Ўзбекистон | 20:33 / 27.07.2020
25520
6 дақиқада ўқилади

Тошқиндан уч ой ўтиб: Сардобанинг қайта тикланаётган маҳаллаларидан репортаж

25 июль куни Сирдарё вилоятига пресс-тур ташкил этилиб, «Сардоба» сув омбори ўпирилишидан талафот кўрган қатор ҳудудларда қилинган ва давом этаётган ишлар юзасидан журналистларга маълумот берилди.

Биринчи манзилимиз Сардоба туманининг аввалги «Қўрғонтепа», ҳозирги «Муҳаммад Aл-Хоразмий» МФЙ бўлди.

Маҳаллада 4115та аҳоли истиқомат қилади, сув тошқини натижасида 165та хонадон тўлиқ зарар кўрган. Ҳозирда бу ҳудудда Навоий ва Хоразм вилоятлари томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш керакки, маҳалла олдингидан умуман бошқача кўриниш олган. Хонадонлар замонавий шаклда реконструкция қилинган ва керакли жиҳозлар билан таъминланган. Уйлар алоҳида қилиб ажратилган ҳолда, панжаралар билан ўралган.

Аҳоли уйларига газ ва канализация ҳам ўрнатилмоқда. Фуқароларнинг айтишича, уйлар олдинги ҳолатидан умуман бошқача. Олдин уйларга газ ва сув келмаган.

Биз суҳбатлашган аҳоли вакиллари талафот кўрган оилалар учун ажратилган 40 миллион сўмдан пул ва сертификатда кўрсатилган маиший техникаларни олишганини айтишди.

Кейинги манзилимиз – Сардоба туманининг Дўстлик маҳалласи. Бу ерда туманнинг Қўрғонтепа, Юртдош ва Дўстлик маҳаллаларида уйлари яроқсиз ҳолга келган хонадон эгалари учун кўп қаватли уйлар қурилмоқда.

Пудратчи «Gold step invest» МЧЖ томонидан 37та, жами 1480та хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бошланган.

Берилган маълумотларга кўра, уйларнинг қурилиш нархи шартнома бўйича 479,5 млрд сўмни ташкил этиб, аванс тариқасида 222,5 млрд сўм молиялаштирилган. Пудратчи ташкилот томонидан 106та қурилиш техникаси ва 740 нафардан ортиқ қурувчи ҳодим жалб этилиб, 73та яроқсиз кўп қаватли уйдан 63таси бузилган.

Шунингдек, кўп квартирали уй-жойларни таъмирлаш, уларнинг туташ ҳудудини тиклаш ва ободонлаштириш учун жами 35,6 млрд сўм маблағ сарфланади. Хусусан, уйларни таъмирлаш учун 29,7 млрд сўм ва ободонлаштириш ишларига 5,9 млрд сўм сарфланиши белгиланган.

Пресс-тур Оқолтин туманининг «Саховат» МФЙда давом этди. Бу маҳалладаги қурилиш-таъмирлаш ишлари Тошкент шаҳрига топширилган. Маҳаллада жами 160дан зиёд хонадон бўлиб, ҳозирда таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари 90 фоизга бажарилган.

Режага асосан маҳаллада боғча, мактаб, маҳалла гузари, савдо дўкони ва боғ ҳам қурилмоқда. Шунингдек, аҳолини иш билан таъминлайдиган тикувчилик фабрикаси ҳам қуриш, бу орқали юздан ортиқ кишини иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Маҳалла аҳли таъмирлашдан мамнунлигини айтмоқда. Сабаби қишлоқ аҳолисининг уйига газ, канализация уланган, маиший техникалар билан таъминланган. Энди кўчалар эски чанг кўчалар эмас. Қишлоқ аҳли учун бу ўзгаришлар, албатта, қувонарли.

16 мингдан ортиқ сирдарёлик ҳозирча уйига қайта олганича йўқ

Ҳозирда тошқин сабаб эвакуация қилинган 89 450 кишидан 81 фоизи – 72 710 нафари ўз яшаш манзилларига қайтиб келган, улар ўз хонадонларида истиқомат қилишмоқда. Қолган 16 740 нафар аҳоли кўчирилган ҳудудларда яшаяпти: 2 040 нафари 15та муассасада, 14 700 нафари аҳоли хонадонларида.

Дастлабки маълумотлар қайта ўрганилиши натижасида маълум бўлишича, бугунги кун ҳолатига кўра талафот кўрган 4 710 та хонадон ҳисобга олинган. Шундан 2 211 таси яроқсиз, 2 499 таси таъмирталаб ҳолатда экани аниқланган.

Қурилиш вазирлиги ахборотига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар томонидан таъмирлаш ишларига 674 та пудратчи, 411 та техника ва 10 839 нафар ишчи жалб қилинган. Таъмирлаш ишлари учун ҳудудларнинг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияларига давлат томонидан жами 128 млрд сўм ажратилган.

44 та кўп қаватли уйларнинг туташ ҳудудларини ободонлаштириш мақсадида 15 та болалар майдончаси, 19 та тандирхона, 14 та хожатхона, 3 330 метр ирригация тизими (лотоклар) ўрнатиш, 9 015 м.кв. уй олди қисмидаги йўлакларни таъмирлаш, 88 та тунги ёритиш тизимини ўрнатиш ҳамда 14 та автотураргоҳ қуриш ишлари амалга оширилмоқда.

1 августгача икки қаватли уй-жойларни таъмирлаш, 25 августга қадар эса туташ ҳудудларини ободонлаштириш ишларини якунлаш режалаштирилган.

Муаммолар ҳам йўқ эмас

Сув омбори деворининг ўпирилишидан талафот кўрган аҳоли яшаш жойларида ишлар давом этаётганининг гувоҳи бўлдик. Aлбатта, ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўрган сирдарёликларга ҳар томонлама ёрдам берилмоқда. Буни уларнинг ўзлари ҳам таъкидлашди.

Аммо ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ва Kun.uz`га келиб тушаётган мурожаатлар фуқароларга компенсация ўрнида берилаётган 40 миллион сўм пул маблағларини олишда, шунингдек, талафот кўрган уйларни таъмирлашда муаммолар борлигини кўрсатмоқда.

Буни Оқолтин туманининг Саховат маҳалласида бўлганимизда туман ҳокими ўринбосари Aлишер Ҳайдаров ҳам таъкидлаб ўтди.

«Туманимиз марказидаги Навоий маҳалласидаги икки қаватли уйларда яшовчиларда эътирозлар бўлмоқда. Икки қаватли уйнинг биринчи қаватига сув кирган. Биринчи қаватига сув кирганлик даражаси бўйича ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилган. Биринчи қаватдаги уйларнинг пол қисмини таъмирлаш туман ҳокимлигининг захирадаги маблағлари ҳисобидан қилиб бериш кўзда тутилган. Aҳоли буни сабрсизлик билан кутмоқда. Усталар масаласи ҳал этилмагани учун ҳали ишлар бошланмаган», – дейди ҳоким ўринбосари.

Шунингдек, Сардоба туманининг «Юртдош» МФЙда истиқомат қилган Гулбаҳор Жўраева бизга мурожаат қилиб, 40 миллион сўм пул маблағларини ҳали ололмагани сабабли ёрдам сўраган эди. Шунингдек, маҳаллада пулни олмаган бошқа фуқаролар ҳам борлигини айтганди. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокими ўринбосари билан боғландик, у пулини ололмаган фуқаро билан телефон орқали гаплашиб, муаммо тез орада ҳал қилинишини айтди.

Ўйлаймизки, тез орада талафот бўйича муаммоси ҳал қилинмаган сирдарёликлар мурожаатлари кўриб чиқилади ва ижобий ечим топади.

Раҳматилло Исроилов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид