Жаҳон | 08:39 / 28.07.2020
31097
3 дақиқада ўқилади

АҚШда коронавирусга қарши вакцина синовининг учинчи босқичи бошланди 

АҚШда коронавирусга қарши вакцина клиник синовларининг якуний - 3-босқичи бошланди. Бу босқичда бутун мамлакат бўйлаб 30 мингга яқин одам иштирок этади. 

Синовларнинг 3-босқичини бошлашга АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлигининг озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари сифати бўйича бошқармаси рухсат берган. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Майкл Пенс 27 июлда Майами университети тиббиёт маркази томонидан ташкил этилган анжуманда маълум қилди. 

“Бутун АҚШ бўйлаб 89 та марказда клиник синовларнинг 3-босқичи бошланмоқда. Уларда 30 мингга яқин одам иштирок этади”, деб маълум қилган Пенс. У вакцинани ишлаб чиқаётган Moderna фармацевтик компанияси синовларнинг 1-босқичини март ойидаёқ бошлаганини эслатиб ўтган. 

“Бу биз коронавируснинг генетик кодини олганимиздан бир неча ҳафтагина ўтгач юз берганди. Шундан кейин биз, президент Дональд Трамп айтгандек, вакцинани иложи борича тезроқ олиш учун ишни “товушдан юқорироқ тезликда” давом эттирдик”, деб таъкидлаб ўтган АҚШ вице-президенти.

Унинг эслатиб ўтишича, конгресс вакцинани ишлаб чиқиш дастурига 10 млрд доллар ажратган.

“Вакцина келаси йилдан қўллашга тайёр бўлиши учун ундан кузгача юз миллионлаб доза ишлаб чиқишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйгандик. Ҳозирда эса америкаликларни эмлаш учун миллиардга яқин шприц сотиб олмоқдамиз”, деб қўшимча қилган Пенс. 

Ўтган ҳафта АҚШ президенти Дональд Трамп журналистлар билан брифингда АҚШнинг Pfizer компанияси коронавирусга қарши ишлаб чиқаётган вакцина клиник синовлардан биринчи бўлиб ўтиши мумкинлигини, шундан кейин ҳукумат ушбу вакцинадан 100 млн доза олишини маълум қилган. 

Шунингдек, АҚШ ҳукумати Оксфорд университети олимлари билан биргаликда вакцина ишлаб чиқаётган AstraZeneca британ-швед компаниясига 1,2 млрд доллар маблағ тақдим этган. Бундан ташқари, Оқ уй маъмурияти ушбу мақсадлар учун Moderna компаниясига 486 млн доллар ва Johnson & Johnson компаниясига 456 млн доллар йўналтирган. 

АҚШда коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқиш билан Merck ва Novavax компаниялари ҳам шуғулланмоқда. 

Мавзуга оид