикистоннинг бошқа малакатлар билан ўзаро савдо айланмасида Россия (492 миллион доллар), Қозоғистон (461 миллион доллар), Швейцария (306 миллион доллар), Хитой (232 миллион доллар), Туркия (159 миллион доллар) ва Ўзбекистон (148 миллион доллар) етакчи бўлган.

2020 йилнинг биринчи ярмида Тожикистон дунёнинг 108та мамлакати, шу жумладан 10та МДҲ ва 98та хорижий давлатлар билан ташқи савдо алоқаларини амалга оширган.

Мавзуга оид