Ўзбекистон | 21:02 / 27.07.2020
4481
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти экспорт режасини муддатидан аввал бажаргани маълум қилинди

Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Абдусаломов пандемия туфайли юзага келган мураккаб шароитга қарамасдан республикада биринчилардан бўлиб белгиланган экспорт режаси муддатидан аввал бажарилганини маълум қилди.

Вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, вилоятда 2020 йилнинг январь-июль ҳолатига кўра, 298млн АҚШ доллари миқдоридаги экспорт шартномалари имзоланган. Шундан саноат соҳасида белгиланган 118 млн доллар миқдоридаги экспорт ҳажми амалда 219 млн қийматида бажарилган бўлса, қишлоқ хўжалигида бу кўрсаткич 81 млн АҚШ долларини ташкил этади.

Қайд этилишича, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 121,3 фоизга ортиқ ёки 53млн. АҚШ долларига кўп. 2019 йил мобайнида вилоятда экспортчи корхоналари томонидан 223 турдаги 507 хил маҳсулот экспортга йўналтирилган бўлса, 2020 йилда 335 турдаги 742 хил маҳсулот, жумладан, тиббий ва техник мақсадларда ишлатиладиган этил спирти, замонавий дизайнга эга декоратив мебеллар, янги турдаги қандолат маҳсулотлари, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, маиший рўзғор буюмлари хорижга экспорт қилинган.

«Текстиль маҳсулотлари ўтган 2019 йилда 83,7 млн. доллар қийматида экспорт қилинган бўлса, жорий йил январь-июнь ойларида бу кўрсаткич 94,9 млн долларни ташкил этмоқда. Хомашё маҳсулотлари экспорти ўтган йилда 51 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 41 фоизга тенг эканлигини кўриш мумкин.

Бунда хомашё маҳсулотлари ҳажми 41 фоиз, ярим тайёр маҳсулот ҳажми 12 фоиз, тайёр маҳсулот ҳажми эса 48,4 фоиз экспортга йўналтирилганлигини кўриш мумкин. Бундан ташқари, экспортга чиқарилган маҳсулот ҳажмининг 28 фоизини сабзавот маҳсулотлари, 4 фоизини целлюлоза маҳсулотлари ташкил қилади», дея Жамшид Абдусаломовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари 2019 йилда вилоятнинг экспорт географияси 51 та давлатдан иборат бўлгани, эндиликда бу кўрсаткич 58 та давлатни ташкил этаётганини қўшимча қилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати 2020 йилда 560 та корхоналарга пандемия шароитида иш фаолиятларини тўхтатмасликлари учун махсус рухсатномалар олиб берилгани, 13 та корхонага 12,2 млрд сўм қўшилган қиймат солиғи қайтариб берилгани, экспортёр корхоналарга 375 млрд. сўмлик олинган кредит тўловлари муддатларини узайтирилгани, 36 та лойиҳанинг қурилиш-монтаж ишлари режага мувофиқ якунлангани, хориждаги дипломатик корпуслари вакиллари билан биргаликда вилоятда қарийб 100 та корхоналарга хорижий ҳамкорлар топиб бериш масаласига амалий ёрдам берилди ва қиймати қарийб 105,7 млн. долларга тенг экспорт шартномалари имзоланганини маълум қилмоқда.

Мавзуга оид