Александр Лукашенко коронавирусга чалиниб тузалганини маълум қилди
Беларусь президенти Александр Лукашенко Covid-19 билан касаллангани ва уни «оёқда ўтказганини» маълум қилди. Лукашенко ҳамиша коронавирус мавжудлигига шубҳа билан қараган, барчани «трактор даволаши»ни айтиб ҳазиллашган ва «вирусни ароқ билан заҳарлаш»ни тавсия этганди.
«Мен овозим учун узр сўрайман. Сўнгги вақтларда жуда кўп гапиришга тўғри келди. Аммо, энг ажабланарлиси, сиз бугун коронавирусни оёқда юриб ўтказган одам билан учрашиб турибсиз», - дея унинг сўзларини келтирган БЕЛТА агентлиги.
«Шифокорлар кеча шундай хулоса берди. Симптомларсиз», - дея қўшимча қилган Лукашенко.
Беларуслар президенти пандемия хавфини бўрттирмасликка чақириқлари билан маълум. 9 май куни Минскда Ғалаба паради ўтказилганди - Москва парадни июнга кўчирганди. Лукашенко Россияга ҳам июндаги парадда қатнашиш учун келди.
Шунингдек, футбол бўйича Беларус чемпионати давом эттирилди, бу Европада коронавирус туфайли тўхтатилмаган ягона чемпионат бўлди.
Мамлакатда шу вақтгача умуммиллий карантин жорий этилмади. Минск давлат чегараларини ёпмади - лекин Россия, Польша, Литва, Латвия ва Украина бу давлат билан чегараларини ёпиб олди.
«Беларуснинг олтин фондига қўшилиш». Лукашенко коронавирус ҳақида нималар деди?
У коронавирусга чалингани ҳақида Ички ишлар вазирлиги ички қўшинлари қисмига ташрифи вақтида гапирди.
«Мен аввал ҳам айтганимдек, аҳолимизнинг 97 фоизи бу касалликни симптомсиз бошдан кечирди. Яхшиямки, мен симптомсизлар гуруҳидаман. Ниҳоят бу касалликни енгиб ўтиб, Беларуснинг олтин фондига қўшилдим», - дея ҳазиллашган беларуслар президенти.
28 июль кунги маълумотларга кўра, ушбу мамлакатда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 67 минг 366 ҳолат қайд этилган - бу Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумоти. Сўнгги бир кунда 115та янги ҳолат қайд этилган (бир кун олдин 119 ҳолат). Пандемия даврида 543 киши коронавирус қурбони бўлган.
2 июль куни Лукашенко коронавирус устидан муваққат ғалаба ҳақида гапирганди. «Коронавирус инфекцияси сабабли биринчи қаторда шифокорлар турди. Бизнинг соғлиқни сақлаш тизимимиз чидади. Бироқ биз кураш даражасини пасайтирмаймиз, шундай бўлса ҳам бугун айтиш мумкинки, биз ғалаба қозондик. Covid-19 устидан қозонилган ҳал қилувчи ғалабадан кейин бугун ўз иш ўрнида турган шифокорларимиз билан, албатта, алоҳида учрашамиз», деганди ўшанда у.
Унинг сўзларига кўра, эпидемияга қарши кураш мамлакат бюджетига қарийб 500 миллион беларусь рублига (200 миллион доллардан ортиқ) тушган.
Апрель ойи ўрталарида беларуслар президенти коронавирусга чалинганлар ўлимига Covid-19 сабаб бўлмаётгани ҳақида гапирганди. «Мамлакатимизда бирор киши коронавирусдан ўлгани йўқ. Бирорта ҳам! Улар хроник касалликлари кўплиги туфайли кўз юмишди. Бу - юрак қон-томир етишмовчилиги, ўткир нафас етишмовчилиги каби касалликлар. Шунингдек, қандли диабет. Яна шундай турли ташхислар ҳам борки, ўқишга қийналаман. Буларнинг устига коронавирус қўшилган», -деганди Лукашенко.
Март ойида эса Лукашенко шундай дерди: «Одамлар тракторда ишлашмоқда, ҳеч ким вирусларни ўйлаётгани йўқ. У ерда трактор ҳамма нарсани даволайди! Дала ишлари даволайди!»
«Қўлингизни тез-тез ювинг. Вақтида нонушта қилинг, тушликни ва кечки овқатни вақтида енг. Мен ичадиган одаммасман, аммо охирги вақтларда ҳазиллашиб айтдимки, ароқ билан нафақат қўлни ювиш керак, балки вирусни заҳарлаш учун ҳам 40-50 грамм ичиш керак. Аммо ишда эмас», дея ҳазиллашганди у 16 март куни ўтказилган йиғилишда.
Мавзуга оид
20:49 / 11.11.2024
Беларус расман БРИКС бўйича шерик давлат мақомини олди
22:17 / 07.11.2024
Лукашенко яна 31 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
14:30 / 05.11.2024
Лукашенко: РФ Беларус орқали Полша, Литва, Латвия ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмас
13:10 / 24.10.2024