Ўзбекистон | 11:57 / 28.07.2020
4693
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Туркия тўқимачилик компанияси билан қўшма корхоналар ташкил этилиши кутиляпти

Бу жаҳон бозорларида барқарор талабга эга бўлган таниқли брендлар остида юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Жорий йилнинг 27 июль куни Ўзбекистон делегациясининг Анқара шаҳрига ташрифи доирасида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Туркия компаниялари ва тижорат ташкилотлари раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, музокаралар чоғида жорий ҳамкорликнинг ҳолати ҳамда яқин келажакда уни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди, шунингдек, қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш доирасида мавжуд масалалар кўриб чиқилди.

Туркия "Халқ банки"нинг бош директори О.Арслон билан суҳбат чоғида банк Ўзбекистон бозорида фаолиятини ташкил этиши учун шарт-шароитлар кўриб чиқилди. Хусусан, "Халқ банки"нинг Ўзбекистон тижорат банклари акцияларининг давлат улушини хусусийлаштиришда иштирок этишининг истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистонда истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш учун Ўзбекистон банкларига кредит линияларини очиш масалалари муҳокама қилинди.

"Акса Энерджи" компаниясининг бош директори Ж.Казанжи билан бўлиб ўтган учрашувда Тошкент вилоятида умумий қиймати 60 млн долларни ташкил этадиган 240 МВт қувватли иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси ва уни амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, электр энергетика соҳасида ишлаб чиқаришга ҳамда меҳмонхона бизнесидаги лойиҳаларни амалга оширишга компанияни жалб қилиш орқали инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

"Женгиз Холдинг" компанияси директорлар кенгаши раиси М.Женгиз билан бўлиб ўтган очиқ мулоқот қурилиш, энергетика, фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳалари, авиация ва туризм тармоқлари, шунингдек, суғурта фаолияти соҳасида инвестиция ҳамкорлигининг истиқболларини ҳар томонлама кўриб чиқишга имкон берди.

"Дал Текник Макина" компаниясининг Кузатув Кенгаши раиси Д.Дал билан суҳбат чоғида туркиялик инвесторнинг Ўзбекистондаги юқори технологик лойиҳаларни амалга оширишдаги муваффақиятли тажрибаси таъкидланди.

Ҳозирги кунга қадар "Дал Текник Макина" компанияси Ангрен ЭИЗ ҳудудида қиймати 17 млн долларлик металлни қайта ишлаш лойиҳасини, шунингдек, Жиззах вилоятида 10 млн долларлик цемент ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширди.

Учрашув давомида ушбу корхоналарнинг жорий операцион фаолияти билан боғлиқ масалалар биргаликда ўрганилди ва уларни қисқа муддатларда ҳал қилиш чораларини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди.

"Агарта текстиль" тўқимачилик компанияси асосчиси Н.Йилдиз билан музокаралар давомида Ўзбекистонда қўшма корхоналар ташкил этиш орқали инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди, бу жаҳон бозорларида барқарор талабга эга бўлган таниқли брендлар остида юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини беради.

Туркиянинг 48 та вилоятидаги 120 та франчайзинг қаҳвахонасини ўз ичига олган "Каҳве дияри" компанияси асосчиси Э.Узеген билан учрашув ҳам самарали бўлди. Туркия томони Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини билдирди ва шу муносабат билан ўзбекистонлик шериклар билан алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Мавзуга оид