Жаҳон | 19:04 / 28.07.2020
7100
2 дақиқада ўқилади

Тихановская Лукашенко билан биргаликда халқ ва парламентга мурожаат қилмоқчи

Светлана Тихановская аввалроқ ўз кучларини президентликка номзодлари рўйхатга олинмаган Виктор Бабарико ва Валерий Цепкалоларнинг штаблари билан бирлаштирганди.

Фото: TUT.by

Беларусь президентлигига номзод Светлана Тихановская миллий мажлис, марказий сайлов комиссияси ва мамлакат телерадиокомпаниясига 3 августда парламентда амалдаги давлат раҳбари Александр Лукашенко билан бирга мурожаат қилиш учун ариза йўллади. Бу ҳақда Виктор Бабариконинг Telegram-каналида маълум қилинди.

Хабарда айтилишича, Лукашенко ҳам номзод мақомида бўлиб, республика сайлов кодексига кўра, барча номзодлар тенг ҳуқуққа эга ва зиммасидаги мажбуриятлар ҳам тенгдир.

Тихановская аввалроқ ўз кучларини президентликка номзодлари рўйхатга олинмаган Виктор Бабарико ва Валерий Цепкалоларнинг штаблари билан бирлаштирганди.

Мамлакат президентининг фармонига мувофиқ, 3 август куни Минскда вакиллар палатаси ва республика кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтади. Унда Беларусь президенти халқ ва миллий мажлисга мурожаат йўллайди.

Светлана Тихановская 21 июль куни мамлакат телевидениеси орқали сайловолди дастури билан чиқиш қилди. У нима учун сайловда иштирок этмоқчи эканлиги, мамлакат муаммолар гирдобида қолганлиги ва халқ ваъдалардан чарчаганлигини айтди.

Беларусда президентлик сайловлари 9 августда бўлиб ўтади. Марказий сайлов комиссияси беш киши - Андрей Дмитриев, Анна Канопацкая, Александр Лукашенко, Светлана Тихановская, Сергей Череченлар номзодини рўйхатга олган.

Мавзуга оид